Жаҳон | 16:39 / 10.12.2024
6004
3 дақиқада ўқилади

Исроилда бош вазир Бинямин Нетаняҳу устидан суд жараёни бошланди

У фирибгарлик, ишончни суиистеъмол қилиш ва пора олишда айбланмоқда. Нетаняҳу айбловларни уйдирма деб ҳисоблайди.

Фото: AFP

Исроилда фирибгарлик, ишончни суиистеъмол қилиш ва пора олишда айбланаётган бош вазир Бинямин Нетаняҳу устидан суд жараёни 10 декабр куни бошланади. Бугун у Тел-Авив судида гувоҳлик беради. Бир кун аввал сиёсатчи телевидениеда матбуот анжумани ўтказиб, унда ҳуқуқ тизими, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва оммавий ахборот воситаларини танқид қилди, шунингдек, вақт чўзиш ва суддан қочишга уриниш ҳақидаги айбловларни рад этди, деб ёзди The Times of Israel.

«Ҳаммаси ёлғон. Мен бу кунни саккиз йилдан бери кутганман. Мен ҳақиқатни айтиш учун саккиз йил кутдим. Менга нисбатан ёввойи ва бемаъни айбловларга чек қўйиш учун саккиз йил кутдим. Мен шафқатсиз жодугар овини фош қилиш учун саккиз йил кутдим... Ҳеч қандай жиноят йўқ эди, шунинг учун улар жиноят излашди. Улар жиноят топмадилар, шунинг учун улар жиноят уюштиришди», деди Нетаняҳу.

Нетаняҳу ҳуқуқ-тартибот идораларини ўз атрофидагилардан «ўнлаб одамларни ҳибсга олиш», уларни бош вазирга қарши ёлғон кўрсатма беришга мажбурлаш учун таҳдид ва ҳатто қийноқлар қўллашга уринишда, шунингдек, «жамоатчиликнинг миясини ювишда» айблади. Унинг адвокатлари Суриядаги воқеаларни келтириб, Нетаняҳуни гувоҳлик беришга чақиришни кечиктиришга судни ишонтиришга ҳаракат қилди, молия вазири Бецалел Смотрич эса судялар «миллий хавфсизликка зарар етказаётганини» айтди.

Бинямин Нетаняҳуга нисбатан тергов 2016 йил охирида очилган эди. 2019 йилда унга «1000», «2000» ва «4000» деб номланган учта жиноий иш бўйича айблов қўйилган.

«1000 иш» - фирибгарлик ва ишончни суиистеъмол қилиш. Нетаняҳу Ҳолливуд продюсери Арнон Милчан ва австралиялик-исроиллик миллиардер Жеймс Пакердан виза ва солиқ муаммолари билан боғлиқ ёрдам учун умумий қиймати 196 минг долларга яқин совға олганликда айбланмоқда.

«2000 иш» - фирибгарлик ва ишончни суиистеъмол қилиш. Нетаняҳу Исроилнинг «Едиот Аҳронот» газетаси эгаси Арнон Мозес билан тил бириктирганликда айбланмоқда. Айтилишича, Мозес рақиби «Исраэл Ҳаём» газетасига зарар етказиш эвазига Нетаняҳу ҳақида ижобий ёзишга ваъда берган.

«4000 иш» - порахўрлик, фирибгарлик ва ишончни суиистеъмол қилиш. Айбловга кўра, Bezeq телекоммуникация компанияси Нетаняҳу туфайли регулятор имтиёзларини олган. Бунинг эвазига компания эгаси Шаул Элович ўзи назорат қиладиган Walla янгиликлар сайтида Нетаняҳу ҳақидаги фақат ижобий мақолалар пайдо бўлишини таъминлаган.

Нетаняҳу устидан суд жараёни Исроилнинг Ғазо секторидаги уруши туфайли бир йилдан ортиқ вақтга кечиктирилган эди. Бироқ ўтган ҳафта судялар суд жараёни бошланиши керак деган қарорга келди.

Мавзуга оид