Ўзбекистон | 13:43 / 20.12.2024
6769
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг ЖСТга кириш бўйича АҚШ билан музокаралари расман якунланди

Ўзбекистон 1994 йилда ЖСТга аъзо бўлиш учун ариза берган ва 2020 йилдан буён бу йўналишда фаол иш олиб бормоқда. 

Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиб кириш бўйича АҚШ билан музокаралари якунлангани расман эълон қилинди.

Америка Қўшма Штатлари Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш йўлида олиб бораётган ҳаракатлари доирасида товарлар ва хизматлар бўйича икки томонлама бозорга кириш музокараларининг якунланганини эълон қилишдан мамнун, дейилади АҚШ Савдо вакили Кэтрин Тайнинг баёнотида.

Байден-Ҳаррис маъмурияти Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ)га аъзо бўлиши бўйича доимий саъй-ҳаракатларини эътироф этган.

Баёнотда қайд этилишича, Ўзбекистон 1994 йилда ЖСТга аъзо бўлиш учун ариза берган ва 2020 йилдан буён бу йўналишда фаол иш олиб бормоқда. 

“Ўзбекистоннинг музокараларга жиддий киришгани сўнгги икки йилда, шу жумладан, икки томонлама музокараларимизнинг муваффақиятли кечишида муҳим омил бўлди”, дейилади баёнотда.

Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёни 2005 йилда тўхтаб қолган, 2020 йил июл ойига келиб жараён ишчи гуруҳнинг 4-учрашуви билан расман қайта бошланган эди. Ундан кейин 2022 йил июн, 2023 йил март ва 2023 йил ноябр ойларида, шунингдек, 2024 йил май ойида ишчи гуруҳ йиғилишлари бўлиб ўтди. Шу билан жами Ўзбекистон ташкилотга аъзо бўлиш бўйича 8 та йиғилиш ўтказди.

Май ойидаги йиғилишда Ўзбекистонда илк бор ташкилотга аъзо бўлиш муддати борасидаги мақсадини эълон қилди. 2026 йил Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотининг 2026 йил Камерунда бўлиб ўтадиган вазирлар конференциясига қадар ушбу ташкилотга аъзо бўлиб киришни режалаштирмоқда.

Мавзуга оид