Ўзбекистон | 16:12 / 23.12.2024
11170
3 дақиқада ўқилади

Мопед ва скутерларни қайта рўйхатдан ўтказиш учун тўлов жорий қилинди

Мототранспорт воситаларига, яроқсиз ҳолга келган ёки йўқотилган давлат рақами белгиси ўрнига янги белги бериш учун тўлов миқдори бироз пасайтирилди. Мопед ва скутерларни қайта рўйхатдан ўтказиш учун тўлов жорий қилинди. Шунингдек, баъзи тўловларнинг ундирилиши бекор қилинди.

«Рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини ва қатъий ҳисобдаги бланкаларни беришда, автомототранспорт воситалари, уларнинг тиркамаларини (ярим тиркамаларини) рўйхатдан ўтказишда, қайта рўйхатдан ўтказишда, мажбурий техник кўрикдан ўтказишда, шунингдек имтиҳонларни олишда ундириладиган тўловлар ставкаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги буйруқ Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди.

Унга кўра, тўлов ставкалари қуйидагича миқдорда белгиланди:

- Мототранспорт воситалари (мотоцикл, электромотоцикл, мопед ва скутерлар) ва тиркамаларга (ярим тиркамалар) давлат рақами белгилари учун БҲМ 1,5 баравари миқдорида (илгари БҲМ 1,75 баравари эди);

- Яроқсиз ҳолга келган, бузилган ёки шикастланган бир дона давлат рақами белгиси ўрнига янги белги бериш учун БҲМ 1,5 баравари миқдорида (илгари БҲМнинг 1,75 баравари эди);

- Йўқотилган бир дона давлат рақами белгилари (мототранспорт воситалари (мотоцикл, электромотоцикл, мопед ва скутерлар) ва тиркамалар (ярим тиркамалар) учун) ўрнига янги бир дона белги бериш учун БҲМ 1,5 баравари миқдорида ундирилади (илгари БҲМнинг 1,75 баравари эди);

- Электромобиллар (гибрид автомобиллар), мототранспорт воситалари (мотоцикл, электромотоцикл, мопед ва скутерлар) ва тиркамаларни (ярим тиркамаларни) рўйхатдан ўтказиш учун БҲМ 1,5 баравари миқдорида;

- Электромобиллар (гибрид автомобиллар), мототранспорт воситалари (мотоцикл, электромотоцикл, мопед ва скутерлар) ва автотранспорт воситалари тиркамаларидан (ярим тиркамаларидан) бошқа барча автотранспорт воситаларини рўйхатдан ўтказиш учун БҲМ 6,84 баравари миқдорида;

- Автотранспорт воситалари, электромобиллар (гибрид автомобиллар), мототранспорт воситалари (мотоцикл, электромотоцикл, мопед ва скутерлар) ва тиркамаларни (ярим тиркамаларни) қайта рўйхатдан ўтказиш учун БҲМ 10 фоизи миқдорида.

Шунингдек, қуйидаги тўловларнинг ундирилиши бекор қилинди:

- яроқсиз ҳолга келган, шикастланган ёки ўғирланган автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисида гувоҳнома дубликатини бериш учун БҲМ 70 фоизи миқдоридаги тўлов;

- йўқотилган автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисида гувоҳнома дубликатини бериш учун БҲМ 1 баравари миқдоридаги тўлов;

- йўқотилган автомототранспорт воситасини рўйхатдан ўтказиш ҳақида вақтинчалик гувоҳнома дубликатини бериш учун белгиланган тўлов ставкасининг 5 баравари миқдоридаги тўлов.

Мавзуга оид