Жаҳон | 08:02 / 05.12.2024
3098
2 дақиқада ўқилади

Франция парламенти мамлакат ҳукуматига ишончсизлик билдирди

Франция Миллий мажлиси ижтимоий суғурта тизимини ислоҳ қилиш бўйича зиддият туфайли мухолифат томонидан киритилган Мишел Барне кабинетига ишончсизлик вотумини қўллаб-қувватлади.

Фото: REUTERS / Philippe Wojazer

Франция Миллий мажлиси Мишел Барне бошчилигидаги вазирлар маҳкамасига ишончсизлик билдирди. 4 декабр, чоршанба куни 574 депутатдан 331 нафари бу қарор учун овоз берди. Бу уч ойдан камроқ вақт давомида ҳокимиятда бўлган озчилик ҳукуматини истеъфога чиқишга мажбур қилади. Бу депутатлар 1962 йилдан бери биринчи марта ҳукуматни истеъфога чиқарган биринчи ҳолат. Ўшанда Миллий мажлис Жорж Помпиду кабинетига ишончсизлик учун овоз берганди.

Францияда ижтимоий суғурта тизими бюджети билан боғлиқ келишмовчиликлар

RFI медиакомпанияси тушунтирганидек, ижтимоий (ва тиббий) суғурта тизимининг бюджети тўғрисидаги қонун давлат бюджети тўғрисидаги қонун билан биргаликда мамлакат молия сиёсатининг асосини ташкил қилади. «Ҳукумат томонидан режалаштирилган жами 60 (!) миллиард евро миқдоридаги тежаш чора-тадбирлари туфайли иккала бюджет лойиҳаси ҳам шиддатли баҳслар марказида эди», дейилади нашрда.

«Миллий бирлашув» раҳбари Марин Ле Пен 2 декабр куни эрталаб Мишел Барне билан телефон орқали суҳбатда уни режаларидан воз кечишга чақирди, дея хабар беради Франция бош вазирининг идораси. Аввалроқ, Ле Пен партияси босими остида ҳукумат раҳбари аллақачон электр энергияси тарифларини оширишдан бош тортган, шунингдек, қочқинлар учун бепул тиббий хизматлар рўйхатини қисқартиришга рози бўлган эди, деб эслайди Reuters.

Шу билан бирга, Барне Ле Пеннинг январ ойидан бошлаб инфляция учун пенсияларни индексация қилишдан воз кечмаслик ҳақидаги чақириғини рад этди. Бунга жавобан ўта ўнг сиёсатчи: «Французларнинг сабр косаси тўлди!», деди. Унинг қўшимча қилишича, Барне бош вазир сифатида вазиятни яхшилашига умид қилган, бироқ аслида вазият янада ёмонлашган.

Мавзуга оид