Спорт | 12:23 / 15.12.2024
13709
20 дақиқада ўқилади

«Ливерпул» очко йўқотди, «Реал» учта гол ўтказди. Кун ўйинлари

«Бавария» бундеслигада илк бор ютқазди. Шанба оқшомида Европа футболида рўй берган асосий воқеалар, ўйинлардаги голлар ва турнир жадвалларидаги вазият.

Фото: Quality Sport Images/Getty Images

Англия: Ноттингҳемда ажойиб якун

«Ливерпул» – «Фулҳэм» 2:2
Голлар:
0:1 – 11 Перейра, 1:1 – 47 Гакпо, 1:2 – 76 Родриго Муниз, 2:2 – 86 Диогу Жота.
«Ливерпул» – Алиссон, Робертсон, ван Дейк, Гомес, Александер-Арнолд (Диогу Жота, 79), Собослаи (Эллиот, 79), Гравенберҳ, Жонс (Куанса, 70), Гакпо (Нунес, 70), Диас, Салоҳ.
«Фулҳэм» – Лено, Робинсон, Куэнка, Диоп, Тете (Кастан, 55), Лукич, Берге, Уилсон (Траоре, 87), Перейра (Смит-Роу, 69), Ивоби, Хименес (Родриго Муниз, 68).
Четлатиш: Робертсон (17).

«Ливерпул» одатда «Энфилд»даги ўйинларни жуда кучли бошлайди, бу сафар эса аввалбошдан муаммоларга йўлиқди. Биринчидан, Робинсоннинг узатмасидан кейин Андреас Перейра йиқила туриб ҳаводаги тўпни дарвоза тўрига йўллади. Иккинчидан, ушбу голли ҳужумда хатога йўл қўйган Робертсон бироз ўтиб яккама-якка вазиятга чиқиб бораётган Уилсонни тўхтатиб, қизил карточка олди.

Қолаверса, Арне Слот бу ўйинда дисквалификация туфайли Мак Аллистернинг хизматларидан фойдалана олмасди. Қизиллар 17-дақиқадан бир киши кам бўлиб ўйнагани ҳисобга олинса, якундаги дурангни улар учун яхши натижа дейиш мумкин.

Иккинчи бўлимни мезбонлар Салоҳнинг ушбу жамоадаги 100-голли паси ва Гакпонинг қайтариб бўлмас зарбаси билан бошлади ва мухлисларда «Ливерпул» камбэк қилишига умид пайдо бўлди. Мезбонлар том маънода «Фулҳэм» дарвозасини қамал қилишди, аммо қарши ҳужумда Робинсоннинг Родриго Мунизга иккинчи голли узатмаси туфайли яна бир гол ўтказиб юборди. Октябр ойида жароҳат олганидан буён шанба куни илк бор майдонга қайтган Диогу Жота эса жамоасига дуранг олиб келди. Португалиялик ҳужумчи жарима майдони яқинида Нунесдан узатма қабул қилиб, чиройли финт билан ҳимоячини йўлдан олди ва тўпни дарвоза тўрига йўналтирди.

«Арсенал» – «Эвертон» 0:0
«Арсенал» – Райя, Габриэл, Салиба, Люис-Скелли (Парти, 69), Тимбер, Мерино (Габриэл Жезус, 69), Райс (Жоржино, 62), Эдегор (Нванери, 62), Мартинелли (Троссар, 74), Ҳавертц, Сака.
«Эвертон» – Пикфорд, Миколенко, Брэнтуэйт, Тарковски, Янг, Дукуре, Гуйе, Мангаля, Ндиай, Калверт-Люин (Броя, 66), Ҳаррисон (Линдстрем, 66).

«Ливерпул» «Фулҳэм»га қарши ўйинда очко йўқотган илк гранд эмасди. Бир тур олдин «дачаликлар» «Арсенал» билан дуранг ўйнаганди (1:1). Ҳафта ўртасида Чемпионлар лигасида «Монако»ни йирик ҳисобда мағлуб этган (3:0) «канонирлар» эса АПЛда яна ғалаба қозона олмади. Бу мавсумда бир ўйиндаги аниқ узатмалар сони бўйича (682) рекорд ўрнатган  «Арсенал» кўплаб голли вазиятлар ярата олмади. Яратилган вазиятларда эса аниқлик етишмади, биринчи бўлим ўрталарида Эдегор жарима майдони марказида туриб йўллаган зарбани Пикфорд тўсиб қолди. Шанба кунги дуранглар «Челси» учун совға бўлди, ўз ўйинини якшанба куни ўтказадиган кўклар Микел Артета жамоасидан ўзиб кетиши ва «Ливерпул» билан орадаги фарқни қисқартириши мумкин. Лекин мерсисайдликларда «Эвертон»га қарши қолдирилган ўйин ҳам бор.

