Спорт | 12:04 / 08.12.2024
12884
21 дақиқада ўқилади

«Сити» ва «Барса» яна очко йўқотди, Мбаппе гол уришни бошлади

«МЮ» Аморим раҳбарлигида ҳам муваффақиятсизликка учрамоқда. Шанба оқшомида Европа футболида рўй берган асосий воқеалар, ўйинлардаги голлар ва турнир жадвалларидаги вазият.

Англия: «Сити». Яна

«Кристал Пэлас» – «Манчестер Сити» 2:2 
Голлар:
1:0 – 4 Мунйос, 1:1 – 30 Ҳоланд, 2:1 – 56 Лакруа, 2:2 – 68 Люис.
«Кристал Пэлас» – Ҳендерсон, Геҳи, Лакруа, Чалоба, Эзе (Девенни, 72), Сарр (Нкетиа, 77), Митчелл, Мунйос, Лерма, Ҳюз, Матета.
«Манчестер Сити» – Ортега, Люис, Гвардиол, Рубен Диаш, Уокер, Гундўған, Бернарду Силва, Матеуш Нунеш, де Брюйне (Грилиш, 86), Савио (Доку, 79), Ҳоланд.
Огоҳлантиришлар: Люис (70), Нкетиа (90+3).
Четлатиш: Люис (84).

Хосеп Гвардиола ҳафта ўртасида узоқ кутилган ғалабадан кейин яна таркиб борасидаги муаммолардан ёзғириб, Грилишдаги муаммолар ва яқинда сафга қайтган Докуни асраш зарурлиги, уни ҳар уч-тўрт кунда майдонга тушира олмаслиги ҳақида гапирди. Аммо бу шанба куни ўтказиб юборилган тезкор гол олдида арзимас муаммолар. «Манчестер Сити» жорий мавсумда еттинчи бор рақибларига дастлабки ўн беш дақиқаликда ҳисобни очишга имкон бермоқда ва аутсайдерларга хос бўлган бу кўрсаткич борасида АПЛда яққол пешқадамлик қилмоқда.

Биринчи голда Уокер ортга қайтиб, «Пэлас» футболчиси офсайддан қочиб қолишига сабабчи бўлди.

«Кристал Пэлас» қарши ҳужумларда яхши ҳаракатланди ва ўз муваффақиятини ривожлантириши ҳам мумкин эди. Лекин амалдаги чемпионлар тўпга эгалик қилишди. Тўпни рақиб ҳудудида олиб қўйган Гундўғаннинг зарбаси устунга тегди, кўп ўтмай Ҳоланд Матеус Нунеснинг узатмасидан кейин бош билан дарвозани ишғол қилди. Фақат бу ўйинда бурилиш ясамади. Иккинчи бўлимда «Сити» яна ҳисобда ортда қола бошлади. 68-дақиқада Бернарду Силванинг пасидан кейин оператив кенгликка эга бўлган Люис тўпни тўсин остидан тўрга киритиб, ҳисобни тенглаштирди. Аммо ушбу ҳимоячи 84-дақиқада зарурат бўлмаган жойда фол ишлатиб, иккинчи сариқ карточкани олиб, майдонни тарк этди ва амалдаги чемпионлар яна бир бор очко йўқотди.

«Астон Вилла» – «Саутҳемптон» 1:0
Гол:
1:0 – 24 Дуран.
«Астон Вилла» – Мартинес, Матсен (Дин, 58), Пау Торрес, Диего Карлос, Конса, Тилеманс (Баркли, 59), Камара, Макгинн, Роджерс, Бэйли (Филоджин-Байдейс, 59), Дуран (Уоткинс, 58).
«Саутҳемптон» – Ламли, Мэннинг (Сулемана, 90+2), Бри (Арибо, 46), Уокер-Питерс, Вуд-Гордон, Ҳарвуд-Беллис, Фернандеш, Даунс (Бреретон, 79), Диблинг, Арчер (Амо-Амейо, 73), Армстронг.
Огоҳлантиришлар: Даунс (69), Вуд-Гордон (78), Амо-Амейо (85), Роджерс (90+6).

