Жаҳон | 11:24 / 09.12.2024
3682
3 дақиқада ўқилади

OSINT-таҳлилчилар РФ кемалари Тартусдан жўнаб кетганини хабар қилди

«Россия Қора денгиз флотининг »Адмирал Григорович« фрегати ва Россия Шимолий флотининг »Инженер Трубин« юк кемаси Тартусдан Ўрта Ер денгизига жўнаб кетди», — дея даъво қилмоқда Украина разведкаси.

Фото: AP

Украина Мудофаа вазирлиги 8 декабр, якшанба куни Россия ҳарбий кемаларини Суриядаги Тартус портидан олиб чиқиб кетаётгани тўғрисида хабар берди. Баъзи OSINT-кузатувчилар ҳам шунга ўхшаш хулосаларга мойил. Al Jazeera телеканали суриялик исёнчилар Ўрта Ер денгизи соҳилидаги Тартус шаҳрига кириб келгани ҳақида хабар берди.

«2024 йил 8 декабр куни Россия Қора денгиз флотининг «Адмирал Григорович» фрегати ва Россия Федерацияси Шимолий флотининг «Инженер Трубин» юк кемаси Тартусдан Ўрта Ер денгизига жўнаб кетди», — дейилади Бош разведка бошқармаси хабарида Шунингдек, россияликлар Суриядан қурол-яроғ ва ҳарбий техникани Хмемимдаги авиабазадан ҳарбий бортларга ўтказгани айтилди.

Аввалроқ, 6 декабр куни X ижтимоий тармоғида MT Anderson тахаллуси остида чиқиш қилувчи OSINT-таҳлилчи сунъий йўлдош тасвирини эълон қилди, унга кўра, ўша куни Тартус портида Россиянинг тўртта кемаси: «Адмирал Головко» фрегати, «Адмирал Григорович» қўриқлаш кемаси, «Вязьма» ёрдамчи кемаси ва «Новороссийск» сувости кемаси бўлган.

Ўшанда таҳлилчи 30 ноябр куни Тартусда бўлган «Адмирал Горшков» фрегати ва «Ельня» ёрдамчи кемаси портни тарк этиб, «уй»га (Россияга) йўл олганини тахмин қилди.

3 декабр куни Navalnews интернет нашри «РФ Россия ҳарбий-денгиз флоти кемаларини Суриядан эвакуация қилаётганининг биринчи аломатлари борлигини» ёзди. Хусусан, нашрнинг таъкидлашича, «Ельня» ёрдамчи кемаси 2024 йил 2 декабр куни эрталаб Тартусдан жўнаб кетган.

Россиянинг Тартусдаги базаси ҳақида

«Суриянинг Ўрта Ер денгизи соҳилидаги Тартусдаги ҳарбий-денгиз базаси Россия учун стратегик объект ҳисобланади, Россия ҳарбий-денгиз кучлари бу ерда 1971 йилдан бери ҳарбий-денгиз базасини сақлаб келмоқда, бироқ Совет Иттифоқи парчаланганидан кейин ундан фойдаланиш тўхтатилди, — дейилади Navalnews мақоласида. — 2012 йилда Сурияда фуқаролар уруши бошланганидан кейин ундан фойдаланиш яна кучайди ва у Россиянинг асосий хорижий ҳарбий-денгиз базасига айланди. Россия 2022 йилдаги ҳужум арафасида НАТОнинг тўғридан тўғри иштирок этишига қарши туриш ва олдини олиш мақсадида Тартусдаги ҳарбий иштирокини кучайтирди».

BBC медиа-компанияси эслатганидек, Украинада уруш бошланганидан кейин Туркия «бўғозларни ҳарбий кемалар учун ёпди» ва шунинг учун Россия флоти Қора денгизга кема жўнатиш имкониятидан маҳрум бўлди. Ушбу фонда Тартусдаги объект қиймати янада ошди.

Мавзуга оид