Ўзбекистон | 20:40 / 06.12.2024
2024
2 дақиқада ўқилади

Ғайрат Фозилов Нидерландия қиролига ишонч ёрлиқларини топширди

Ўзбекистоннинг янги тайинланган элчиси Ғайрат Фозилов Нидерландия қироли Виллем-Александрга ишонч ёрлиқларини топширди. Ўз навбатида Нидерландия қироли Шавкат Мирзиёевга самимий саломини етказди.

Фото: dunyo.info

Ўзбекистоннинг янги тайинланган элчиси (қароргоҳи Брюсселда жойлашган) Ғайрат Фозилов 4 декабр куни Нидерландия қироли Виллем-Александрга ишонч ёрлиқларини топширди.

Қайд этилишича, маросимдан сўнг бўлиб ўтган суҳбатда Ўзбекистон ва Нидерландия ўртасидаги икки томонлама муносабатларнинг ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинган.

Қирол Виллем-Александр Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга самимий саломи ва тилакларини етказган. Қирол, шунингдек, Нидерландия ва Ўзбекистон ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликнинг динамик хусусиятини мамнуният билан қайд этиб, турли даражадаги мунтазам сиёсий алоқалар, савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорлик фаоллашганига алоҳида эътибор қаратган.

«Нидерландиянинг мазкур тармоқлардаги бой тажрибасини ҳисобга олган ҳолда, савдо-иқтисодий ҳамкорлик, айниқса, қишлоқ хўжалиги, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, илғор технологиялар ва инновациялар соҳасида ўзаро манфаатли алоқаларни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди», — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон элчиси Ғайрат Фозилов 2023 йил 5 декабр куни Белгия ва Европа Иттифоқи пойтахтига ташриф буюрган эди. У 2015-2017 ва 2021–2023 йилларда Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг ўринбосари лавозимида ишлаган. 2024 йил 7 феврал куни Фозилов Белгия қироли Филиппга, 14 ноябр куни эса Европа кенгаши президенти Шарл Мишелга ишонч ёрлиқларини топширган эди.

Мавзуга оид