«Манчестер Сити» тўртинчи ўринда қолди, аммо «Астон Вилла» ва «Ноттингҳем» билан орадаги фарқ атиги икки очкони ташкил этмоқда. Ўз ўйинини якшанба куни ўтказадиган «Брайтон» ҳам ЕЧЛга йўлланма берадиган квартетга яқинлашиб олиши мумкин. Бирмингҳемликлар эса чоршанба куни турнир жадвалидаги қўшниси «Брентфорд» билан ўйиндаги ғалаба (3:1) эвазига инқирозли даврдан чиқиб олганди. Бу ғалаба «Вилла» учун 22 октябрдан буён биринчиси бўлганди, бу оралиқда саккиз учрашувдан иборат ғалабаси серия қайд этилганди. Шанба куни эса Унаи Эмери бошланғич таркиб учун Дуранни танлагани ўзини оқлади. Одатда захирадан тушиб гол урадиган колумбиялик жокер бу АПЛнинг бу мавсумида илк бор бошланғич таркибда майдонга тушди ва бу ҳодисани ўз голи билан нишонлади.

«Манчестер Юнайтед» – «Ноттингҳем Форест» 2:3
Голлар:
0:1 – 2 Миленкович, 1:1 – 18 Ҳойлунд, 1:2 – 47 Гиббс-Уайт, 1:3 – 54 Вуд, 2:3 – 61 Бруну Фернандеш.
«Манчестер Юнайтед» – Онана, Мартинес, де Лигт (Магуайр, 65), Йоро (Мазравий, 66), Бруну Фернандеш (Маунт, 76), Гарначо (Рэшфорд, 59), Диогу Далот, Угарте (Зиркзе, 76), Майну, Диалло, Ҳойлунд.
«Ноттингҳем Форест» – Зелс, Уилямс, Мурилло, Миленкович, Айна, Йейтс, Андерсон, Гиббс-Уайт (Домингес, 79), Ҳадсон-Одои (Авонийи, 90), Силва (Морато, 68), Вуд (Эланга, 79).
Огоҳлантиришлар: Силва (31), Уилямс (90+4).

Рубен Аморим ҳайрон қолдиришда давом этиб, ёзги йиғин чоғида жароҳат олган ва эндигина жароҳатидан тузалган  Йорони бошланғич таркибда туширди. Франциялик вундеркинд тузалганидан кейин ҳафта ўртасида «Арсенал» билан ўйинда захирадан майдонга тушганди. Шанба кунги ўйин эса «Олд Траффорд» учун шок ҳолати билан бошланди — Миленкович бурчакдан узатилган тўпни бош билан дарвозага йўллади. Ҳойлунд анча тез мувозанатни тиклади, танаффус арафасида эса Бруну Фернандешнинг жарима зарбасидан кейин дарвозабон ва тўсин меҳмонларни голдан қутқариб қолди.

Иккинчи бўлимда эса «қизил иблислар»ни бир неча дақиқалик даҳшат кутаётганди. Барчаси Фернандеш ўз жамоаси жарима майдони яқинида хатога йўл қўйиши билан бошланиб, шундан кейин Онана Гиббс-Уайтнинг ўзи турган томонга йўлланган зарбасини ўтказиб юборди. Тўп йўл-йўлакай траекториясини ўзгартирди, аммо у дарвозага марказдан келганди ва дарвозабоннинг ёнидан ўтиб кетди.

Вуднинг голида Лисандро Мартинес дарвоза чизиғи устида тўпни тўхтатиб қололмади. АПЛда «Ноттингҳем» сафидаги 25-голини урган ва клуб тарихидаги энг яхши тўпурарга айланган ушбу тажрибали форвард ўзининг 33 йиллик туғилган кунига шундай совға ҳозирлаганди.