«Ноттингҳем Форест» – «Астон Вилла» 2:1
Голлар:
0:1 – 63 Дуран, 1:1 – 87 Миленкович, 2:1 – 90+3 Эланга.
«Ноттингҳем Форест» – Зелс, Уилямс, Мурилло (Морато, 68), Миленкович, Айна, Андерсон, Йейтс (Силва, 68), Ҳадсон-Одои (Боли, 90+4), Гиббс-Уайт, Домингес (Эланга, 77), Вуд.
«Астон Вилла» – Мартинес, Дин (Матсен, 90+1), Пау Торрес, Диего Карлос, Конса, Тилеманс (Онана, 74), Камара (Баркли, 90+1), Макгинн, Рожерс, Кэш, Дуран (Уоткинс, 74).

Ноттингҳемдаги учрашув кучли тўртликка киришга уринаётган жамоалар мақомига мос кечди. Ўйиннинг бир соати ўтганида Эмилиано Мартинес тўпни дарвоза чизиғи устида тўхтатиб қолиб, тур сейвини амалга оширди, бир неча дақиқа ўтиб эса «Астон Вилла»нинг ҳужуми Макгинн жарима майдони марказида турган Дуранга голли узатма етказиб бериши билан якунланди.

Аммо бу эпизодлар ҳал қилувчи бўлиб чиқмади ва ўйин охирида «Ноттингҳем» барчасини 180 даражага ўзгартирди. Аввалига «ўрмончилар»нинг энг яхши тўпурари Вуд урган гол VAR аралашуви билан бекор қилинди, унга ассистентлик қилган Элангада микроскопик офсайд аниқланди. Бундай вазиятларда кўп жамоалар синиб қолади, аммо Нуну Эшпирину Санту сўнгги дақиқаларда ҳақиқий штурм уюштириб, иккита гол уришга эришди. Бурчак зарбаси амалга оширилганида Гиббс-Уайт ҳужумни иккинчи темпда давом эттириб, тўпни Миленковичнинг бошига етказиб берди, қўшимча дақиқаларда Андерсон тўпни олиб қўйиши Элангага голли узатма билан якунланди.

«Ноттингҳем» бу ғалаба эвазига камида якшанба кунги Манчестер дербиси якунигача «Сити»ни тўртинчи ўриндан туширди. Эътиборли жиҳати, «ўрмончилар» АПЛда атиги иккинчи бор 90-дақиқадан кейин ғалаба голини урди, бунақаси биринчи бор 1995 йилда кузатилган. «Астон Вилла» эса қўшимча дақиқаларда ўтказиб юборилган голлар туфайли ютқазиш (25) бўйича турнир тарихида фақат энг омадсиз «Тоттенҳэм»дан ортда (27).

Испания: хавфли «асаларилар»

«Райо Валекано» – «Реал» 3:3
Голлар:
1:0 – 4 Унаи Лопес, 2:0 – 36 Мумин, 2:1 – 39 Валверде, 2:2 – 45 Беллингҳем, 2:3 – 56 Родриго, 3:3 – 64 Паласон.
«Райо Валекано» – Баталя, Чаваррия, Мумин, Лежен, Рациу, Эмбарба (Гарсия, 54), Унаи Лопес (Диас, 66), Сисс (Оскар Валентин, 60), Де Фрутос (Балиу, 66), Паласон, Нтека (Камело, 60).
«Реал» – Куртуа, Фран Гарсия, Рюдигер, Тчуамени, Васкес (Эндрик, 79), Модрич (Камавинга, 72), Валверде, Браим Диас (Винисиус Жуниор, 63), Беллингҳем, Гюлер (Себалос, 79), Родриго.
Огоҳлантиришлар: Баталя (27), Нтека (34), Паласон (44), Модрич (62), Винисиус Жуниор (74).

