Жаҳон | 20:28 / 13.12.2024
5573
3 дақиқада ўқилади

Трамп Эронга зарба бериш имкониятини ўрганмоқда — ОАВ

Шу тариқа, АҚШ сайланган президенти Теҳронни ядро қуроли яратишига йўл қўймоқчи эмас.

Фото: ZUMA Press

АҚШ сайланган президенти Доналд Трамп Эрон ядро қуролига эга бўлишининг олдини олиш мақсадида унга зарба бериш вариантини кўриб чиқмоқда, деб ёзди The Wall Street Journal (WSJ) Трамп жамоасидаги манбаларга таяниб.

«Трамп жамоасининг баъзи аъзолари энди ядровий объектларга зарбалар бериш имкониятини жиддий ўрганмоқда (...) Эроннинг минтақадаги мавқеи заифлашгани ва ядровий ривожланишининг кенгайиб бораётгани бўйича сўнгги далиллар ички махфий муҳокамаларни кучайтирган. Бироқ, бу масала бўйича барча мунозаралар энди бошланди», дейилади хабарда.

Трампнинг кўплаб маслаҳатчилари ва ҳамкорлари Исроилнинг Натанз, Фордо ва Исфахондаги ядровий иншоотларга зарбаларини қўллаб-қувватлаш, ҳаттоки операцияда АҚШ эҳтимолий иштироки ҳақида гап кетаётганини таъкидлаган. Исроилнинг мустақил ҳаракатлари қанчалик муваффақиятли бўлиши номаълум, чунки Эроннинг кўплаб корхоналари ер остида жойлашган.

Шу билан бирга, суҳбатдошларнинг айтишича, бўлажак маъмурият Теҳронга максимал босим ўтказиш бўйича янги стратегия ишлаб чиқмоқда. Унинг доирасида иккита ёндашув тақдим этилади. Биринчиси, Яқин Шарққа қўшимча самолётлар, кемалар ва ҳарбий хизматчиларни жўнатиш, Исроилга бункерга зарба берувчи илғор қуролларни сотиш ва Теҳронни музокаралар столига ўтиришга мажбурлаш учун санкциялар киритиш. Иккинчи ёндашув эса, АҚШнинг Эронга қарши куч ишлатиш таҳдидини Эрон иқтисодиётига катта зарар етказадиган санкциялар билан бирлаштириб, худди шундай натижага эришиш. Бироқ, Трамп қайси вариантни танлаши аниқ эмас.

Газета, шунингдек, сиёсатчи ўзининг биринчи президентлик муддати тугаши биланоқ, халқаро инспекторлар Теҳронда парчаланувчи моддалар ҳажми кўпайгани ҳақида хабар берганидан сўнг, Эронга профилактик зарбалар бериш ҳақида ўйлаганини ҳам ёзди. Кейинчалик Трамп зарба бериш вариантини жиддий кўриб чиққанини рад этган.

Ўтган ҳафта, газетанинг қайд этишича, Америка разведкаси Эронда 12 дан ортиқ ядровий бомба йиғиш учун материаллар борлигини маълум қилган. Гарчи разведка маълумотларига кўра, Эрон ҳали бунга киришмаган бўлса-да, бомба ишлаб чиқаришга яхшироқ тайёр. Аввалроқ АҚШ расмийлари Эрон ядро қуролини жойлаштириши учун бир неча ой вақт қолганини тахмин қилган эди.

12 декабр куни The Times of Israel нашри манбаларига таяниб, Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари Эрон ядровий иншоотларига зарба беришга ҳозирлик кўраётгани ҳақида хабар берди.

Мавзуга оид