Диалло ҳимоячиларни алдаб ўтиб берган пасидан кейин Фернандеш урган чиройли гол эса натижага таъсир кўрсатмади. Португалиялик мураббийлар дуэлида устун келган Нуну Эшпирину Санту «ўрмончилар» тарихига 114 йил ичида Англия чемпионатида «МЮ»га қарши ўтказилган дастлабки икки учрашувида ҳам ғалаба қозонган илк мутахассис сифатида кирди. «Ноттингҳем» «Олд Траффорд»да сўнгги ўттиз йил ичида илк бор ғалабага эришди, «МЮ» эса ўн беш турдан кейин 1986/87 йиллар мавсумидан буён энг қуйи ўринда (13) жойлашган.

Испания: Пеллегрини ва Мбаппенинг ёрқин юбилейлари

«Бетис» – «Барселона» 2:2
Голлар:
0:1 – 39 Левандовски, 1:1 – 68, пеналти Ло Челсо, 1:2 – 82 Ферран Торрес, 2:2 – 90+4 Диао.
«Бетис» – Вийетес, Перро (Руибал, 72), Лиоренте, Бартра, Сабали, Алтимира, Флорес (Иско, 76), Аззалзулий (Родригес, 86), Ло Челсо, Чими Авила, Роке (Диао, 77).
«Барселона» – Пеня, Балде (Форт, 88), Мартинес, Кубарси, Кунде, Олмо (де Йонг, 60), Касадо, Педри (Гави, 74), Рафиня (Ферран Торрес, 60), Левандовски (Виктор, 74), Ямал.
Огоҳлантиришлар: Флорес (35), де Йонг (66), Форт (90).
Четлатиш: Ҳанс Дитер Флик

«Бетис»нинг биринчи рақамли посбони Руй Силва чигалёзди машғулотлари чоғида жароҳатланиб, кўзда ёш билан майдонни тарк этгач, мезбонлар шошилинч равишда Вийетесни ўйинга тайёрлашга мажбур бўлишди. Лекин диққат марказида ҳафта ўртасида ҳам Испания Кубогида дарвозани қўриқлаган ушбу посбон эмас, балки Иняки Пеня бўлди. «Барса» дарвозабони кўк-анорранглилар тарбияланувчиси Аззалзулийнинг зарбасидан кейин бор маҳоратини ишга солиши талаб этилди. Бундан ташқари, бундан бир неча дақиқа олдин ҳамма ишга улгурадиган Рафиня тўпни дарвоза чизиғи устидан қайтариб қолганди. Ўйинни кучли бошлаган мезбонлар том маънода шу куни хорижлик мутахассислар орасида ла лигада 500-ўйинини ўтказган илк мураббийга айланган Мануэл Пеллегринига совға қилишни кўзлаганди.

Аммо бу осон иш эмасди, «Барса» «Бенито Вилямарин»да 16 йилдан буён мағлуб бўлмаяпти. Каталонияликлар ўйинни назоратга олишди ва танаффус арафасида Ҳанси Фликнинг ротацияси ўзини оқлади. Германиялик мутахассис ҳафта ўртасида «Малйорка»га қарши ўйинда ҳужум марказида Левандовски ўрнига Ферран Торресни туширган ва узоқ муддатлик танаффусдан кейин майдонга қайтган ҳужумчи гол урганди. Дам берилган полшалик ҳужумчи эса шанба кунги ўйинда Ямал ва Педри уюштирган комбинация давомида Кунде қанотдан оширган тўпни дарвозага йўллади. Дарвозабондан бошланган голли комбинация «Барса» учун 2021 йилдан буён энг узоқ давом этган ҳужумга айланди ва бу ҳужам давомида 27 бор аниқ узатма амалга оширилди.

Пеллегрини эса танаффусда ўз жамоасига керакли кўрсатмаларни берди ва жамоа яна олдинга ташланди. Пеня қаҳрамонлик кўрсатишда давом этди, аммо Ло Челсонинг пеналти зарбаси қаршисида ожиз қолди. Бунга иккинчи бўлимда туширилган Френки де Йонг жарима майдони ичида каталонияликлар катта ваъдалар билан олиб келган ва молиявий муаммолар туфайли бир мавсум ўтиб сотиб юборган Витор Рокенинг оёғини босиб олгани сабаб бўлди.

