Жаҳон | 08:54 / 18.12.2024
3260
3 дақиқада ўқилади

НАТО АҚШни Украинага ҳарбий ёрдам координатори ролида алмаштирди

Ғарбнинг Украинага ҳарбий ёрдами энди Доналд Трамп Оқ уйга қайтганидан сўнг ушбу механизмни ҳимоя қилиш учун НАТО томонидан мувофиқлаштирилади. Шимолий Атлантика алянси янги миссиясининг бош қароргоҳи Германияда жойлашган.

Фото: AP / Virginia Mayo

Шимолий Атлантика алянси АҚШ ўрнига Ғарбнинг Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатишини мувофиқлаштиришни ўз зиммасига олди. Бу ҳақда 17 декабр, сешанба куни манбаларга таяниб, Reuters агентлиги хабар берди. Уларга кўра, НАТО шу йўл билан АҚШнинг сайланган президенти Доналд Трамп Оқ уйга қайтганидан кейин Киевни қўллаб-қувватлаш механизмини ҳимоя қилмоқчи.

Илгари Киевга ҳарбий ёрдамни Вашингтон бошчилигидаги Рамштайн гуруҳи мувофиқлаштирган, у Германиядаги худди шу номдаги АҚШ ҳаво кучлари базасида йиғилган. Энди, Reuters маълумотларига кўра, Германиянинг Висбаден шаҳридаги Америка ҳарбий базасида жойлашган НАТОнинг Украина учун хавфсизлик ва таълим (NSATU) алянсининг янги миссияси аллақачон буни амалга оширишга киришган.

Агентликнинг таъкидлашича, ваколатларнинг НАТОга ўтказилиши чекланган самара бериши мумкин, чунки Трамп президентликка келганида Американинг Украинага кўрсатаётган ёрдамини камайтириши эҳтимоли бор. Шу пайтгача Қўшма Штатлар ушбу кўрсаткич бўйича дунёда етакчилик қилган: Килдаги Жаҳон иқтисодиёти институти (ifw) ҳисоб-китобларига кўра, 2022 йил январидан 2024 йил январигача Вашингтон Киевга 42,2 миллиард евро ажратган. Ёрдам ҳажми бўйича Германия 17,1 миллиард билан иккинчи ўринда эди.

Трамп: Украинадаги сулҳни европаликлар назорат қилиб боради

АҚШнинг сайланган президенти Доналд Трамп Европа давлатларига ўт очишни тўхтатиш режимига риоя этилишини назорат қилиш учун Украина ҳудудига ўз қўшинларини жойлаштиришни таклиф қилди. Бу ҳақда 12 декабр куни манбаларга таяниб, The Wall Street Journal нашри хабар берди.

Нашр суҳбатдошларига кўра, бу ташаббус Украина президенти Володимир Зеленский ва Франция президенти Эммануэл Макрон билан 7 декабр куни Парижда бўлиб ўтган учрашувда маълум қилинган. Трамп Зеленский ва Макронга Украинанинг НАТОга қўшилишини қўллаб-қувватламаслигини, аммо урушдан кейин Украина «кучли ва яхши қуролланган бўлишини» хоҳлашини айтди.

Европа Украинани ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлашда асосий рол ўйнаши керак, деди Трамп. Америка ҳарбийлари, унинг режасига кўра, бу миссияда бевосита иштирок этмайди, аммо сиёсатчи АҚШнинг Европа контингентини қандайдир тарзда қўллаб-қувватлашини истисно этмади.

Мавзуга оид