Ҳафта ўртасида ЕЧЛда «Аталанта»га қарши кечган ўйинда мухлисларини асабийлашишга мажбур қилган «Реал» Мадрид чеккасидаги ўйинда ҳам 4-дақиқадаёқ гол ўтказиб юборди. Де Фрутоснинг узатмасидан кейин Унаи Лопес тўпни Куртуанинг бўш қолган томонига йўллади. «Райо» футболчилари тўхташ ҳақида ўйламади ва ташаббусга эгалик қилишда давом этди. Амалдаги чемпионларнинг ҳимоя чизиғидаги муаммолардан фойдаланиб, «асаларилар» яна бир бор «иккинчи қават»дан гол уришди — бурчак зарбаси ижро этилганида Мумин бош билан аниқ зарба берди. Дарвоза соҳасига тўғри борган икки зарба — икки гол.

Лекин ҳисоб 2:0 кўринишига келгач, Карло Анчелотти шогирдлари уйғонишди, Валверденинг узоқ масофадан йўллаган зарбаси мезбонлар ҳимоясига тегиб траекториясини бироз ўзгартирди ва дарвозабонни иложсиз қолдирди. Танаффус арафасида эса ҳисоб тенглашди. Родригонинг қанотдан узатмасидан кейин Беллингҳем қаторасига олтинчи ўйинда дарвозани ишғол этди (ла лигада ҳужумчи позициясида бўлмаган футболчилар 72 йилдан буён бундай кўрсаткич қайд эта олмаганди).

«Реал»да ҳали захирада ўтирган Винисиус Жуниор ҳам бор эди, аммо Анчелотти яқинда жароҳатдан тузалган форвардни жангга ташлашга шошилмади. У майдондагиларга ишонч билдирди ва Родриго уялтирмади — бу ҳолатда ҳам кичик рикшошет орқали тўп тўсин остига учиб борди. Бразилиялик вингер учун бу 24 сентябрдан буён илк гол уриши эди. Аммо «Райо» нокаутга учрамади ва жавоб қайтарди, Леженнинг узатмасига етиб келган Паласон бир тегинишда Куртуани иложсиз аҳволда қолдирди. Барибир майдонга туширилган Винисиус гол уришига эса дарвозабон йўл қўймади. У ўзини ушлаб қолган «Райо Валекано» футболчиси сариқ карточка олмагани учун норозилик билдирди, ҳакам эса унинг ўзини огоҳлантирди. Бу жорий мавсумдаги бешинчиси бўлди ва у энди 22 декабр куни «Севиля»га қарши ўйинни ўтказиб юборади. Яна бир вазиятда унга жарима майдони чизиғи устида фол ишлатилди, аммо ҳакам буни эътиборсиз қолдирди.

Мадридликларда беқарор натижалар давом этмоқда ва «Барселона» бу турда ғалаба қозонса, «Реал» яна соядаги етакчи мақомини йўқотади. Лекин жамоа учун Валекасдаги муваффақиятсиз натижалар — анъанага айланиб қолган. Қаймоқранглилар бу ердаги сўнгги беш ўйинидан фақат биттасида ғалаба қозонган, шанба кунги натижа — қаторасига учинчи дуранг бўлди.

Италия: «Ювентус»да дуранглар серияси

«Каляри» – «Аталанта» 0:1
Гол:
0:1 – 66 Дзаниоло.
«Каляри» – Шерри, Луперто, Мина, Дзаппа, Ауджелло (Оберт, 71), Дейола (Гаэтано, 71), Макумбу (Марин, 77), Адопо, Дзортеа (Паволетти, 77), Пикколи, Лувумбу (Феличи, 53).
«Аталанта» – Карнезекки, Колашинац, Хин (Жимшити, 46), Коссуну, Брешианини (де Рон, 46), де Кетеларе (Дзаниоло, 64), Руджери, Эдерсон, Пашалич (Самарджич, 64), Белланова, Ретеги (Лукман, 46).