Фликнинг эса бунга асаблари дош бермади ва қизил карточка олиб, ўйинни узоқроқдан томоша қилишга мажбур бўлди. Ямалнинг навбатдаги доҳиёна пасидан кейин офсайд қопқонидан қутулиб қолган Торрес урган гол ғалаба голидек кўринганди, аммо арбитр томонидан қўшиб берилган дақиқаларда Диаонинг зарбасидан кейин ҳисоб тенглашди.

«Жирона» – «Реал» 0:3
Голлар:
0:1 – 36 Беллингҳем, 0:2 – 55 Гулер, 0:3 – 62 Мбаппе.
«Жирона» – Гассанига, Мигел Гутиеррес, Крейчи, Давид Лопес, Мартинес, Ромеу, Мартин, ван де Бек (Порту, 78), Асприля, Ҳил (Данжума, 58), Миовски (Абел Руис, 58).
«Реал» – Куртуа, Менди (Фран Гарсия, 81), Рюдигер, Тчуамени, Васкес, Модрич, Валверде (Асенсио, 81), Браим Диас, Беллингҳем (Себалйос, 61), Гулер (Янес, 89), Мбаппе (Эндрик, 81).
Огоҳлантиришлар: Мбаппе (45+2), Анчелотти (45+2), Рюдигер (76), Крейчи (76), Ромеу (90).

Севилядаги дуранг ҳафта давомида иккинчи бор турнир жадвалидаги кучлар нисбатини ўзгартириб юборди ва ҳафта ўртасида Билбаода ютқазган «Реал» яна соядаги етакчи мақомини ўзига қайтарди. Биринчи бўлим қийин кечди, аммо бўлимнинг иккинчи ярмида мадридликлар ўйинни кучайтириб, натижани таъминлади. Браим Диас чап қанотда Винисиус Жуниор услубида олдинга юриб, пас берди, тўп ҳимоячига теккан бўлса-да, унга эга чиққан Беллингҳем фаолиятида илк бор қаторасига беш турда гол урди.

Айнан Жуд иккинчи бўлим бошида тўпга бир тегинишда меҳмонларнинг ҳисобдаги устунлигини оширган Арда Гулерга узатма берди. Фақат бу голдан бироз ўтиб англиялик яримҳимоячи ван де Бек билан тўқнашувдан кейин ўзини ёмон ҳис қилиб алмаштирилди. Бўлим охирида эса Менди ҳам майдонни шифокорлар ҳамроҳлигида тарк этди.

Шунга қарамай, мадридлик мухлислар ғалабадан ташқари яна икки воқеадан хурсанд бўлиши мумкин. Биринчидан, Мбаппе топ-5 лигаларда 200-голини урди, француз ҳужумчиси Модричнинг ақлли пасидан кейин ҳимоячилар ортида очилиб, ўйинга нуқта қўйди. Иккинчидан, ёш форвард Даниэл Янес шу куни дебютини амалга оширди. 17 ёшу 254 кунлигида у «Реал»нинг 2015 йилдан буён энг ёш дебютантига айланди, ўшанда Анчелотти майдонга 16 ёшли Мартин Эдегорни туширганди. Асосийси эса — йўқотилган очколарга кўра Мадрид яна турнир жадвалидаги эҳтимолий етакчига айланди, «Валенсия»га қарши қолдирилган ўйиндаги эҳтимолий уч очко эвазига «Барселона» ортда қолдирилиши мумкин.

