Google Willow номли янги квант процессорни тақдим этди
105 кубитли Willow дунёдаги энг тезкор компютерлардан бири 10 септиллион йилда бажарадиган вазифага беш дақиқадан камроқ вақт сарфлайди.
Google компанияси Willow номли янги квант процессорини тақдим этди. Google Quantum AI лабораторияси асосчиси ва раҳбари Хартмут Невеннинг таъкидлашича, чип замонавий суперкомпютерлардан ҳам, бошқа квант процессорларидан ҳам сезиларли даражада устун.
Google маълумотларига кўра, 105 кубитли Willow стандарт бенчмарк ҳисоблаш (компютер тизимининг қиёсий ишлаш хусусиятларини аниқлаш имконини берувчи тест) вазифасини беш дақиқадан камроқ вақт ичида бажаради. Ҳозирги кунда дунёдаги энг тезкор компютерлардан бири бўлган Frontier’га бундай вазифани бажариш учун 10 септиллион йил (10 нинг 24 даражаси) талаб этилган бўларди.
Невеннинг қайд этишича, ушбу рақам физикада маълум барча вақт масштабларидан ошиб кетади. Лаборатория раҳбарининг фикрича, бу «квант ҳисоблаш кўплаб параллел оламларда содир бўлиши тўғрисидаги ғояни тасдиқлайди», шунингдек, британиялик физик Дэвид Дойч илгари сурган мултикоинот тўғрисидаги фаразларга мос келади.
Самарадорликни баҳолаш учун Google тасодифий танланиш занжири бенчмаркидан фойдаланган бўлиб, у квант компютер бошқа оддий тизимлар қўлидан келмайдиган вазифани қандай уддалашини кўрсатиб беришга мўлжалланган. Ушбу тестни компаниянинг ўзи квант соҳасидаги устунлигини намойиш этиш учун ишлаб чиққан. Шу билан бирга, Willow квант ҳисоблаш соҳасидаги фундаментал вазифалар, масалан, Шор алгоритмини қандай уддалашига аниқлик киритилмаган.
Аммо Willow’нинг асосий устунлиги самардорлигида эмас. Ихтирочиларнинг таъкидлашича, улар кўпроқ кубитлардан фойдаланган ҳолда масштаблаштириш жараёнида хатолик даражасини камайтиришга муваффақ бўлган. Googleʼнинг қайд этишича, олимлар ушбу вазифани уддалашга қарийб 30 йил сарфлаган.
Google Quantum AI раҳбарининг сўзларига кўра, квант ҳисоблашлар ва сунъий интеллектнинг биргаликда ривожланиши кўплаб соҳалардаги тадқиқотларда янги имкониятларни очади. Масалан, олимлар янги дориларни яратиши ёки электромобиллар учун самарали батареяларни лойиҳалаши мумкин. Бундан ташқари, квант ҳисоблашлар термоядровий синтез соҳасидаги ва умуман муқобил энергетикадаги жараёнларни тезлаштиришга ёрдам беради.
Мавзуга оид
17:12 / 20.12.2024
Google қидирувида «Калмар ўйини»ни ўйнаш имконияти пайдо бўлди
16:42 / 16.12.2024
Google йил давомида энг кўп қидирилган мавзуларни эълон қилди
00:51 / 04.12.2024
WSJ: Google қидирув тизимидан фойдаланиш камаймоқда
21:37 / 22.11.2024