Жаҳон | 15:50 / 09.12.2024
4546
2 дақиқада ўқилади

Трампнинг савдо сиёсатига Хитой қандай жавоб қайтариши мумкин?

АҚШнинг сайланган президенти Доналд Трамп сайлов кампанияси вақтида Хитой товарларига 60 фоиз ёки ундан юқорироқ бож солишини айтган. Шу боис расмий Пекин унинг Оқ уйга қайтишини ўзгача хавотир билан кутмоқда.

Фото: AP

The Economist'нинг ёзишича, дунёнинг иккита энг йирик иқтисодиёти ўртасидаги савдо урушининг янги босқичга ўтиши глобал таъминот занжирларига навбатдаги зарба бўлади, шунингдек, АҚШда нарх-наво ошишига сабаб бўлади.

Хитой етакчиси Си Жинпинг савдо борасидаги музокараларда Тайван ва коммунистик партия бошқаруви каби масалалар тортишув мавзуси бўлолмаслигини очиқ айтиб ўтди.

Нашрга кўра, Хитой АҚШнинг босимини юмшатиш учун бир неча стратегияларни амалга оширмоқда:

Бошқа давлатлар билан савдони кучайтириш: Хитой экспортни рағбатлантириш учун кредит ва логистика хизматларини қўллаб-қувватламоқда. Қатор минтақалар, хусусан Марказий Осиё билан иқтисодий алоқаларни кучайтиришга ҳаракат қилмоқда.

Муҳим товарлар экспортини чеклаш: Хитой АҚШнинг технологиялар экспортига чекловларига жавобан, 2023 йил 1 июлдан бошлаб, галлий ва германий каби юқори технологияли минералларни экспорт қилишни тақиқлаган.

Саноат мустақиллигига инвестиция киритиш: Хитой ўзининг яримўтказгичлар саноатига катта маблағ киритиб, АҚШ технологияларига бўлган боғлиқликни камайтиришга ҳаракат қилмоқда. Аммо бу йўналишдаги ишлар ҳали етарлича ривожланмаган.

Савдо зиддиятлари фақат тарифлар билан чекланмайди, балки технология урушига ҳам тегишли. АҚШ Хитойни замонавий яримўтказгичлар ва сунъий интеллект технологияларидан узиш чораларини кўрмоқда. Бунга жавобан Хитой ўз инновацияларига катта маблағ киритмоқда ва Америка компанияларига нисбатан санкциялар жорий этмоқда.

Мавзуга оид