Италия: туринча камбэк

«Ювентус» – «Болоня» – 2:2
Голлар:
0:1 – 30 Ндойе, 0:2 – 52 Побега, 1:2 – 62 Копмейнерс, 2:2 – 90+2 Мбангула.
«Ювентус»: Перин, Камбиязо (Рухи, 14), Калулу, Гатти (Савона, 80), Данило, Фажиоли (Йилдиз, 64), Локателли (Тюрам, 64), Веа (Мбангула, 80), Копмейнерс, Франсишку Консейсау, Влаҳович.
«Болоня»: Скорупски, Миранда, Лукуми, Бекема, Хольм (Пош, 84), Побега (Моро, 80), Фройлер, Домингес (Илинг-Жуниор, 84), Одгор (Фаббиан, 60), Ндойе, Кастро (Даллинга, 80).
Четлатиш: Мотта (51).

Тиагу Мотта тарихда илк бор Чемпионлар лигасига олиб чиққан жамоага қарши ўйин ҳозирда «Ювентус»га бош мураббийлик қилаётган мутахассисга ижобий ҳиссиётлар тақдим этмади. «Болоня» илк дақиқаларданоқ хавфлироқ кўринди ва биринчи бўлимда ҳисобда олдинга чиқиб олди. Биринчи бўлимдаги муаммолар Ндоянинг голи билан чекланмаслиги ҳам мумкин эди, аммо арбитр ва VAR «сўнгги умид фоли»ни ишлатган Калулуга қизил карточка кўрсатмади.

Фажиоли эса ажойиб юриш амалга оширган Франсишку Консейсаунинг пасини йўққа чиқариб, тўпни дарвоза тўсини устидан ошириб тепди. Иккинчи бўлимда ҳам кўп нарса ўзгармади, Мотта ҳиссиётларини жиловлай олмади ва кетма-кет сариқ карточкалар олиб, трибуналар остига йўл олди. Бундан бир неча дақиқа ўтиб бянконерилар мудофаада қўпол хатога йўл қўйишди ва Побеге яккама-якка вазиятга чиқиб бориб, иккинчи голни урди. Аммо «Кекса синиоралар» қийин вазиятдан чиқиб кетишди.

Данилу ҳужумга қўшилиб, жарима майдони марказидан дарвозани ўққа тутган Копмайнерсни қулай пас билан таъминлади. Қўшимча дақиқаларда эса туринликлар сафида сўнгги уч ўйинни ўтказиб юборган Влаҳович жамоадаги ўрни нақадар муҳимлигини эслатиб қўйди. Сербиялик ҳужумчи ўнг қанотдан катта тезлик билан олдинга юрди ва шериклари етиб келгач, узоқ устун томон айланма пас йўллади, у ерда эса Мбангула осонлик билан дарвозани ишғол этди. «Юве» характер кўрсатди, аммо қаторасига иккинчи турда ҳам «Лацио»ни бешинчи ўриндан тушира олмаяпти. Энди якшанба куни Неаполга сафар қиладиган римликларда орадаги фарқни ошириш имконияти бўлади.

Германия: «Бавария» фарқни оширмоқда

«Бавария» – «Ҳайденхайм 4:2
Голлар:
1:0 – 18 Упамекано, 1:1 – 50 Хонзак, 2:1 – 56 Мусиала, 3:1 – 84 Горетцка, 3:2 – 85 Дорш, 4:2 – 90+1 Мусиала.
«Бавария» – Перец, Дэвис, Ким Мин Жэ, Упамекано, Боэ, Павлович (Горетцка, 71), Киммиҳ, Сане, Геррейру (Лаймер, 90+2), Олисе (Коман, 71), Мюллер (Мусиала, 51).
«Ҳайденҳайм» – Мюллер, Ференбах, Траоре, Зирслебен, Гимбер (Бек, 78), Майнка, Шеппнер (Дорш, 71), Мэлоуни, Кербер (Бройниг, 64), Ҳонзак (Сиенза, 79), Ваннер (Конте, 64).
Огоҳлантириш: Перец (87).

