Жаҳон | 13:27 / 17.12.2024
1175
2 дақиқада ўқилади

ЕИ Минскка қарши санкцияларни кенгайтирди

Европа Иттифоқи кенгаши фуқаролик жамияти ва демократик мухолифатни таъқиб қилиш, шунингдек, Европа Иттифоқи санкцияларини четлаб ўтиш учун жавобгар бўлган 26 киши ва икки компанияни қора рўйхатга киритди.

Фото: Nicolas Landemard / Le Pictorium/MAXPPP/dpa/picture alliance

ЕИ кенгаши Беларус ҳукумати томонидан президент Александр Лукашенконинг сиёсий мухолифларига нисбатан амалга оширилган репрессиялар билан боғлиқ ҳолда Беларусга қарши санкцияларни кенгайтирди. 16 декабр, душанба куни 26 жисмоний ва икки юридик шахсни қора рўйхатга киритиш тўғрисида қарор қабул қилинди, дейилади ЕИ органи сайтида.

Судялар, қамоқхона бошлиқлари, компания эгалари ва раҳбарлари

Шу жумладан, сиёсий ишлар бўйича айблов ҳукми чиқарган судяларга, «сиёсий маҳбуслар ғайриинсоний шароитларда сақланаётган ва номақбул хатти-ҳаракатларга учраган» қамоқхоналар ва тергов ҳибсхоналари раҳбариятига нисбатан жазо чоралари жорий этилди, дейилади баёнотда.

Бундан ташқари, санкциялар Лукашенко режимидан турли имтиёзлар орқали фойда кўрувчи, шунингдек, ЕИ санкцияларини четлаб ўтишга ёрдам берадиган компаниялар эгалари ва менежерларига жорий этилди. Бошқа нарсалар қаторида, Беларуснинг Европа Иттифоқи билан чегарасида иккита назорат-ўтказиш пунктига эга бўлган ва Лукашенко режимидан сезиларли имтиёз ва афзалликларга эга бўлган «ВЛАТЕ Логистик» транспорт-омбор компанияси ва унинг эгаларига нисбатан чеклов чоралари киритилди.

Режимдан фойда кўрувчи ва Европа Иттифоқи санкцияларини четлаб ўтишга ёрдам берадиган юк ташувчи «Рузэкспедиция» ҳам қора рўйхатга киритилган. Компания Европа Иттифоқидан Беларусга санкциялар орқали тақиқланган автомобилларни етказиб бериш билан шуғулланади.

Мавзуга оид