Ўзбекистон | 21:08 / 18.12.2024
1819
2 дақиқада ўқилади

Татаристон компанияси Навоийда махсус саноат парки қурмоқда

Навоийга келган Татаристон раиси Рустам Миннихонов икки ҳудуд ҳамкорлигидаги махсус саноат парки қурилиши ва бошқа лойиҳалар билан танишди.

Фото: Навоий вилояти ҳокимлиги

Татаристон раиси Рустам Миннихонов Навоий вилоятига келди. Уни Навоий халқаро аэропортида Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсунов кутиб олди. Бу ҳақда Kun.uz’га вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Татаристон делегацияси Навоий Эркин иқтисодий зонасида Татаристон билан ҳамкорликда қад ростлаётган махсус саноат паркида амалга оширилаётган қурилиш ишлари билан танишган. Рустам Миннихоновга саноат паркида ташкил этилаётган лойиҳалар тақдимоти қилинган.

Қайд этилишича, 2023 йилнинг октябрида Қозон шаҳрида бўлиб ўтган Ҳудудлараро бизнес форумида Татаристон компанияси билан Навоийда махсус саноат паркини ташкил этиш бўйича келишувга эришилган. Мазкур саноат паркида умумий қиймати 251 млн АҚШ доллари бўлган 19 та лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган.

Дастлаб 140 млн долларлик озиқ-овқат саноати учун қадоқлаш идишлари, жумладан алюминий банкалар ишлаб чиқариш лойиҳаси ташкил этилмоқда. Лойиҳа доирасида йилига 1,5 млрд дона алюминий банка ишлаб чиқарилади ва бу йўналишда 200 та янги иш ўрни яратилади.

Рустам Миннихонов билан икки ҳудуд ўртасида бошқа йўналишларда ҳам ҳамкорликни кучайтириш бўйича истиқболли лойиҳалар муҳокама қилинган.

Президент Шавкат Мирзиёев октябр ойида Қозон шаҳрига ташрифи чоғида Татаристон раиси Рустам Миннихонов билан учрашув ўтказган эди. Унда Ўзбекистон ҳудудида қўшма иқтисодий ва саноат зоналари фаолиятини кенгайтириш юзасидан келишувга эришилганди.

Мавзуга оид