Жаҳон | 13:55 / 18.12.2024
23908
4 дақиқада ўқилади

«Бизда уларни қайтариш учун куч йўқ». Зеленский — Қрим ва Донбасс ҳақида

У Путинга босим ўтказиш ва бу урушни тўхтатиш учун кучли Америка ва Европа кераклигини таъкидлади.

Фото: Le Parisien

Украина президенти Володимир Зеленский украин армияси Қрим ва Донбассни мустақил равишда қайтариб олмаслигини тан олди. У бу ҳақда французларнинг Le Parisien газетасида 17 декабр куни эълон қилинган интервюсида гапирган.

Нашр Зеленскийдан у урушни якунлаш учун қандай ён беришларга тайёрлигини сўраган. «Қрим ёки Донбассни, ҳеч бўлмаганда вақтинча беришга [тайёрмисиз]?» — дея сўраган газета журналисти.

Зеленский жавоб қайтарган:

«Биз ҳудудларимиздан воз кечолмаймиз. Украина Конституцияси бизга буни тақиқлайди. Де-факто бу ҳудудларни ҳозирда россияликлар назорат қилмоқда. Бизда уларни қайтариб олиш учун куч йўқ. Биз фақат Путинни музокаралар столига ўтиришга мажбур қилиш учун халқаро ҳамжамият томонидан дипломатик босимга таяншимиз мукин. 

Ҳайронман: бизни қўллаб-қувватлаётган Ғарб нега унга бунчалик ғамхўрлик қилмоқда? Нега биз уруш бошиданоқ оммавий равишда қуроллантирилмадик? Менинг нутқим ҳақоратли туйилиши мумкин. Аммо менда шундай таассурот борки, ҳамма Путин Россиясидан қўрқадигандек. У жазосиз қолмоқда. Путинга босим ўтказиш ва бу урушни тўхтатиш учун бизга кучли Америка ва Европа керак».

Шунингдек, Зеленскийдан Владимир Путин билан битта музокаралар столига ўтиришга қанчалик тайёрлигини сўрашган.

«Рўпарада ким ўтиргани муҳим эмас. Муҳими музокара олиб бораётганда ўзингиз қандай ҳолатда бўлишингиздир. Мен биз кучсиз позициядамиз деб ўйламайман, аммо кучли [позицияда] ҳам эмас. Биз НАТОда бўламизми? Буни билмаймиз. Европа иттифоқининг бир қисмига айланамизми? Ҳа, келгусида, аммо қачон?

Бундай шароитда Путин билан музокаралар столига ўтириш унга бизнинг ҳудуддаги барча масалани ҳал қилиш ҳуқуқини бериш демакдир. Аввалига биз модел ишлаб чиқишимиз керак, ҳаракатлар режаси ёки тинчлик режаси — қандай истасангиз, шундай атанг. Шунда биз уни Путинга ёки, кенгроқ айтганда, россияликларга тақдим этишимиз мумкин».

Зеленский дунёдаги бирор етакчи «Путин билан Украина иштирокисиз музокаралар олиб боришга ҳақли эмаслиги»ни қайд этган. «Биз бу мандатни ҳеч кимга берганимиз йўқ. Биз — жабрдийдамиз», — деган Зеленский.

WSJ манбаларига кўра, Украина ҳукумати декабр ойида АҚШнинг сайланган президенти, сайловолди кампанияси даврида бу можарога тезда барҳам беришни ваъда қилган Доналд Трамп жамоаси билан Россия-Украина урушида ўт очишни тўхтатиш бўйича музокаралар бошлаган. Зеленский 7 декабр куни Парижда Трамп билан учрашди, бу Франция президенти Эммануэл Макрон томонидан ташкиллаштирилди. Париждаги музокаралардан кейин Трамп томонларни ўт очишни тўхтатиш ва музокараларни бошлашга чақирди. Кремлдагилар Россия музокараларга очиқлиги, аммо музокаралар бошланиши учун Украина ҳукумати Россия раҳбарияти билан контакт қилишга қўйилган тақиқни бекор қилиши лозимлигини билдирди. Украина расмийлари эса бир неча бор Россия музокараларга тайёр эмаслигини айтган.

Мавзуга оид