Жаҳон | 16:31 / 16.12.2024
1602
2 дақиқада ўқилади

Укол ўрнига крем: қоқшолга қарши янги турдаги вакцина яратилди

АҚШнинг Станфорд университети олимлари қоқшолга қарши эмлаш учун крем ишлаб чиқарди. Вакцинанинг асосини инсон терисида учрайдиган бактерия ташкил этади. У сичқонларда синаб кўрилди.

New Atlas маълумотларига кўра, Staphylococcus epidermidis бактерияси зарарсиз бўлса-да, у одамларда касалликка қарши кучли иммунитет жавобини ҳосил қилади. Олимлар ушбу бактерияни қоқшол токсинини қўшиб модификация қилди. Вакцина ноинвазив усулда олти ҳафта давомида сичқонлар бошига сурилган. Натижада ҳайвонларда қоқшолга қарши сезиларли даражада кўп антитаначалар ҳосил бўлган.

S. epidermidis бактериясининг модификацияланган шакли сурилган кемирувчиларга қоқшол қўзғатувчисининг ўлдирадиган дозаси юборилганда уларда ҳеч қандай белгилар кузатилмади. Ҳатто доза миқдори олти баравар кучайтирилганда ҳам сичқонлар тирик қолди. Вакцина сурилмаган кемирувчилар эса инфекция туфайли нобуд бўлди.

Тажрибаларнинг бирида олимлар қоқшол токсинини дифтерия токсини билан алмаштирганда, у ҳам сичқонларда кучли иммун жавобни юзага келтирди.

Вакцинани ноинвазив усулда юбориш оддий эмлашларда кўп учрайдиган ножўя таъсирлар, масалан инъекция қилинган жойнинг яллиғланиши хавфини камайтиради. Кейинги тадқиқотларда эмлаш кремини маймунларда синаш кўзда тутилган. Агар синовларнинг ушбу босқичи муваффақиятли ўтса, бир неча йилдан сўнг одамларда клиник синовлар бошланиши мумкин.

Аввалроқ АҚШда кучли қон кетишини бир неча сонияда тўхтатадиган гелдан фойдаланиш бошланганди.

Мавзуга оид