Биринчи бўлим давомида «Аталанта» барча кучини Чемпионлар лигасида қолдиргандек таассурот уйғонди, бергамоликлар «Реал» билан оғир ўйинда 2:3 ҳисобида ютқазганди. Агар Карнезекки бўлмаганида, «Каляри» ўйинни танаффусга қадар ҳал қилиши мумкин эди, у аввалига олис бурчакка йўналтирилган тўпни олиб чиқди, кейн эса икки бор яқин масофадан йўлланган зарбаларни тўсди. Иккинчи бўлим ўрталарида эса унинг бу ҳаракатлари бежиз кетмади ва меҳмонлар ғалаба голини уришди. Самаржич тўпни ўнг қанотга ўтказди, у ердан Белланова жарима майдонига узатма берди, Дзаниоло тўпга бир тегинишда дарвозани ишғол этди. Жан Пиеро Гасперини жамоаси нафақат турнир жадвалидаги пешқадамлик сақланиб қолинишини кафолатлади, балки ўз тарихида илк бор А серияда қаторасига ўн ўйинда ғолиб бўлди.

«Удинезе» – «Наполи» 1:3
Голлар:
1:0 – 22 Товен, 1:1 – 50 Лукаку, 1:2 – 76, автогол Жанетти, 1:3 – 81 Замбо-Ангисса.
«Удинезе» – Сава, Жанетти (Браво, 83), Бийол, Кристенсен, Земура (Модешту, 83), Эккеленкамп (Абанква, 83), Карлстрем, Ловрич (Атта, 34), Эхизибуэ (Камара, 70), Товен, Лукка.
«Наполи» – Мерет, Оливера, Буонджорно, Ррахмани, Ди Лоренцо, Мактоминей, Лоботка (Гилмор, 89), Замбо-Ангисса, Нерес (Распадори, 85), Лукаку (Симеоне, 80), Политано (Нгонж, 85).

Бергамоликларнинг асосий таъқибчиси «Наполи» ҳам бу турда қийналди, жароҳат туфайли Кварахцелия қатнашмаган ўйиннинг биринчи бўлими ўрталарида жанубликлар дарвозасига пеналти белгиланди. Мерет Товеннинг зарбасини қайтарган бўлса-да, француз қайтган тўпга биринчи бўлиб етиб келиб, ҳисобни очди. Антонио Конте танаффусда жамоасини ўзига келтира олди ва иккинчи бўлим бошида Мактоминай ҳимоячилар орасидан ўтказиб берган пасга Лукаку етиб бориб, мувозанатни тиклади. Ҳисоб 1:1 кўринишига келгач, неаполитанликлар аста-секинлик билан босимни кучайтирди, якунда Давид Нереснинг рейди «Удинезе» ҳимоячиси ўз дарвозасини ишғол этиб қўйиши билан якунланди. «Зебралар» бу зарбадан бош кўтаришга улгурмасидан учинчи гол ҳам урилди — Замбо-Ангисса мезбонлар мудофаа чизиғига ёриб кириб якуний натижани ўрнатди. «Наполи» энди «Интер»нинг якшанба кунги ўйини натижасидан қатъи назар иккинчи ўринда қолади.

«Ювентус» – «Венеция» 2:2
Голлар:
1:0 – 19 Гатти, 1:1 – 61 Эллертссон, 1:2 – 83 Идзес, 2:2 – 90+5 Влаҳович
«Ювентус» – Ди Грегорио, Данило (Локателли, 86), Калулу, Гатти, Савона (Фажоли, 80), Тюрам, Маккенни, Йилдиз (Гонсалес, 86), Копмейнерс (Дуглас Луис, 66), Веа (Франсишку Консейсау, 65), Влаҳович.
«Венеция» – Станкович, Шверко, Свобода (Алтаре, 32), Идзес, Бузио, Ористанио (Гюткяер, 81), Дзампано, Эллертссон (Чрнигой, 81), Николусси-Кавиля, Андерсен (Кандела, 74), Поҳянпало (Йебоа, 74).

Ҳафта ўртасида «Манчестер Сити»га қарши қийин учрашув ўтказган «Ювентус» бу ўйинни ҳам кучли бошлади. Туринликлар голни кечиктиришмади ва бурчак зарбаси ижро этилганида Тюрам тўпни олис устун яқинида турган Гаттига ошириб берди. Фақат мезбонлар муваффақиятни ривожлантира олмади ва «Венеция» иккинчи бўлимда жавоб қайтарди. Эллертсен қанотдан узатилган тўпни дарвоза тўрига йўллаганида уни қўриқлаши керак бўлган Савона сусткашлик қилди. Фақат бу ҳали ҳаммаси эмасди, «Кекса синиоралар» турнир жадвалининг сўнгги поғонасида бораётган жамоага ўз уйида ютқазиб қўйиши ҳам мумкин эди.

