Сурия демократик кучлари Дайр-аз-Зур ва Абу Камол шаҳарларига кирди
Башар Асад армияси чиқиб кетгач, Сурия демократик кучлари коалицияси ушбу шаҳарларни эгаллагани таъкидланмоқда.
Сурия Демократик кучлари (SDF) колонналари мамлакат шарқидаги, аввал Асад режими назорати остида бўлган Дайр-аз-Зур ва Абу Камол шаҳарларига кирди. Натижада, «Ҳизбуллоҳ» ва бошқа эронпараст гуруҳлар учун таъминот йўлаги тўсиб қўйилди. Аввалроқ, Сурия режими кучлари Дамашқни исёнчилардан ҳимоя қилишга эътиборни қаратиш учун ҳудудни тарк этгани ҳақида хабар берилган эди.
Дайр-аз-Зур ва Абу Камол шаҳарлари 2017 йил ноябр ойида Сурия режими кучларининг Россия авиацияси ва «Вагнер» ХҲК кўмагида ўтказган йирик ҳарбий амалиёти натижасида Башар Асад назорати остига ўтган эди. Узоқ вақт давомида ИШИД жангарилари назорати ёки қамалида бўлган бу шаҳарлар Эрон, Ироқ, Сурия ва Ливанни боғлайдиган қуруқликдаги стратегик йўлак бўлгани учун Суриянинг шарқий вилоятлари учун курашнинг асосий нуқталарига айланди.
Сурия демократик кучлари (SDF) — АҚШ бошчилигидаги халқаро коалиция кўмагида ИШИД жангариларига қарши курашиш учун курд милиция бўлинмалари асосида тузилган коалиция бўлиб, унинг таркибига араб, оссурия, туркман ва бошқа тузилмалар ҳам киради. SDF асосини курдларнинг Халқ мудофааси бўлинмалари (YPG) ва Аёллар мудофаа бўлинмалари (YPJ) ташкил этади – уларнинг коалициядаги иштироки бошқа этник ва диний гуруҳлар вакилларини жалб қилишга имкон берди, бу эса ҳаракатга янада кенгроқ тус берди. SDF Сурияни ИШИД жангариларидан озод қилишда, жумладан Раққа жанги ва шарқий Дайр-аз-Зур вилояти каби йирик жангларда асосий кучга айланди. SDF эронпараст жангарилар ва Туркиянинг Сурия шимолидаги операцияларига ҳам қарши туради ва бу уни Сурия можаросининг марказий кучларидан бирига айлантиради.
Охирги кунларда Америка авиацияси томонидан қўллаб-қувватланган SDF сафидаги араб жангарилари Фурот дарёсининг чап қирғоғидаги эронпараст тузилмалар назоратидаги бир қанча аҳоли пунктларига ҳужум қилгани маълум бўлди.
Мавзуга оид
19:19
Башар Асаднинг собиқ матбуот котиби унинг Путин билан боғланишга уринишлари ҳақида гапирди
18:45 / 10.01.2025
Суриядаги кутилмаган инқилобдан буён бир ой ўтди. Нималар ўзгарди?
18:42 / 09.01.2025
Башар Асаднинг рафиқаси Британия разведкасига ишлаганликда гумонланмоқда
17:05 / 09.01.2025