Ўзбекистон | 08:10 / 11.12.2024
5125
5 дақиқада ўқилади

Айрим таксичилар йўлкирани асоссиз равишда оширгани аниқланди

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси такси хизмати бўйича қонунбузилиш ҳолатлари кузатилаётганини маълум қилди.

Фото: Kun.uz

Қўмита ва унинг ҳудудий бошқармаларига фуқаролар томонидан таксилар орқали кўрсатилаётган хизматларнинг сифати пастлиги, тўловлар ва ҳисоб-китоблар билан боғлиқ муаммолар, ҳайдовчиларининг муомаласи, йўловчини манзилга етказиб қўйилмаётгани, асоссиз равишда нархларни ошириш каби мавзуларда мурожаатлар келиб тушган.

Тошкент вилояти транспорт бошқармаси Нурафшон шаҳрида ўтказилган рейд тадбирлари натижасида “Давр Транс Сервис” МЧЖга бириктирилган “Нурафшон АШБ-Кучлик қўрғони-Аранча МФЙ” йўналишида (тасдиқланган жадвалга асосан йўл ҳақи 2800 сўм) нархларни сунъий равишда оширган ҳолда ҳайдовчилар томонидан 5000-7000 сўмгача миқдорида йўловчилардан йўл ҳақи олинаётгани аниқланган.

Шу муносабат билан вилоят Транспорт бошқармаси истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколати доирасида чора кўришни сўраб, қўмитанинг Тошкент вилояти ҳудудий бошқармасига маълумот киритган. Ўрганишлар натижасида истеъмолчилардан 5 миллион сўмдан зиёд маблағлар асоссиз равишда ундириб келинганлиги аниқланиб, уларни истеъмолчиларга қайтариш бўйича юқоридаги МЧЖга тегишли кўрсатма берилди.

Ҳудудий бошқарма томонидан фуқаро Ш.Х.дан тушган мурожаат ўрганилганда Бухоро вилояти Когон шаҳрида 103- ва 114-йўналишларда ҳаракатланаётган Damas ҳайдовчилари томонидан йўлкира ҳақини асоссиз равишда ошириб, хизмат кўрсатаётгани маълум бўлган.

Ҳудудий бошқарма томонидан “Транспорт назорати Автомобиль ва сув транспортида назорат” Бухоро вилояти ҳудудий бўлими томонидан мазкур йўналишлар трафаретини қўйиб, йўловчи ташиш билан шуғулланиб келаётган транспорт воситалари лицензиялари текширилди. Қатновларда лицензиясиз ва рухсат этувчи ҳужжатларсиз йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланиб келаётган бир қатор транспорт воситаларига маъмурий баённомалар расмийлаштирилди.

Тошкент шаҳридаги бошқармага Yandex такси хизматига буюртма йўл ҳақини нақд пулда тўлашига қарамай, банк пластик карта орқали ҳам йўл кирага қайта пул ечиб олингани юзасидан бир қатор фуқароларнинг мурожаатлари келиб тушган. Бундан ташқари, буюртма қилинган байрам тортлари, таомлар, маиший техникаларни таксилар орқали етказишда ҳам муаммоларга, яъни улар нотўғри манзилга етказилгани, кечиктирилгани ёки умуман етказилмаганига дуч келган истеъмолчиларнинг мурожаатлари ҳам ижобий ҳал этилган.

Global Star МЧЖ томонидан бундай қоидабузилишларга йўл қўйган ҳайдовчилар YandexGо иловасида блокланган, Yandex такси кўрсатмаган хизматлари учун тўловларни амалга оширган фуқароларга жами 1 009 000 сўм миқдоридаги пул маблағлари қайтарилиши таъминланган.

Жиззах вилоятидаги бошқармага Пахтакор туманида истиқомат қилувчи фуқаро О.Ш.нинг Жиззах—Пахтакор йўналишида қатновни амалга оширувчи Online Plus МЧЖга тегишли такси хизматидан норозилиги билдирилган мурожаат келиб тушган. Ўрганишлар натижасида ушбу йўналиш бўйича фуқаро тўлаган 40 минг сўмдан ортиқча олинган йўл ҳақи қайтарилиши таъминланди.

Қашқадарё вилояти ҳудудий бошқармага Қарши шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаро А.Ф. Call Таxi хизмати ходими ортиқча маблағ олгани ва қўпол муомалада бўлганидан норози бўлиб мурожаат йўллаган. Олиб борилган ўрганиш ишларида ҳақиқатдан ҳам такси ҳайдовчиси 12 000 сўм бўлиши лозим бўлган хизмат учун 32 000 сўм йўл ҳақи талаб қилгани аниқланган. Мурожаатчига ортиқча олинган 20 000 сўм маблағ қайтарилди ва такси ҳайдовчисига таксометр иловасидан тўғри фойдаланиш ва йўловчилар билан мулоқот қилиш одоблари тўғрисида тушунтириш берилди.

Самарқанд вилоятида фуқаро С.А. ва И.Э. такси хизмати ходимлари қўпол муомалада бўлгани ва буюртма ҳамда йўлкира тўловларида юзага келган муаммолар бўйича мурожаат қолдирган. Ўрганиш натижасида Yandex такси ходимларига хизмат кўрсатиш қоидаларига амал қилиш бўйича керакли огоҳлантиришлар берилди ҳамда фуқаролар шикоятлари қаноатлантирилди.

Фарғона шаҳар “Янгийўл” МФЙда истиқомат қилувчи фуқаро О.И. Yandex такси хизматидан фойдаланганида йўл ҳақи сифатида олдиндан пластик картасидан ортиқча 9500 сўм маблағи олингани, аммо хизмат кўрсатувчига тўлов пулини қайтарилиши юзасидан бир неча бор қилган мурожаатлари ечим топмагани юзасидан мурожаат қилган. Ҳудудий бошқарма  ҳолат юзасидан ўрганишлар олиб борган ва ортиқча олинган маблағ қайтариб берилиши таъминланган.

Мавзуга оид