Жаҳон | 14:36 / 23.12.2024
2800
4 дақиқада ўқилади

Мозамбикда циклон 100 га яқин кишини ҳаётдан олиб кетди

«Шидо» циклони дастлаб Франциянинг Ҳинд океанидаги Майотта архипелагига зарба берганди, бу ерда ҳалок бўлганлар сони мингдан ошиши мумкин.

Фото: Reuters

Ўтган ҳафтада Ҳинд океанидан қуруқликка чиққан «Шидо» циклони Мозамбикда 94 кишининг ҳаётига зомин бўлди, деб хабар бермоқда маҳаллий расмийлар.

Хавф ва табиий офатларни бошқариш институти (INGD) 768 киши жароҳатлангани ва 622 мингдан ортиқ киши табиий офатдан у ёки бу даражада жабр кўрганини маълум қилган.

«Шидо» циклони дастлаб Франциянинг Ҳинд океанидаги Майотта оролига зарба берганди, кейин эса Мозамбик, Малави ва Зимбабвега кўчган.

Мозамбик ҳудудига циклон 15 декабр куни етиб келган. Шамол тезлиги соатига 260 километрга чиқиб, дастлабки 24 соатда 250 мм ёғингарчилик тушган.

Мозамбикнинг шимолий вилоятларига бўрон ёпирилган. У дастлаб Кабо-Делгадога зарба берган, кейин мамлакат ичкарисига, Ниасу ва Нампулу томон ҳаракатланган.

INGD вакилларига кўра, циклон таълим ва соғлиқни сақлаш секторига таъсир кўрсатмоқда. Жами 110 минг ўқувчи ўқийдиган мактаблар инфратузилмаси жиддий шикастланган.

Институт хабарида айтилишича, 50 дан ортиқ санитар объект зарарланган, бу эса соғлиқни сақлаш соҳасидаги асосий хизматлардан фойдаланиш имкониятини янада қийинлаштирмоқда. Вазият циклонга қадар ҳам тиббий муассасалар фаолияти яхши бўлмаган ҳудудларда оғирлашмоқда.

Мозамбикдаги ҳукмрон партия вакили Даниэл Чапо маҳаллий нашрлар билан суҳбатда ҳукумат циклон оқибатларига қарши курашиш учун «барча даражалар»да сафарбарлик эълон қилганини билдирган.

«Шидо» Майотта архипелагининг сўнгги 90 йиллик тарихида кузатилган энг жиддий бўронга айланиб, унинг натижасида ўн минглаб кишилар жабрланган.

Франция ички ишлар вазирлиги ўзининг сўнгги баёнотида 35 киши ўлимини тасдиқлаган.

Майотта префекти олдинроқ маҳаллий нашрларга зарарни тўлиқ баҳолашдан кейин қурбонлар сони сезиларли даражада ортиши мумкинлигини маълум қилиб, бу рақам бир неча юз кишидан кам эмаслиги ва ҳатто мингдан ошиши мумкинлигидан огоҳлантирганди.

Маҳаллий аҳолига ёрдам кўрсатиш учун 1300 нафар полициячи юборилган.

Циклондан бир ҳафта ўтганидан кейин ҳам аҳоли ҳамон бирламчи зарур маҳсулотлардан фойдаланиш имконига эга эмас, аммо пойтахтни ичимлик сув билан таъминлаш аста-секин яхшиланмоқда.

Вазирлик вакилларига кўра, ҳар куни Франциянинг материк қисми, Реюнон ва Майотта оралиғидаги ҳаво кўприги орқали 100 тонна қурилма ташиб ўтилмоқда.

Табиий офат зарбаси бутун қишлоқларни ер юзидан «супуриб юборган»

Жума куни Франция ички ишлар вазири Бруно Ритейло шу куни Майоттада 80 тонна озиқ-овқат ва 50 тонна сув тарқатилганини маълум қилганди.

Тропик циклонлар шамолнинг ўта тезлиги, кучли ёғингарчилик ва қисқа вақт ичида денгиз кўтарилишига айланадиган бўронлар билан характерланади. Бу кўпинча кенг кўламли вайронгарчилик ва тошқинларга олиб келади.

INGD вакили бу циклон «яна бир марта ижтимоий инфратузилмалар иқлим ўзгариши қаршисида қанчалик ожизлигини кўрсатиб бергани ва келгусидаги оқибатларни юмшатиш учун барқарор режа ишлаб чиқиш зарурлиги»ни қайд этган.

Бўронли об-ҳаво тизимлари мураккаблиги туфайли уларга иқлим ўзгаришининг таъсирини доим ҳам аниқ ўлчаб бўлмайди. Аммо ўртача йиллик ҳарорат кўтарилиши бу бўронларга сезиларли даражада таъсир кўрсатади.

БМТнинг иқлим бўйича асосий ташкилоти – Иқлим ўзгариши бўйича ҳукуматлараро панел (IPCC) олдинроқ инсон фаолияти тропик циклонлар билан боғлиқ ёғингарчиликлар кўпайишига ҳисса қўшганига «юқори даражадаги ишонч» мавжудлиги ва инсон фаолияти туфайли тропик циклонларнинг интенсивлиги ошиши эҳтимоли борлигига «ўртача ишонч» мавжудлигини маълум қилган эди.

Мавзуга оид