Жамият | 17:36 / 16.12.2024
15386
3 дақиқада ўқилади

Қишга сақланган узумлар

Олтиариқликларнинг узуми нафақат ҳосилининг мўллиги, балки унинг узоқ муддат сақланиши билан ҳам машҳур. Айни қиш фаслида хонадонларда сақланган узумлар мева бозорларини тўлдирган. Аксарият олтиариқликлар хонадонида эса ҳали ҳам узумлари узилмаган ҳолатда турибди. Деҳқон уни баҳоргача авайлаб парвариш қилади. Туманнинг мева бозорида эса байрам олдидан савдо анча жонланган. Узумлар айни кунларда ҳолатига қараб 20 минг сўмдан 35 минг сўмгача сотилмоқда.

Олтиариқ мева бозорида бўлиб савдо жараёнларини кузатдик. Узумлар ички бозор ҳамда экспортга чиқариляпти. Сотувчиларнинг айтишича, ўтган йилгига қараганда бу йил узум нисбатан арзон. Ўтган йили декабр ойида узумлар ҳолати ва навига қараб кг 30 минг сўмдан 50 минг сўмгача сотилган экан.

“Бозорга тўрт хил навдаги узумлар олиб чиқдим. Гулукаптар, «дамский», шоҳонак ва ҳусайни. «Дамский»лар озгина қимматроқ, ўн саккиз, йигирма минг.

Янги йил учун асосан “баклажка” услубида сақланган узумлар чиқяпти, улар қимматроқ бўлади, одамларнинг уйида кўп ёки кам бўлишига қараб. Кўпайиб кетса, арзонлаб кетиши ҳам мумкин. Агар қирғиз, қозоқ, Россияга тортиб қолса узумлар сезиларли даражада қимматлаб кетади.

Ўтган йили ҳусайнилар эллик минг, «дамский»лар эса олтмиш минггача чиққан янги йил арафасида. Ўшанда “баклажка” усулида сақланган узумни Тошкентдаги Юнусобод бозорида эллик минг сўмдан сотганмиз.

Бу йил узум ниҳоятда кўп ҳосил берди. Яхши даромад олдик”, дейди сотувчилардан бири.

Ҳусанбой Ғофуровнинг уйида узумлар ҳали ҳам узилмаган ҳолатда турибди

Ҳусанбой Ғофуров

“Хонадонимизда йигирма беш хил навдан ортиқ узумлар бор, энг чидамли ва яхши сақлангани ҳусайни ва келинбармоқ навидир.

Октябр ойида узилган узумлар омборхонамизда келаси йил узум пишгунича сақлаб турилади.

Навдасидан узилмаган узумлар эса апрел-май ойигача плёнка остида яхши ҳолатда тураверади”, дейди Ҳусанбой Ғофуров.

Сарвар Зиёев, Kun.uz

Монтаж устаси: Сардор Мамиров.

Мавзуга оид