«Бавария» ҳафта ўртасида Чемпионлар лигасида «Шахтёр» меҳмони бўлади, шу туфайли Венсан Компани аутсайдер рақибга қарши аралаш таркиб туширди, унда ҳужум марказида ҳали жароҳатидан тузилмаган Кейн ўрнини Мюллер эгаллади. Ва Упамекано бурчак зарбаси узатилганидан кейин ҳисобни очганида, пешқадам жамоада бу ўйинда ҳеч қандай муаммо бўлмайдигандек тасаввур уйғонганди. Аммо иккинчи бўлим «Ҳайденҳайм»нинг жавоб голи билан бошланди ва мюнхенликлар ўз юлдузларисиз ўйинни ҳал қила олмаслиги маълум бўлди. Мусиала майдонга тушиши билан вазият ўзгарди ва уч дақиқа ўтиб айнан у «Бавария»ни ҳисобда олдинга олиб чиқди. Олисенинг пасидан кейин ушбу яримҳимоячи кенг ҳудудга эга бўлди ва узоқ масофадан яқин бурчакни аниқ нишонга олди. Худди шу Мусиала қўшимча дақиқаларда ҳисобдаги қувлашмачоққа ва ўйинга якун ясовчи голга муаллифлик қилди. Жамал бу мавсумда барча турнирлар доирасидаги голлари сонини 12 тага етказди ва ҳозирнинг ўзидаёқ ўтган мавсумдаги натижасини такрорлади, «Бавария» эса иккинчи ўрин билан орадаги фарқни олти очкога етказди.

«Байер» – «Санкт-Паули» 2:1
Голлар:
1:0 – 6 Виртц, 2:0 – 21 Та, 2:1 – 84 Гилавоги.
«Байер» – Градецки, Инкапиэ, Та, Тапсоба, Грималдо (Белосян, 78), Алеиш Гарсия, Жака, Паласиос (Фримпонг, 60), Артур, Виртц (Терье, 79), Телла (Андрих, 87).
«Санкт-Паули» – Васил, Немет (Дзвигала, 89), Вал, Смит, Треу, Салиакас (Ритцка, 89), Бухалфа (Синани, 79), Ирвайн, Афолайян (Алстранд, 82), Эггештайн (Алберс, 89), Гилавоги.
Огоҳлантиришлар: Инкапиэ (28), Гилавоги (37), Салиакас (75), Дзвигала (90+3).

«Айнтрахт» Ф – «Аугсбург» 2:2
Голлар:
1:0 – 55 Экитик, 1:1 – 60 Титц, 1:2 – 71 Эссенде, 2:2 – 74 Узун.
«Айнтрахт» Ф – Трапп, Нкунку (Браун, 46), Теате, Кох, Кристенсен, Дауд (Узун, 72), Тута, Шаиби (Баойя, 72), Кнауфф (Хейлунд, 72), Экитик (Матанович, 90), Мармуш.
«Аугсбург» – Лабрович, Шлоттербек, Гауэлеу, Матсима, Кудоссу (Гумны, 67), Режбечай (Майер, 67), Якич, Оньека, Волф (Бауэр, 80), Титц (Варгас, 80), Эссенде.
Огоҳлантиришлар: Шлоттербек (1), Нкунку (12), Кох (90+5), Варгас (90+5).

Яна олдингидек ўйнай бошлаган «Байер» осонлик билан қаторасига тўртинчи ғалабасига эришди, Вирц ҳам мавсумдаги ўнинчи голини шу қадар осонлик билан урди. У жарима майдонига ёриб кириб, тўпни «Санкт-Паули» ҳимоячилари оёқлари орасидан ўтказди. Бурчак зарбасидан кейин Та урган гол муваффақиятни мустаҳкамлади, аммо якунда леверкузенликлар барибир мухлисларини бироз ташвишланишга мажбур қилди. Ҳамбургдан келган жамоа орадаги фарқни қисқартирди ва ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқаларда мағлубиятдан қутулиб қолиши ҳам мумкин эди. Аммо барчаси мезбонлар учун яхши якунланди, «Айнтрахт» параллел учрашувда дуранг ўйнаб қўйгани эса «аспиринчилар» жамоаси иккинчи ўрин билан орадаги фарқни бир очкогача қисқартиришига имкон берди. Ҳаби Алонсонинг жамоасида ишлар яхшиланмоқда, франкфуртликлар эса ҳафтани жуда ёмон ўтказишди. «Бургутлар» аввалига Германия кубогини тарк этганди, энди эса ўн учинчи ўриндаги жамоага қарши ўйинда қийинчилик билан дурангга эришди.

