Жамият | 19:59 / 17.12.2024
1586
2 дақиқада ўқилади

Қорақалпоғистонда 1 млрд сўмлик кўмир талон-торож қилингани аниқланди

Нукус туманида давлат-хусусий шерикчилик битимига асосан кўмир етказиб берувчи МЧЖ 2,5 минг тоннадан зиёдни кўмирни талон-торож қилгани маълум бўлди.

Фото: Бош прокуратура ҳузуридаги департамент

Қорақалпоғистон Республикаси ва Наманган вилоятида ижтимоий соҳа объектларини иситиш учун етказиб берилган кўмирни талон-торож қилиш ҳолатлари аниқланди, деб хабар беради Бош прокуратура ҳузуридаги департамент.

Қайд этилишича, департаментнинг Нукус тумани бўлими томонидан терговга қадар текширув ўтказилган. Текширув давомида давлат-хусусий шерикчилик битимига асосан кўмир етказиб берувчи «Н.А.» МЧЖга ижтимоий соҳа объектларини иситиш учун етказиб берилган кўмир ўлчовдан ўтказилганида МЧЖ масъул шахслари умумий баҳоси 1 миллиард сўмлик жами 2 514 тонна кўмирни талон-торож қилгани аниқланган.

Шу каби департаментнинг Наманган вилояти бошқармаси томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда давлат-хусусий шерикчилик битимига асосан кўмир етказиб берувчи «О.Д.» МЧЖ раҳбари О.Қ. ва бошқалар куз-қиш мавсумида Косонсой туманидаги бюджет ташкилотларини иситиш учун ажратилган умумий баҳоси 263,1 миллион сўмлик 609,9 тонна кўмирни бошқа шахсларга қиммат нархларда сотиб юборгани маълум бўлган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Аввалроқ Наманганда аҳолига етказиб берилиши керак бўлган 13 тонна кўмир талон-торож қилингани, Сурхондарёда эса тегишли ҳужжатлари бўлмаган 100 тонна кўмирни 100 миллион сўмга сотган фуқаро ушлангани тўғрисида хабар берилганди.

Мавзуга оид