Жаҳон | 19:55 / 04.12.2024
14419
5 дақиқада ўқилади

Корейсча хаос: президент «ўз оёғига болта урди»

Жанубий Корея президенти бўлиш дунёдаги энг тавакалли ишлардан бири. Йўқ, ҳазил эмас, ростдан шунақа. Сиз «Мўъжиза содир бўлмайди» деган буюк китобни ёзган, Сеулни обод қилган Ли Мён Бак бўлсангиз ҳам, ишдан кетгач қамалишингиз мумкин. Ёки Корея тарихидаги ягона аёл президент эканингиз ҳам сизни қамоқдан сақлаб қололмайди. Бежизга эмас. «Жумонг» филмидаги корейслар ўйлаб топилмаган, улар чиндан жуда қизиққон халқ бўлади ва хатоларни кечирмайди.

Кореянинг қайси президентига қарасангиз, ё ишдан ҳайдалган ёки ўзи истеъфо сўраган; ё қамалган ёки импичментга аралашган. Ҳеч бўлмаса ишдан кетганидан кейин маҳкамага тортилган. Мун Че Ин каби эсон-омон ишдан кетганлар эса бармоқ билан санарли. Катта эҳтимол, ҳозирги президент Юн Сок Ёлни ҳам шундай тақдир кутмоқда. Бу инсон, афтидан, қаттиқ асабийлашиш таъсирида жуда ғалати қарор қабул қилди.

Президент парламентга қарши

Жанубий Корея президентлик республикаси бўлса-да, парламентнинг давлат бошқарувида таъсири жуда катта. Қайсидир маънода бу борада Сеулдаги бошқарув АҚШдагига ўхшаб кетади. Президент партияси парламентда кўпчиликни ташкил қилмаса, давлат бир ерда депсиниб тураверади. Кореяда ҳозир шунақа ҳолат, парламентда президент партиясида кўпчилик йўқ. У парламент чиқарган қонунларни қабул қилмайди, ўз навбатида президентга мухолиф бўлган партия президент ташаббусларини қўлламайди.

Шу тариқа Кореяда президент ва парламент ўртасида тақсимланган ҳукуматда вазият ажрашиш остонасидаги эр-хотин ҳолатини эслатаётганди. Ниҳоят, томонлардан бири «ёрилди».

Президент Ёл Кореяда ҳарбий ҳолат эълон қилди. Ҳарбий комендатурага бир генерални раҳбар этиб тайинлади, барча сиёсий фаолиятни чеклади ва ОАВ учун цензура эълон қилди. Ҳатто Сеул кўчаларида танклар юра бошлади. Парламентда кўпчиликка эга бўлмаган президент учун бу иш ўз оёғига болта уриш ҳисобланади. Парламент депутатлари тунда бўлса ҳам парламент биносига амаллаб кириб, ҳарбий ҳолатни бекор қилди. Амалдаги президент қарори унинг партиясида ҳам қабул қилинмади. Шу тариқа ҳарбий ҳолат бекор бўлди.

Қизиғи, президент мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилинишининг сабабини Шимолий Кореядан келаётган хавф билан боғлади. Унинг сўзларидан келиб чиқадики, парламентда Шимолни қўллайдиган кучлар пайдо бўлган. Лекин бу гапига асос келтирмаган, бунга ишониш ҳам қийин.

Энди парламент президент ўзи истеъфога чиқмаса, унга қарши импичмент эълон қилиниши билан таҳдид қилмоқда. Тонгга бориб президент маъмурияти тўлиқ таркибда истеъфога чиқди. Президент парламент ва мухолифатга шунчалик жиддий айбловлар қўйдики, энди президентликка қайтиши имконсиз масала. У энг яхши ҳолатда импичмент ёки истеъфо билан қутулиб қолиши мумкин. Энг ёмон ҳолатда эса қамалади. Ахир уни давлатга хиёнатда айблашмоқда!

Нега бундай бўлди?

Корея президенти амалда бутун мамлакатга, корейс халқига қарши бориб ҳарбий ҳолат эълон қилиш орқали ҳаммага ўз ҳукмини ўтказишга уринди. Бунақаси Корея яриморолининг шимолида ўтиб кетавериши мумкин, лекин жанубда бунга йўл қўйишмайди. Жанубдаги корейслар аввалига Япония босқинини бартараф этишда, кейин Шимол билан қонли жангларда жуда кўп қурбон берди. Ўтган аср ўртасида ҳам ҳеч вақосиз, қашшоқ, ейишга нони бўлмаган давлат ҳеч қандай табиий бойликларсиз, ўзини йўқ қилишга тайёр тўлиқ милитаризация қилинган давлатга қўшни бўлган ҳолатда меҳнати билан дунёнинг технологик гигантига айланди. Илм-фаннинг кучини бутун дунёга кўрсатиб қўйган корейсларга бунақа ибтидоий феодаллик ўтмайди.

Парламентни ҳарбийлардан ҳимоя қилган депутатлар, ярим тунда ўз жонини хатарга қўйиб фавқулодда йиғилишга етиб борган парламент аъзолари корейслар ўз интеллектлари билан яратилган ажойиб давлатни одамларга қарши борадиган кучларга бериб қўймасликларини кўрсатишди. Ҳа азизлар, романтик сериаллар ишлашни яхши кўрадиган корейслар керак вақтда билакларининг кучини ҳам кўрсата олишади.

Ўткир Жалолхонов тайёрлади.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Фахриддин Ҳотамов.

Мавзуга оид