Спорт | 19:35 / 23.12.2024
9472
20 дақиқада ўқилади

«Сити»даги инқироз. Нималар бўлмоқда ва нима қилиш керак?

Пеп Гвардиолани фаолиятидаги илк инқирозга етаклаган омиллар ҳақида.

«Манчестер Сити» инқирозда экани, Пеп Гвардиола ҳозирча ҳеч нарса топа олмаётгани бўрттирилмаган. Жамоа ҳали ҳам жадвалнинг юқори қисмида кетаётгани алдаб қўймаслиги учун баъзи рақамларни келтириш мумкин:

  • «Манчестер Сити» охирги 12 ўйинда атиги бир марта ғалаба қозонди;
  • «Манчестер Сити» охирги 12 ўйиннинг 9 тасида мағлубиятга учради. Ундан аввалги 106 ўйинда жамоа камроқ ютқазганди;
  • Охирги 12 ўйиннинг 11 тасида «Манчестер Сити» дарвозасига камида икки гол урилди.

«Манчестер Сити» мана шу давр мобайнида турли сценарийларга тушиб қолди – йирик ҳисобда олдинда ҳам борди, тезкор гол урди, тезкор гол қўйиб ҳам юборди, сафарда, ўз майдонида, турли услубдаги жамоаларга, турли савиядаги ҳужумчиларга қарши ўйнади, иккинчи рақамда ҳаракат қилди, ташаббусга эришди лекин барибир, бу синовларнинг барчасидан жамоа ўта олмади. Барчаси оқибатда муваффақиятсиз якунланди. Мана шу омилнинг ўзи чиндан ҳам жамоада катта инқироз борлигидан далолат беради.

Табиийки, гап сўнгги йиллардаги Европанинг энг кучли жамоаларидан бири ҳақида борар экан, бу қадар тубга тушишда фақат бир ёки иккита сабаб бўлиши мумкин эмас. Родри ким бўлишидан қатъи назар, унинг борлиги балки қайсидир ўйинларда ёрдам берарди, аммо вазиятга чуқурроқ разм солганимизда, барибир бу муваффақиятсиз давр муқаррар бўлганини кўриш мумкин.

Қуйида ҳар бир омил алоҳида кўриб чиқилади, айнан қайси жиҳатларнинг таъсири каттароқ эканини эса ўқувчига ҳавола.

Мавсумолди тайёргарлик кўнгилдагидек бўлмади

«Мавсумолди тайёргарлик расман энди тугади. Терма жамоалар йиғинидан сўнг ҳақиқий мавсум бошланади», – деганди Пеп Гвардиола учинчи турдан сўнг. У пайтда жамоа ўтган уч ўйиннинг барчасида ишончли ғалабага эришган, гўёки навбатдаги чемпионлик учун ҳеч ким халақит бера олмайдигандек туюлаётганди.

Аммо бироз ортга қайтсак, Гвардиола ёзги йиғинлардан кўнгли тўлмаганини сезиш мумкин. Европа чемпионатида «Манчестер Сити»дан жуда кўп футболчилар қатнашди ва сўнгги босқичларгача етиб борди. Шу туфайли аксарият футболчилар мавсум бошланишига яқин қолганда таркибга қўшилди, баъзи футболчиларга Пеп белгиланганидан кўпроқ ҳам таътил берди. Англия Суперкубоги финалини мисол келтириш мумкин, ўшанда рақиб жамоа бўлмиш «МЮ» деярли бутун таркибини йиғиб бўлган ва асосий футболчилардан фойдаланган бўлса, «Сити» асосан ёшлардан иборат таркибни туширганди.

Мавсумга тайёргарлик даврида нафақат «МЮ», Англиянинг бошқа етакчи жамоалари «Ливерпул» ёки «Арсенал»дан ҳам ортда қолинишини чемпионатдаги дастлабки ўйинлар билан қоплаб кетиш мумкин эди, аммо барибир ёзда тўлақонли шуғулланишнинг ўрни бошқа. Янги услублар, боғламларни шакллантириш, янги футболчиларни таркибга интеграция қилишда чемпионат ўйинлари керакли эффектни бермайди. Жамоа эски база билан илк турларни кўтаринки руҳда ўтказиб, ҳаммаси жойидадек таассурот қолдирса-да, жароҳатлар бошланганда, муаммолар ҳам юзага чиқади. Керакли мавсумолди йиғинларисиз гўё бу ўтган мавсумнинг давомидек туюла бошлайди, руҳан чарчатади.

