Жаҳон | 23:28 / 05.12.2024
11986
2 дақиқада ўқилади

Россия молия вазири рубл курсининг қулаши сабабини айтди

Ноябр охирларида Россияда доллар курси 109,6 рублга, Forex’да эса 114 рублга чиқиб кетди. Молия вазири Силуановга кўра, бу АҚШ Газпромбанкка қарши санкция қўллагани туфайли содир бўлган. Унинг айтишича, курс яқин ҳафталарда барқарорлашади.

Фото: РБК

Рублнинг заифлашуви Газпромбанкка нисбатан санкциялар жорий этилгани билан боғлиқ, бир-икки ҳафта ва «барчаси яхши бўлади». Бу ҳақда Россия молия вазири Антон Силуанов журналистларга маълум қилди.

Молия вазирлиги раҳбарининг сўзларига кўра, Газпромбанкка қарши санкциялари туфайли ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига контрагентлар билан ҳисоб-китоб қилиш учун янги имкониятлар топишга вақт керак ва улар бундай имкониятларни топади. «Ўйлайманки, бу [рубл курси билан боғлиқ вазият] бир-икки ҳафта, яна бир ҳафтагина — ва барчаси яхши бўлади», — дейди вазир.

Силуановнинг таъкидлашича, айни вақтда экспортчиларнинг валюта тушумларини сотиш нормативларини оширишдан маъно йўқ. «Ҳозир бизда валюта тушумларини сотиш ҳажми 36 фоиз… Аммо, Росфинмониторинг бизга айтганидек, аслида савдо ҳажми 52 фоизни ташкил этди, яъни оширишдан ҳеч қандай маъно йўқ», — дейди у.

5 декабр куни Россия банки 1 доллар учун расмий курсни 104,24 рубл этиб белгилади, ноябр охирида у 109,6 рублга чиқиб кетганди. Forex халқаро валюта бозорида доллар курси 27 ноябрда 114 рублдан ҳам ошган. Бу АҚШ томонидан ноябр ойида Россиянинг ўнлаб молиявий ташкилотлари, жумладан, Россия гази бўйича ҳисоб-китоблар амалга ошириладиган Газпромбанкка қарши санкциялар жорий этгани фонида юз берган.

Россия Марказий банки 2024 йил охирига қадар ички валюта бозорида чет эл валютаси харидини тўхтатганидан кейин доллар курси 100 рубл томон туша бошлади. РФ президенти Владимир Путин рубл курсининг тебраниши кўплаб омилларга боғлиқ экани, ваҳима қилишга ҳожат йўқлиги ва вазият назорат остида эканини маълум қилди.

Мавзуга оид