Индонезиялик ҳимоячи Идзес А сериядаги илк голини урди, жарима зарбасидан тўп ошириб берилганида уни қўриқлаши керак бўлган Гатти антиқаҳрамонга айланди. Аммо ўтган турда бўлгани каби, «Юве» қўшимча дақиқаларда мағлубиятдан қутулиб қолди. «Болоня» билан ўйинда Влаҳович ҳал қилувчи голга узатма берганди. Энди — Франсишку Консейсаунинг зарбасидан кейин тўп дарвозабондан қайтганида ҳимоячилар қўли билан тўпни ўйнаганида қўйилган пеналтини аниқ ижро этди. Туринликлар характер намойиш этмоқда, аммо жамоа ички чемпионатда қаторасига уч ўйинда дуранг ўйнади. Ва 16 турдан кейин атиги олти ғалабага эришди, Тиаго Моттанинг илк мавсумида жамоа 1998 йилдан буён энг ёмон стартни қайд этмоқда.

Германия: интрига жонланди

«Аугсбург» – «Байер» 0:2
Голлар:
0:1 – 14 Тере, 0:2 – 40 Виртц.
«Аугсбург» – Лабрович, Шлоттербек, Гауэлеу, Матсима, Якич, Майер (Кемюр, 46), Онека (Муне, 87), Яннулис (Кудоссу, 59), Волф, Титц (Клод-Морис, 59), Эссенде (Варгас, 76).
«Байер» – Градецки, Инкапиэ, Та, Тапсоба, Виртц, Телла (Алеиш Гарсия, 87), Грималдо (Белосян, 90+2), Андрих (Паласиос, 87), Чака, Фримпонг (Артур, 90+2), Тере (Шик, 68).

Ўтган турда «Аугсбург» «Айнтрахт»дан очко тортиб олиб (2:2), ўзи истамаган ҳолда леверкузенликларга ёрдам бериб юборганди, аммо «Байер»нинг ўзига қарши ўйинда ҳеч нарса қилолмади. Амалдаги чемпионлар биринчи бўлимдаёқ барча масалани ҳал қилиб, барча турнирлар ҳисобга олинса, қаторасига еттинчи ғалабасига эришди. Биринчи голли ҳужумни Чака бошлаб берди, унинг диагоналидан кейин Фримпонг рақиб жарима майдонига ёриб кирди, нидерландиялик ҳимоячининг узатмасидан Терре унумли фойдаланди. Кейин эса Вирц муваффақияти мустаҳкамлади. Камида «Лейпциг» ва «Айнтрахт» ўртасида якшанба куни бўлиб ўтадиган ўйин якунига қадар Ҳаби Алонсо жамоаси иккинчи ўринга чиқиб олди. Чемпионатда илк бор ютқазган «Бавария» билан орадаги фарқ кутилмаганда тўрт очкогача қисқарди.

«Майнц» – «Бавария» 2:1
Голлар:
1:0 – 41 Ли Жэ Сон, 2:0 – 60 Ли Жэ Сон, 2:1 – 87 Сане.
«Майнц» – Центнер, Белл, Йенц, Кор, Ли Жэ Сон, Небел (Хон Хен Сок, 84), Мвене, Амири, Сано, Каси, Буркардт (Зиб, 15).
«Бавария» – Перец, Геррейру (Горетцка, 58), Ким Мин Жэ, Дайер (Тел, 64), Лаймер, Павлович (Боэ, 58), Киммих, Сане, Мусиала, Олисе, Мюллер.

«Майнц» ҳар йили ўз стадионида «Бавария»ни мағлуб этиш анъанасига содиқ қолган ҳолда бундеслигага интрига қайтарди ва ўзи ҳам турнир жадвалида олтинчи ўринга кўтарилиб олди. Мюнхенликлар 2021 йилдан буён Майнцдаги ўйинларда тўрт бор ютқазиб, фақат бир ғалабага эришган. Гарчи мезбонлар кубок турнирларда мунтазам равишда йирик ҳисобда таслим этилган бўлса-да. Аммо «Майнц» барчасини ёдда сақлайди ва қасд олади. Бу сафар — март ойида Мюнхендаги шармандали ҳисоб (1:8) ва октябр ойида Германия Кубогидаги 0:4 ҳисобида учралган мағлубият учун.