Родри Испания миллий жамоасидаги жароҳати туфайли ёзни ва мавсумнинг илк ўйинларини ўтказиб юборди. Мавсумда илк 90 дақиқасини ЕЧЛда «Интер»га қарши ўтказгач, АПЛда «Арсенал»га қарши кечган кейинги ўйинда жароҳат олиб, бутун мавсумга сафдан чиқди. Ёмон тарафи, айнан муваффақиятсиз серия бошланган пайтда Родрининг ўрнини сал бўлса-да босиши мумкин бўлган Ковачич ҳам сафдан чиққан ва орада бир ойни ўтказиб юборди. Кевин де Брюйне ҳали ҳам олдинги формасига қайтгани йўқ. Ўтган мавсумдаёқ ўзини кўрсата бошлаган Оскар Боб эса АПЛнинг мавсум бошланмасидан, машғулот чоғида оёғини синдириб олди ва узоқ вақт ўйнай олмайдиган бўлганди.

Ҳимоя чизиғидаги муаммолар янада оғриқли. Навбати билан Аке, Аканжи, Стоунз ва Диаш каби асосий таркиб футболчилари ўйнай олишмаяпти ва Пеп доим вазиятни ёпиш учун турли ноодатий ечимларга мурожаат қилишга мажбур бўлмоқда.

Аввалги мағлубиятлардан биридан сўнг Гвардиола муваффақиятсиз сериянинг асосий сабабларидан бири – мавсумолди тайёргарликни кўнгилдагидек ташкил қилишнинг иложи бўлмагани ва жароҳатлар эканини таъкидлади. Унга ишонишдан бошқа чорамиз йўқ.

Вазиятни ўнглаш учун қулай бўлмаган тақвим

Кейинги турларни «Манчестер Сити» ўз майдонида «Эвертон», «Лестер» ва «Вест Ҳэм» каби аутсайдер жамоаларга қарши ўтказади. Шу ҳолида ҳам жамоа бемалол 9 очко олишига ишониш мумкин. Табиийки, бу ғалабалар инқироз ҳақидаги мулоҳазаларни ортга чекинтиради, уёғига Пеп бирор нарса ўйлаб топиши мумкин.

Объектив қараганда, 12 ўйиндан иборат даврда Пеп Гвардиолада мана шундай тин олиш учун имконият бўлмади. Турли даражада бўлса-да, ўзига яраша мотивацияга эга бўлган ва нисбатан кучли рақибларга қарши тўп суришга тўғри келди. Рақибларни кўриб чиқайлик. Икки марта «Тоттенҳэм» – бу жамоа шундоқ ҳам «Манчестер Сити» учун ноқулай эканини яхши биламиз. Мураббийи билан хайрлашаётган «Спортинг», Аморим билан янги даврга қадам қўяётган ва натижа учун юқори мотивацияга эга бўлган «МЮ», айни пайтда Европанинг энг кучли жамоаларидан бири «Ливерпул», шунингдек, «Ювентус». «Брайтон» ва «Борнмут» ўз майдонида қандай рақобат кўрсатиши маълум. Қаранг, 12 рақибнинг деярли барча ё топ-клуб ёки айни пайтда юқори формада бўлган ва АПЛ турнир жадвалининг биринчи ярмида кетаётган жамоалар. Шунингдек, «Сити» ғалаба қозона олмаган 11 ўйиннинг 8 таси сафарда бўлганини ҳам эътиборга олиш керак.

Тўғри, масалан, «Ливерпул» бундай ҳам қийинроқ рақиблар билан деярли мағлубиятсиз ўтди. «Манчестер Сити»нинг ўзи учун ҳам бу рақиблар қийинчилик туғдирмаслиги керак. Аммо юқорида айтганимдек, бундай инқирозлар пайтида босимни камайтириш, футболчилар ҳаяжон ва хавотирдан чиқиб, ҳеч бўлмаса, одатий ҳолатга тушиб олишлари учун ҳам бир неча муваффақиятли ўйин ёки қониқарли натижа керак бўлади. Ишонаманки, агар Пеп мана шу оралиқда кучсизроқ рақиблар билан бир неча ўзи учун қулай ўйинларга эга бўлганида, ечим топиш янаям осонроқ бўларди.

