“Исроил БМТ билан ҳимояланиб, геноцид уюштирмоқда” — Франческа Албанезе
БМТнинг босиб олинган Фаластин ҳудудлари бўйича махсус маърузачиси Франческа Албанезе Ғазодаги урушни Исроил қўли билан қилинаётган геноцид дея эътироф этди. Исроил давлати БМТ билан ҳимояланган, лекин БМТ аъзоси бўлиш бошқа бир халқни йўқ қилиш, таҳқирлаш мумкинлигини англатмайди, дейди Албанезе. Канададан чиқиш қилган махсус маърузачи Оттаванинг халқаро мажбуриятларини ҳам эслатиб ўтди.
Махсус маърузачига кўра, Ғазода ҳозиргача ҳалок бўлган, яраланган ва майиб бўлган ёки вайроналар остида қолиб кетган фаластинликлар умумий сони 160 мингга яқинлашган. Ҳалок бўлганларнинг камида 700 нафари – энди туғилган чақалоқлар эди. Тирик қолганлар ҳам вайроналар, ахлат ва ўликлардан қолган қолдиқлар билан яшашга мажбур. Улар бирламчи шароитлардан маҳрум ва касалликлар қуршовида жон сақламоқда. Фаластинликлар аср давомида кўрмаган зўравонлигига гувоҳ бўлиб, қурбон бўляпти.
Уруш бошлангандан бери фаластинликларнинг қурбон бўлиши ўтган 20 йилги билан солиштирганда 10 бараварга кўпайган. Нафақат оддий инсонлар, балки олимлар, академиклар, инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари, шифокор ва ҳамширалар, ўқитувчи ва зиёлилар, болалар ҳам оммавий ҳибсга олиш кампаниясида ўзбошимчалик билан қамалган. Ҳозир уларнинг аҳволи мавҳумлигича қоляпти. Кўплаб одамлар уйини ташлаб, ватанини тарк этган. Бундайлар сони сўнгги 30 йилдагидан ҳам кўп.
“Мустамлакачиликнинг энг маккор кўринишлари билан маҳаллий аҳолини таҳқирлаш ва бўйсундириш сиёсати олиб борилган қитъада яшовчи бир инсон сифатида, дунёнинг бошқа ҳудудларида, масалан, Фаластинда одамлар бошдан кечираётган чуқур адолатсизликларни мен тан оламан. Канада халқи ўз ҳукуматидан Фаластинда содир бўлаётган ваҳшийликларга кўпроқ аниқлик, ҳалоллик билан муносабатда бўлишини истайди. Биз Ғазода Исроилнинг тинимсиз бомбардимон қилиши, снайпер ва артиллериялар эса ҳеч кимни аямаётганини томоша қилишга мажбурмиз”, – дейди Франческа Албанезе.
БМТ маърузачиси, шунингдек, ўз чиқишида Ғарбий соҳил ва Шарқий Қуддусда геноцидни тергов қилиш, ҳужжатлаштириш, чора кўришга чақирди.
“Геноцид – миллий, этник, ирқий, диний гуруҳни тўлиқ ё қисман йўқ қилиш мақсадида қилинади. Гуруҳларнинг йўқ қилиниши жисмоний ёки биологик маънода талқин қилинса-да, мақсад нима эканини суд аниқлаштиради. Яъни геноцид бу битта ҳаракат эмас, балки кўплаб ҳаракатлар ва иштирокчиларни ўз ичига олувчи жараён эканини унутмаслигимиз керак.
Шундан келиб чиқиб, менинг сўнгги ҳисоботим Исроилнинг Фаластин ҳудуди бўйлаб халқни йўқ қилиш ниятини уч ёндашув билан исботлайди. Ҳисобот Фаластин халқига нисбатан Исроилнинг ноқонуний босиб олган ҳудудларида қилган жиноятлари тўпламини кўриб чиқади”, – деди у.
Франческа – Исроилнинг бу уруши геноцид эканини айтаётган БМТнинг биринчи вакили эмас. Ўтган йилнинг ноябр ойига қадар ташкилотнинг 30 дан ортиқ мустақил экспертлари камида 3 марта уруш геноцидга айланганидан огоҳлантирган. Халқаро трибунал ҳам Геноцид конвенциясидан келиб чиқиб, Фаластин давлати ва аҳолиси ҳуқуқларига тузатиб бўлмайдиган зарар етказилиши хавфини аниқлаган.
БМТнинг махсус маърузачиси Франческа Канададан туриб гапирар экан, бу давлатнинг Исроил томонида бўлиб, урушни молиялаштиришда фаол эканига шаъма қилди. Албанезега кўра, Канада халқаро ҳуқуқ тамойилларидан келиб чиқиб, Фаластин халқига нисбатан аниқ мажбуриятларга эга. Хусусан, биринчи навбатда қурол экспорти лицензияси бекор қилиниши керак, тўғридан тўғри пул ўтказмаларида ҳам учинчи давлатлар учун шаффофлик мажбурийдир. Шунингдек, Канаданинг Исроил билан эркин савдо шартномаси ҳам зудлик билан қайта кўрилиши керак. Фаластинлик қочоқ ва мажбурий кўчирилганлар қабул қилиниши ҳамда уларга тегишли ёрдам, ҳимоя кўрсатилиши лозим. Фаластин ва мусулмон гуманитар ташкилотларига фавқулодда чораларни ортиқча текширувларсиз кўришига рухсат берилиши керак, чунки дини туфайли алоҳида текширув бу камситувчи ҳаракатдир, дейди БМТ вакили.
Унинг сўзларига кўра, Канада ҳукумати вакиллари Албанезе билан учрашишдан бош тортган. Даставвал ташкилот махсус маърузачиси Канада Ташқи ишлар вазирлиги вакиллари билан кўришиши керак бўлган, бироқ номаълум сабабларга кўра учрашув бекор қилинган.
“Ташқи ишлар вазири ва ташқи ишлар бўйича қўмита билан учрашишим керак эди. Фикримча, бу давлатнинг номдор сиёсатчилари босими ортидан бизнинг мулоқотимиз бекор қилинди. Хўш, улар нимадан қўрқади? Мен фактлардан келиб чиқиб, халқаро ҳуқуқ ҳақида гапиряпман. Монреалда, қатор университетларда чиқиш қилдим, ҳар бир оммавий учрашувларда Ғазодаги фожиани қайғу билан қабул қилишди. Айнан шунинг учун ҳам Канада расмийлари менинг тадбирларимда бўлишни истамади, чунки бу уларнинг юзига ойна тутади”.
Франческа Албанезенинг матбуот чиқишига йиғилган журналистлар Канада ташқи ишлар вазири Мелание Жолининг ўзи шахсан бу учрашувни бекор қилган-қилмаганига қизиқди. Махсус маърузачи бунинг сабабларига қизиқаётганини қўшимча қилди.
“Исроилпараст гуруҳлар ва сионистик режим тарафдорларининг талаби билан шундай бўлди деб ўйлайман. Бу Канаданинг мустақил танлови, БМТ вакили билан учрашмасликни улар танлади, мен эмас”, деди махсус маърузачи фикрини якунларкан.
Шоҳрух Мажидов тайёрлади.
Мавзуга оид
00:02 / 22.12.2024
Владимир Путин: «Суриядаги воқеалар бенефициари — Исроил»
16:40 / 20.12.2024
Ғазода ҳарбий базалар қурилмоқда. Исроил мустаҳкам ўрнашиб олмоқчи
18:08 / 19.12.2024
Исроил илк бор Яман пойтахтига зарба берди
14:47 / 18.12.2024