Ўйинда кутилганидек «Бавария» устунлик қилди, Олисе эса ҳисобни очиши мумкин эди, аммо унинг зарбасидан кейин тўп устунга борди. Бошқа томондан, майдон марказида ҳимоячилардан қочиб кетган Буркардт меҳмонларни кечирди. Ва бу «Майнц»нинг ягона вазияти бўлиб қолмади, Ли Жэ Соннинг ҳисобни очувчи голи ўйин мантиғидан келиб чиқди. Ва айнан у иккинчи бўлимда мезбонларнинг ҳисобдаги устунлигини оширди, мюнхенликлар бунга фақат ўйин охирида Сане урган гол билан жавоб қайтарди. Германия чемпионатида ҳам кураш авж олмоқда.

Франция: «ПСЖ» учун совға

«Марсел» – «Лилл» 1:1
Голлар:
1:0 – 17 Мерлен, 1:1 – 87 Диаките.
«Марсел» – Рули, Балерди, Мурильо, Кондогбиа, Рабио, Гринвуд (Надир, 84), Мерлен (Лирола, 75), Ронже (Корнелиус, 74), Ҳёйберг, Луис Энрике, Мопе (Роу, 88).
«Лилл» – Шевале, Гудмундссон, Алессандро, Диаките, Манди (Мене, 65), Мукау (Андре Гомеш, 65), Андре, Фернандес Пардо (Саҳравий, 65), Ҳаралдссон (Кабелла, 81), Жегрова (Баккер, 46), Дэвид.
Четлатиш: Лирола (90+5).

Турнинг марказий учрашувида етакчилар гуруҳидаги икки жамоа тўқнашди, ўйиннинг катта қисми «Марсел» назоратида ўтди, биринчи бўлимнинг биринчи қисмидаёқ ҳисобни очган жамоа ғалабани сақлаб қолиб, иккинчи ўринни мустаҳкамлаши кутилганди. Аммо Мерленнинг голи якунда ғалабани таъминламади ва фақат 15 турдан кейинги сермаҳсуллик бўйича (32 гол) сўнгги ярим асрдаги рекорд натижа қайд этиш учунгина етарли бўлди. Жамоа яна гол уриши талаб этиларди, аммо Мопенинг зарбаси устунга тегди, қолган вазиятларда «Лилл»ни Шевале қутқарди. Дарвозабон шерикларига 21 сентбярдан буён давом этаётган мағлубиятсиз серияни давом эттиришга имкон қолдирди ва бу вазифа уддаланди, энди жамоанинг барча турнирлар доирасидаги мағлубиятсиз серияси 16 ўйинни ташкил этмоқда. «Итлар» жамоасини Кабелланинг жарима майдонига узатмасини боши билан голга айлантирган Диаките мағлубиятдан қутқарди. Брюно Женезио жамоаси тўртинчи ўринда қолди, аммо якшанба куни «Лион» «ПСЖ»ни мағлубиятга учратса, бу ўринни тортиб олиши мумкин.

Кун статистикаси

«Фейеноорд» ҳужумчиси Ҳименес танаффусгача ҳет-трик қайд этиб, клубда Дирк Кюйт 2015 йилда қайд этган натижани такрорлади.

ПСВ 2017 йил ёзидан буён илк бор қаторасига 2 учрашувда гол урмасдан ютқазди.

«Реал» яримҳимоячиси Валверде бу мавсумда жарима майдони ташқарисидан урган голлари сонини 4 тага етказиб, бу борада топ-5 лигаларда яққол етакчилик қилмоқда.

Бу мавсумда «Астон Вилла» сафида 5 ўйинда бошланғич таркибга киритилган колумбиялик ҳужумчи Дуран бу учрашувлардан ҳар бирида гол урди.

«Боавишта» 18 йилдан буён илк бор «Спортинг» майдонида икки гол уришга эришди.

Антонио Конте бошқарувидаги жамоалар сўнгги етти мавсумдан бештасида Италия чемпионатининг 16-туридан кейин 35 очко жамғарган. Бу турнир тарихидаги энг яхши кўрсаткич.

Мавзуга оид