Ўзбекистон | 13:08 / 07.12.2024
10100
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Туркманистонда бром ишлаб чиқаришни бошлаши мумкин

"Шовот-Дашогуз" чегараолди савдо зонасини яқин муддатда ишга тушириш ҳам режалаштирилмоқда.

Туркманобод шаҳрида Ўзбекистон – Туркманистон иккинчи ҳудудлараро форуми ва Made in Uzbekistan миллий маҳсулотлар кўргазмаси ўтказилди.

Тадбирда сўзга чиққанлар ҳар икки давлатда миллий маҳсулотлар кўргазмасини ўзаро ўтказиш мамлакатларимиз ўртасидаги савдо ҳажмларини оширишга катта ҳисса қўшишини таъкидлади.

Made in Uzbekistan кўргазмасида мамлакатнинг автосаноат, кимё, фармацевтика, нефт-газ, тўқимачилик, ипакчилик ва чарм-пойабзал саноати, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари, қурилиш ва туризм соҳалари маҳсулотлари намойиш этилди.

Туркманистон расмий ва бизнес вакиллари стендларда намойиш этилган замонавий ва юқори қийматли миллий маҳсулотларга катта қизиқиш билдирган ҳолда Ўзбекистон ишлаб чиқарувчиларининг илғор тажрибаси ва ютуқларига юқори баҳо беришди.

Туркманобод шаҳар ҳокимлигида икки давлат делегациялари иштирокида савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

Унда тўқимачилик соҳасида саноат кооперациясини йўлга қўйиш, кимё саноати йўналишида "Мариазот" заводини реконструкция қилиш, Туркманистонда бром ишлаб чиқариш соҳасида қўшма лойиҳани амалга ошириш, "Шовот-Дашогуз" чегараолди савдо зонасини яқин муддатда ишга тушириш ва бошқа масалалар муҳокама қилинди.

Ўзбекистон – Туркманистон иккинчи ҳудудлараро форумида ҳар икки давлатдан жами 300 дан ортиқ расмий ва ишбилармон доиралари вакиллари иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққанлар ҳамкорликнинг устувор йўналишлари сифатида ўзаро савдо-иқтисодий ҳамкорликни рағбатлантириш, кимё, нефт ва газ соҳаларида саноат кооперацияси лойиҳаларини амалга ошириш, транспорт-транзит ва логистика йўналишида мулоқотларни фаоллаштириш зарурлигини қайд этишди.

Форум доирасида Ўзбекистон ва Туркманистон расмий ҳамда бизнес делегациялари ўртасида бир қатор ишчи учрашув ва музокаралар ўтказилди.

Икки кун давом этган тадбирлар якунида умумий қиймати 160 миллион АҚШ долларига тенг бўлган янги савдо шартномалари тузилди.

Мавзуга оид