Россия мудофаа вазири армияни НАТО билан урушга тайёрлашни буюрди
РФ мудофаа вазири Андрей Белоусов Россия НАТО билан «яқин ўн йилликда» юзага келиши мумкин бўлган ҳарбий можарога тайёр бўлиши кераклигини маълум қилди.
Россия «яқин ўн йилликда» Европада НАТО билан юзага келиши мумкин бўлган ҳарбий можарога тайёр бўлиши керак. Бу ҳақда РФ мудофаа вазири Андрей Белоусов маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, Шимолий Атлантика алянси билан эҳтимолий тўқнашув ҳақида ҳарбий блок томонидан қабул қилинган охирги қарорлар дарак бермоқда. «Шунингдек, бу АҚШ ҳамда НАТОга аъзо бошқа давлатларнинг доктринал ҳужжатларида ўз аксини топмоқда», — дейди Белоусов Россия Мудофаа вазирлиги коллегиясининг кенгайтирилган йиғилишида.
Ҳарбийлар қаршисида РФ президенти Владимир Путин ҳам чиқиш қилиб, НАТО давлатлари ҳарбий харажатларни ошираётгани, Американинг Европадаги ҳарбий хизматчилари сони эса 100 минг кишидан ошганини маълум қилди. «Россия чегаралари яқинида алянс қўшинларининг зарба гуруҳлари шаклланиб, бирлашмоқда», — дейди Путин.
Унинг сўзларига кўра, НАТО истаклари аллақачон алянснинг «тарихий масъулият зонаси» доирасидан чиқиб кетган. «Алянс Шарқий қанотдан ташқари, Осиё-Тинч океани минтақасидаги иштирокини оширмоқда. АҚШ кўмагида ўнлаб йиллар давомида шаклланган хавфсизлик архитектурасига путур етказадиган янги ҳарбий-сиёсий иттифоқлар юзага келяпти», — дея таъкидлайди Путин.
Шунингдек, унинг қайд этишича, АҚШ 5500 километр узоқликка учишга қодир ракеталар яратиш ва уларни олдинги позицияларга жойлаштиришга тайёрланмоқда, шу билан бирга, «ушбу ракета тизимларини Европа ва Осиё-Тинч океани минтақасига жойлаштириш ишлари аллақачон бошланган». Путиннинг эслатишича, бу турдаги ҳаракатлар АҚШ ва СССР ўртасида 1987 йилда имзоланган Ўрта ва яқин масофали ракеталар тўғрисидаги шартнома билан тақиқланган.
Аввалроқ НАТО бош котиби Марк Рютте алянс аъзоларини ўрта муддатли истиқболда Россия билан эҳтимолий урушга тайёрланишга чақирганди. Брюсселдаги чиқиши давомида у мудофаани мустаҳкамлаш бўйича ҳозирги саъй-ҳаракатларни етарлича эмас деб баҳолаган. «Тўрт-беш йилдан кейин содир бўладиган воқеаларга тайёр эмасмиз. Ҳозир Украинада бўлаётган воқеалар биз билан ҳам юз бериши мумкин», — деган у.
Мавзуга оид
15:01 / 20.12.2024
Олаф Шолц НАТО бўйича иттифоқчиларни Украинани қўллаб-қувватлашга чақирди
07:52 / 19.12.2024
НАТО Киевга ҳарбий ёрдамни мувофиқлаштиришни ўз зиммасига олди
19:58 / 13.12.2024
НАТО бош котиби 5 йилдан кейин Россия билан урушга тайёргарлик кўришга чақирди
13:29 / 13.12.2024