Ўзбекистон | 10:21 / 14.12.2024
4328
2 дақиқада ўқилади

Иссиқхоналарга газ етказиб беришга вақтинчалик чекловлар киритилмоқда

Чекловлар ҳаво ҳарорати кескин пасайган вақтда қўлланиб, қувурларда газ босими барқарорлашганда бекор қилинади.

Фото: Kun.uz

Иссиқхона хўжаликларига табиий газ етказиб беришга вақтинчалик чекловлар киритмоқда. Бу ҳақда «Ҳудудгазтаъминот» хабар берди.

Ҳаво ҳароратининг кескин пасайиши натижасида истеъмолчиларнинг табиий газга бўлган талаби кескин ошиб, бунинг натижасида айрим ҳудудлардаги қувурларда газ босимининг пасайиши кузатилмоқда. Биринчи навбатда аҳоли хонадонлари ва ижтимоий соҳа объектларини табиий газ билан таъминлаш устувор вазифа эканини инобатга олган ҳолда айрим улгуржи истеъмолчиларга чекловлар киритилмоқда.

Босим тушиши ёки узилишлар бўйича иссиқхона хўжаликларини камида 24 соат олдин «Ҳудудгазтаъминот» АЖ томонидан мажбурий хабардор қилиш амалиёти жорий қилиниши белгиланган. Газ таъминоти корхоналари томонидан доим мазкур амалиёт бўйича иш юритилиб, чеклов киритилишидан камида 24 соат аввал иссиқхона хўжаликларига огоҳлантириш юборилади.

Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра, аҳолининг газ таъминоти тизимида фавқулодда ҳолатлар юзага келганда, иссиқхона хўжалигида етарли миқдорда муқобил ёқилғи захирасининг мавжуд бўлиши белгиланган. «Ҳудудгазтаъминот» АЖ, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳамда иссиқхона хўжаликлари ўртасида уч томонлама келишувда ҳам кўрсатиб ўтилган.

Шу муносабат билан уч томонлама шартнома шартларига мувофиқ иссиқхона хўжаликларига етказиб бериладиган табиий газга қисман чекловлар киритилган даврларда иссиқхона хўжаликлари захира ёқилғи турларидан фойдаланишга вақтинчалик ўтиши лозим бўлади. 

«Қайд этиш керак, мазкур чекловлар фақат ҳаво ҳарорати кескин пасайиб кетган вақтда қўлланилади. Қувурлардаги газ босимлари барқарорлашганда чекловлар бекор қилинишини маълум қиламиз», — деб якунланади хабар.

Мавзуга оид