Яна, масаланинг руҳий томонини ҳам унутмаслик керак. Қаторасига беш ўйинда мағлубиятга учраган жамоа олтинчи ўйинда ўз даражасини кўрсата олмайди. Муваффақиятсиз бошланган сценарийлар учун тайёр бўлмайди, ўзига бўлган ишончи жуда пасайиб кетади. Мураббий рақибга мос режани топиб, ишлаб чиқишдан ташқари, бунга футболчиларни ҳам ишонтириши, энг муҳими, мабодо режа ишламаганда, ўйин кутилганидек бошланмаганда ҳам кураша олишни тушунтириши керак. «Фейенорд» ёки «МЮ»га қарши ўйинларни эсланг, ўтказиб юборилган гол тажрибали футболчиларни ҳам ўринсиз ҳаяжонга солиб қўйди. Гўёки, ҳамма кўрсатмалар эсдан чиқиб, жамоа Бернарду Силва айтганидек, «ўн беш ёшли болалардек» ўйнашни бошлади.

Ёки Ҳоланднинг муваффақиятсиз сериясини олайлик. Шу пайтгача кўзини юмиб голга айлантириб юрган вазиятларини ҳам муваффақиятли якунлай олмаяпти. Бу ҳам аввалги муваффақиятсиз ўйинларнинг, голга айланмаган вазиятларнинг таъсири бўлса керак.

Асосий таркибнинг ёши ўтиб қолаётгани

Аслини олганда, юқорида саналган жароҳатлар ҳар қандай жамоада бор. «Реал» бутун мавсум ҳимоячиларсиз ўйнашга ўрганиб қолди, «Челси»да бу одатий кун тарзига айланган, Эрик тен Ҳаг ўтган йили не ҳолларга тушганини яхши эслаймиз. Нега «Манчестер Сити»да бу жараён янада оғриқли кечмоқда?

Уокер, Стоунз, Аке, Аканжи, де Брюйне, Ковачич, Гундўған, Грилиш, Силва – барчаси «Манчестер Сити»нинг асосий таркиб футболчилари ва буларнинг барчаси 29+ ёшда. Статистикага кўра, «Манчестер Сити»да 29 ёшдан каттароқ футболчиларнинг жамоа ўйнаган умумий вақтидаги улуши 50 фоиздан юқори бўлиб, Европада энг баланд кўрсаткич экан. Аслида бу ёш футболда у қадар катта ҳисобланмайди, биз ўттиздан кейин ҳам юқори даражани кўрсатган жуда кўп юлдузларни биламиз, гап бунда эмас. Ҳа, 29 ёш ҳали ҳеч нарса эмас, аммо бир футболчи эмас, таркибнинг деярли бутун қисми мана шу оралиқда бўлса, яхшигина муаммо келтириб чиқаради. Бу футболчилар билан «Манчестер Сити» ҳали ҳам Европада энг яхши футболини кўрсатиши, ўтган мавсумдаги каби чемпион бўлиши мумкин, аммо инқирозга тушиб қолинганда, муаммоларни ечишга келганда суяниш қийинроқ бўлади.

Мисол учун, «Манчестер Сити» таркиби юқори нуқтага чиққан даврларни эсланг. Тахминан 3-4 йиллар олдин. Ҳар бир футболчи энг мукаммал ёш тоифасида ва яхши спорт формасида бўлганда «Сити» прессингнинг интенсивлиги ва контрпрессинг бўйича энг яхши жамоа эди. Қанотларда Канселу ва Зинченко каби кўпроқ тўп назорати ва олдинги чизиқдаги ўйинга аҳамият берадиган футболчилар тўп сурар, уларнинг юқори позицияси ҳимоя учун муаммо туғдирмасди. Чунки тўп йўқотилиши ҳамоно контрпрессинг ишга тушар ва «Сити» тезда тўпни қайтариб оларди.

Сўнгги йилларда йўналиш бироз ўзгарди. Чунки де Брюйне, Гундўған ёки Силва каби футболчилар аввалгидек ҳажмдаги меҳнат қила олишмасди. Гвардиола ечим сифатида энди ҳимояда тўрт нафар марказий ҳимоячилардан фойдалана бошлади. Ҳа, жамоа кўпчилик бўлиб юқорида қолиб кетиши, баъзида етарли даражада прессинг қилмаслиги мумкин, аммо ортда яккакурашларга кучли бўлган, интизомли ҳимоячилар бор. Родри бошчилигидаги бу тўртликдан ўтиш жуда қийин. Энди «Манчестер Сити» аввалгидек тўпни қайтариб олишга дарҳол уринмаса-да, ҳимояда ўзини анча хавфсиз сеза бошлади. Ҳоланд таркибга қўшилиши бу давр учун айни муддао бўлди – тезкор қарши ҳужумларда ҳам рақибни жазолаш имкони бор эди.

