Жаҳон | 17:57 / 23.12.2024
2997
1 дақиқада ўқилади

Қозоғистонда йўлда бузилиб қолган автобусдан ўзбекистонликлар қутқарилди

Тунда автобуснинг бузилиб қолиши оқибатида 50 нафардан ортиқ йўловчи совуқда қолган. Улар ФВВ томонидан исиниш пунктларига етказилган.

Фото: Видеодан кадр

Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятида қутқарувчилар томонидан 50 нафардан ортиқ хорижлик эвакуация қилинди.

Қозоғистон ФВВ маълумотларига кўра, Иргиз туманидаги Самара-Чимкент трассасида чет эл фуқароларини олиб кетаётган йўловчи автобус бузилиб қолган. Автобус Москва-Тошкент йўналишида ҳаракатланган, унда 52 нафар йўловчи бўлган.

Эвакуация қилинганларнинг аксарияти Ўзбекистон Республикаси ва 6 нафари Тожикистон Республикаси фуқаролари Иргиз қишлоғидаги исиниш пунктига олиб борилган. Кейинчалик улар бошқа автобусда ўз манзилига жўнатилган.

Метеорология хизмати маълумотларига кўра, тунда Иргиз қишлоғи атрофида ҳаво ҳарорати 8-9 даража совуқ бўлган.

Мавзуга оид