«Ҳолштайн Кил» – РБ «Лейпциг» 0:2
Голлар:
0:1 – 27 Шешко, 0:2 – 69, пеналти Андре Силва.
«Ҳолштайн Кил» – Вайнер, Гешвилл, Ивежич, Шульц (Бернҳардссон, 74), Розенбом, Порат, Гигович (Ҳолтби, 62), Ремберг, Кнудсен (Скрибски, 46), Ҳаррес, Матино (Пихлер, 80).
РБ «Лейпциг» – Гулачи, Гертрюйда (Клостерманн, 63), Орбан, Хенрихс, Зайвалд, Нуса, Айдара (Шлагер, 63), Вермерен (Кампл, 90+1), Баумгартнер (Закар, 90+3), Опенда, Шешко (Андре Силва, 63).
Огоҳлантиришлар: Гигович (35), Опенда (56), Вайнер (67), Шулц (68), Вермерен (74), Хенрихс (83), Бернҳардссон (90).

«Боруссия» М – Боруссия Д 1:1
Голлар:
0:1 – 64 Гиттенс, 1:1 – 71, пеналти Штегер.
«Боруссия» М – Николас, Улрих, Элведи, Итакура, Скалли, Вайгл, Райтц (Фридрих, 90+7), Плеа (Хак, 75), Штегер (Зандер, 75), Онора (Нгуму, 89), Кляйндинст (Чванчара, 89).
«Боруссия» Д – Кобел, Бенсебайни, Шлоттербек, Зюле (Жан, 83), Рюэрсон, Гросс (Рейна, 78), Нмеча, Забитцер, Гиттенс, Байер (Мален, 58), Гирасси.
Огоҳлантиришлар: Вайгл (30), Шлоттербек (46), Гросс (71), Чванчара (90+4).
Четлатиш: Чванчара (90+5).

Чемпионлар лигасига йўлланма берувчи тўртинчи ўринни эса «Лейпциг» ўзида сақлаб қолди. Ҳолбуки «ҳўкизлар» жамоаси бир ҳафта олдин ҳам инқироз ҳолатида қолаётганди ва қаторасига олти ўйинда ғалаба нелигини билмаганди. Кубок ўйинида бу нохуш серияга барҳам берилиб, «Айнтрахт» йирик ҳисобда тор-мор этилди (3:0). Бу муваффақият Марко Розе жамоасига ғалаба ҳиссини келтирди ва чоршанба кунги ўйинда ҳисобни очган Шешко «Ҳолштайн» дарвозасига ҳам биринчи голни урди. Шундан кейин жамоа мухлислари ўз эътиборини бешинчи ўринда таъқиб қилаётган жамоа ўйинига қаратиши мумкин эди.

Икки «Боруссия» дербиси натижасига кўра дортмундликлар «Лейпциг»дан уч очкога ортда қолиб кетди. «Асаларилар» бундеслигада сафар ўйинлари комплексидан барибир халос бўлолмаяпти, ҳолбуки сафар ўйинларидаги олтинчи уринишда ғалаба учун имкон юзага келганди. Биринчидан, Байн-Гиттенснинг голи эвазига қўлга киритилган устунликни Гросснинг фоли туфайли сақлаб қолишнинг имкони бўлмади, у дарвоза яқинида Кляйндинстни йиқитди. Иккинчидан, қўшимча дақиқаларда Гирассининг зарбасидан кейин тўп дарвоза устуни ёнидан бир неча сантиметр масофада ўтиб кетди. Бошқа томондан, ҳисоб 1:1 эканида тарози палласи гладбаҳликлар томон оғиши ҳам мумкин эди, аммо Кобел Хакнинг зарбасидан кейин тўпни тўсинга йўналтириб юборди.

Кун статистикаси

Мавзуга оид