Янги мавсумда барчаси муаммо ўлароқ намоён бўлгани, биринчидан, Родри ва баъзи марказий ҳимоячиларнинг жароҳати туфайли аввалгидек кучли ҳимоялана олишмаётган бўлса, иккинчидан, юқори чизиқдан интенсив ҳаракатларни кутиш янада қийин. Гвардиола ҳар қанча ҳаракат қилмасин, Гундўған, Силва ва де Брюйнеларни бир вақтда таркибга жойлаб, яна улардан катта ҳажмдаги югуриш ишларини кута олмайди.

Шу ўринда Гвардиоланинг шу пайтгача устун бўлган жиҳати йўқолиб қолгандек. Биз ўз вақтида унинг ўз футболи эвазига бир қатор кучли футболчилардан воз кечганини яхши биламиз. Агуэро бўладими, Фернандино, Маҳрез, Туре ёки Компани, Гвардиола бу футболчиларнинг даври ўтаётганини олдиндан сезиб, алмаштиришлар оғриқсиз кечишини таъминлай олган. Ҳа, бундай қарорлар мураббий учун осон эмас, мухлисларга ҳам доим ёқавермайди, лекин Гвардиолани доим энг юқори даражада ушлаб турган хусусиятлардан бири ҳам шу. Негадир мана шу сезги Пепга бу сафар панд бераётгандек. Коул Палмер, Алварес, Браим Диас, Роджерс каби футболчилар айни пайтда бошқа жамоаларда порлаётган бўлишса, ўринли савол туғилади – де Брюйне ёки Силва каби футболчиларнинг даври ўтаётгани ҳисобга олинмаганмиди? Ҳа, бирданига қанақадир алмашувлар жамоа ўйинига путур етказиши, натижалар ортга кетиши мумкин, лекин узоқ муддат бир жамоани бошқаришнинг ажралмас қисмларидан бири ҳам мана шундай ўз вақтида қилинган қатъий қарорлар эканини Пеп ҳаммадан яхши билса керак.

115 қоида бузилиши борасидаги айблов ва маҳкаманинг муаллақ қолаётгани

«Манчестер Сити»нинг катта трансферлар қилмаётганига айни пайтда давом этаётган суд ишининг таъсири биз ўйлаганимиздан каттароқ бўлиши мумкин. Клуб молиявий қинғирликлар билан боғлиқ 115 айблов билан айбланмоқда ва маълумотларга қараганда қоида бузилишлар сони 130 тага етган. Бу ишнинг якуни қандай бўлиши маълум эмас. Ҳатто «Манчестер Сити» қуйи лигаларга тушириб юборишдан тортиб, баъзи чемпионликларни тортиб олишгача бўлган оғир жазо турлари ҳам эҳтимоллар ичида мавжуд. Албатта, иш унгача бормаслиги эҳтимоли катта, аммо мана шу мавҳумлик кейинги дадил ҳаракатлар учун ўзига яраша тўсиқ бўлади.

Тасаввур қилинг, катта футболчини таклиф қилаётган клуб таклифини лойиҳа сифатида тақдим этади. Табиийки, ўша давом этаётган маҳкама фонида футболчи ҳам шартномаган баъзи пунктларни қўшмоқчи бўлади. Айтайлик, мабодо «Манчестер Сити» чемпионшипга тушиб кетадиган бўлса, шартнома муддати якунига етиши ёки шунга ўхшаш шартлар бўлиши мумкин. Мавҳум вазиятда бундай келишувларда клуб ўзини қандай тутиши номаълум. Керакли кафолатни ҳам бера олмайди ва албатта, катта пул сарфлашни ҳам хоҳламайди.

