Жаҳон | 08:50 / 17.12.2024
1057
3 дақиқада ўқилади

АҚШ Гуржистонга қарши қўшимча санкциялар жорий этишга тайёрланмоқда

АҚШ Гуржистоннинг демократиядан орқага чекиниши сабабли «яқин ҳафталарда» унга қарши янги санкциялар жорий қилади, деб хабар берди Давлат департаменти. Аввалроқ Вашингтон Гуржистон ҳукумати билан алоқадор шахсларга нисбатан виза чекловларини жорий қилган эди.

Фото: DPA

Қўшма Штатлар Гуржистонга нисбатан «яқин ҳафталарда» қўшимча санкциялар жорий этишга ҳозирлик кўрмоқда. Бу ҳақда 16 декабр, душанба куни бўлиб ўтган брифингда АҚШ Давлат департаменти матбуот хизмати раҳбари Мэттю Миллер маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, Вашингтон Гуржистондаги демократия ҳолати ва бу демократияга путур етказаётган «Гуржистон орзуси» партиясининг ҳаракатларидан «жуда хавотирда».

12 декабр, пайшанба куни Давлат департаменти Қўшма Штатлар мамлакатдаги «демократияга путур етказиш»да айбдор бўлган йигирмага яқин Гуржистон фуқаросига нисбатан виза чекловлари жорий қилаётганини маълум қилди. Рўйхатдагиларнинг исмлари тилга олинмаган, аммо улар орасида вазирлар, парламент аъзолари ва юқори мартабали хавфсизлик ходимлари борлиги маълум.

Аввалроқ АҚШ Гуржистонга қарши санкциялар киритган эди

Июн ойида Қўшма Штатлар Гуржистонда оммавий норозиликларга сабаб бўлган мунозарали «Хорижий таъсирнинг шаффофлиги тўғрисида»ги қонун қабул қилинганидан кейин Гуржистон расмийларига қарши санкциялар жорий этган эди. Сентябр ойида Вашингтон 60 дан ортиқ Гуржистон фуқаролари ва уларнинг оила аъзоларига виза чекловлари киритди. Улар, Қўшма Штатларга кўра, Гуржистондаги «асосий эркинликларга, жумладан, сўз эркинлигига путур етказмоқда».

Гуржистон парламенти ёнида «норозилик» арчаси пайдо бўлди

Гуржистон пойтахтида ўн биринчи кундан бери давом этган оммавий норозилик намойишлари иштирокчилари Руставели проспектидаги парламент биноси ёнидаги янги йил арчасини яраланган фаоллар ва журналистлар суратлари билан «безади», деб хабар берди «Грузия Онлине» портали 8 декабр куни.

Намойишчилар йиғилган жойга янги йил арчаси каркаси тушдан кейин Тбилиси мэрияси буйруғи билан ўрнатилди. Бироқ намойишчилар шаҳар хизматларига янги йил рамзини тўлиқ йиғишга тўсқинлик қилишди, шундан сўнг фақат ярми сунъий шохлар билан безатилган каркас полиция томонидан ўраб олинган. Кечки норозилик бошланганидан кейин арча назорати яна намойишчилар қўлига ўтди. Унда фотосуратлардан ташқари Гуржистон, Европа Иттифоқи, Украина ва АҚШ байроқлари ҳам бор эди. Кейинроқ арча олдида намойишчиларнинг тарқатилишини назорат қилувчи махсус вазифалар департаменти бошлиғи Звиад Харазишвилининг тимсоли ёқиб юборилган.

Тбилиси мэри Каха Каладзе янги йил арчаси албатта тегишли шаклга келтирилишига ваъда берди.

Мавзуга оид