Ўзбекистон | 14:10 / 20.12.2024
1084
1 дақиқада ўқилади

Малайзия банки Ўзбекистонда ўз филиалини ташкил этиши мумкин

Ўзбекистон элчиси Каромиддин Гадоев Малайзиянинг Malayan Banking Berhad (Maybank) банки президенти ва бош ижрочи директори Хайруссалех Рамли билан учрашув ўтказди.

Фото: Дунё

Унда Ўзбекистонда банк соҳасига инвестиция киритиш, исломий банк ва такафул соҳасида ҳамкорлик қилиш истиқболлари муҳокама қилинди.

Ўзбекистонда халқаро рейтинглар ва стандартларга жавоб берадиган банк экотизими шаклланиб бораётганлигини инобатга олиб, Maybank'нинг мамлакатда ўз филиалини ташкил этиш ва маҳаллий етакчи банклар билан молиявий ресурслар ажратиш бўйича ўзаро манфаатли ҳамкорлик қилишда улкан салоҳият мавжудлиги таъкидланди.

Бош ижрочи директор Хайруссалех Рамли Ўзбекистон банклари билан исломий банк соҳасида ўзаро тажриба алмашишга ва ўз мутахассисларини юборишга тайёрлигини билдирди.

Maybank раҳбари, шунингдек, Ўзбекистонда рақамли банк хизматлари соҳасида ҳамкорлик қилиш имкониятлари мавжудлигини, бугунги кундаги рақамлаштириш технологиялари икки томонлама алоқаларни йўлга қўйиш учун қулай шароитлар яратишини маълум қилди.

Учрашув якунида банк ва суғурта соҳасида ўзаро ҳамкорликнинг янги имкониятларини ўрганиш ва тегишли таклифларни ишлаб чиқишга келишиб олинди.

Мавзуга оид