Пепнинг ғояларидаги эскириш

Шу ўринда «Манчестер Сити» трансферлар оламида у қадар фаол бўлмаётгани ҳам ўртага чиқади. Пеп Гвардиола ўн йиллар олдин футболда инқилоб қилдики, унинг услуби Европада эталон сифатида тан олинди, барча мураббийлар унга эргаша бошлади. Нафақат Испания, бутунлай тескари ҳисобланган Англияда ҳам тўп назоратига асосланган услубда тўп сура бошлашди, ўша услубда тўп сурадиган ўзига хос мини «Манчестер Сити»лар, кичик жамоалар учун мини Гвардиолалар пайдо бўлди. Бу албатта, ўша услуб йўлбошчиси учун қулайликлар беради, айниқса трансферлар оламида. Гвардиола нафақат «Манчестер Сити»нинг ёшлар жамоасидан, балки бутун Европадан ўзига мос услубда тўп сурадиган, ақлли ҳаракатланадиган футболчиларни танлаб олиши мумкин.

Сезган бўлсангиз, сўнгги йилларда айнан Гвардиолага мос бўлган футболчилар ҳам камайиб кетгандек. Гвардиола футболчининг тўпсиз ва тўп билан ақлли ҳаракатланишига, универсаллигига ва бир вақтда турли позиция алмашинувларга тез ва тўғри баҳо бера олиш қобилиятига кўпроқ эътибор қаратади. Футболда бу энг муҳим факторга айланиб, шундай футболчилар қадрлана бошланганди. Аммо охирги пайтларда яна эски футбол қайтаётгандек. Кўпроқ югурадиган, жисмоний кучли бўлган ва универсал эмас, маълум бир позицияда мукаммал даражада фойда келтирадиган футболчиларга эътибор кучаймоқда. Аввалгидек «тўққизлик» ҳужумчилар, соф вингерлар пайдо бўла бошлагани, улар талаш бўлаётгани ҳам бежиз эмас. Табиийки, бундай бозорда Гвардиола ўз футболчисини топиши жуда қийинлашиб кетади. Албатта, етарли вақт билан мураббий янги юлдузларни кашф этиши, аввалгидек янги позициялар топиб бериши мумкин, лекин «Манчестер Сити» совринлар ютувчи машинага айлангач, Гвардиола ҳам ўзгарди, у ҳам энди осонроқ, қисқароқ йўлдан боришни афзал билди. Бу эса узоқ масофада қийинчиликларни келтириб чиқармоқда – энди Гвардиола бошқалардан фарқли эмас, энди Гвардиола ҳам бошқа мураббийлар каби инқирозга учраши, бошқа мураббийлар каби ечим топа олмаслиги, бошқа мураббийлар каби истеъфога ҳам чиқиши мумкин ҳатто.

Бундай фикрлар фақат охирги ўн икки ўйин натижасидан пайдо бўлмади, албатта.  Тан олиш керак, анчадан бери Гвардиола футболи эталон эмас. Ҳозирда яна қарши ҳужумда яхши ҳаракат қиладиган, тўпни рақиб майдонида назорат қилиш ўрнига, ҳимоя чизиғида тўпни ушлаб, рақибни ўз томонига чақириб, кейин ҳудудлар орқали вазиятлар яратадиган жамоалар кўпаймоқда. Ҳозирча бундай услублар «Болоня», «Байер», «Штутгарт» каби кичикроқ ўлчамда кўринган бўлса, энди «Ливерпул» ва «Челси»да ҳам сезиш мумкин. Ҳаммасини қўйинг, ҳатто Гвардиоланинг шогирди Артета ҳам бутунлай бошқа йўлдан кетаётганини кўриш қийин эмас.

Эталон футболнинг муҳим жиҳати, бу футбол остида футболчилар ўсиб, юқори даражага чиқишни бошлайди. Пеп ўз вақтида қанчалаб оддий ёки ёш футболчиларни биринчи рақамли юлдузга айлантирганини кўрганмиз, жумладан «Сити»нинг бугунги таркибида ҳам бундай кўп. Аммо сўнгги йилларда қайси футболчи ўз даражасидан ўсмоқда, айта оламизми? Бугунги Доку бир йил олдингидан ҳам ғариблашиб қолгандек, Жек Грилишни айтмаса ҳам бўлади, унинг ўз вақтида қай даражадаги футболчи бўлганини унутганимиз йўқ. Ҳа, Люис ёки Савинио каби футболчилар маълум шартларда, маълум тизим остида фойдали ўйнаётганини кўриб турамиз, лекин улар энг юқори даражадаги юлдузларга айланаётганини кўряпмизми? Ