Гуржистонда мухолифат етакчилари қўлга олинмоқда
Тбилисида «Ўзгариш учун коалиция» етакчиси Ника Гварамия, шунингдек, «Кучли Гуржистон» мухолифат коалицияси етакчиларидан бири Александр Элисашвили қўлга олиниб, калтакланган. Бир қатор мухолиф партияларнинг офислари тинтув қилинди.
4 декабр, чоршанба куни кечқурун Тбилисидаги митингда «Кучли Гуржистон» мухолифат коалицияси етакчиларидан бири Александр Элисашвили, шунингдек, «Ахали» мухолифат партияси аъзоси Зураб Датунашвили қўлга олинди. ОАВ хабарига кўра, мухолифатчилар норозилик митинги ўтаётган парламент биносидан унча узоқ бўлмаган меҳмонхонадан чиқишда қўлга олинган.
Бир неча соат олдин хавфсизлик кучлари мухолифатдаги «Ўзгариш учун коалиция» раҳбари Ника Гварамияни майда безорилик ва полиция талабларини бажармаганлик учун маъмурий иш бўйича қўлга олди. У вақтинчалик ҳибсхонада, калтакланган, деди сиёсатчининг адвокати Дито Садзаглишвили. «Унинг қорнига урилган ва зарбалардан бири туфайли ҳаво етишмаслиги сабабли у бир неча сония давомида ҳушидан кетган», — дея Тбилисидаги SOVA нашри адвокатнинг сўзларидан иқтибос келтирган. Унинг мижози устидан суд жараёни 48 соат ичида бўлиб ўтиши керак. «У ёки бу раҳбарнинг ушланиши гуржи халқининг Россия режимига қарши норозилигига ҳеч қандай таъсир кўрсатмаслиги керак», — дея адвокат Гварамиянинг сўзларини келтирган.
4 декабр куни тушдан кейин Тбилисида бир қатор мухолифат партиялари, жумладан, собиқ президент Михаил Саакашвилининг «Ягона миллий ҳаракат» (ЯМҲ) партияси офислари «зўравонликларни ташкиллаштириш» бўйича жиноий иш доирасида тинтув қилинди. ИИВ Марказий криминал полиция департамент бошлиғи Теймураз Купатадзе етти киши ушланганини билдирди.
Гуржистонда полиция парламент биноси яқинида намойишчиларни тарқатди
Гуржистонда мамлакатнинг Европа интеграцияси курсига қайтишини талаб қилган оммавий намойишлар кетма-кет олтинчи кун давом этди. DW'нинг Тбилисидаги мухбири хабар беришича, 3 декабр куни кечга яқин махсус кучлар парламент биноси яқинида намойишчиларни тарқатиб юборишга киришган. Овоз кучайтиргичлардан тарқалиб кетиш ва хавфсизлик кучлари ишига аралашмаслик чақириқлари эшитилди.
Полиция кўздан ёш оқизувчи газ ишлатди ва намойишчиларни қўлга олди, намойишчилар баррикадалар ўрнатиб, алангалар ёқди. Айрим намойишчилар пиротехника воситаларидан фойдаланган. «Медиазона» интернет нашрининг Mtavari Arkhi телеканалига таяниб ёзишича, Гуржистондаги норозилик намойишлари фонида пиротехника дўконлари ўз фаолиятини чеклай бошлади.
«Эхо Кавказа» интернет нашри хабарига кўра, ҳукуматга қарши намойишлар нафақат пойтахтда, балки Гуржистоннинг бошқа шаҳарларида ҳам бўлиб ўтди. «Медиазона» Батуми ва Кутаисидаги намойишлар ҳақида хабар берди.
Мавзуга оид
11:31 / 23.12.2024
Зурабишвили: Гуржистон президенти ва бош қўмондони бўлиб қоламан
19:23 / 22.12.2024
Гуржистон бош вазири Кобахидзе президент Зурабишвилига жиноий жавобгарликка тортиш билан таҳдид қилди
13:47 / 21.12.2024
Еврокенгаш бош котиби: Тбилиси ташқи таъсирга оид қонунни ўзгартиришга ваъда берди
20:54 / 20.12.2024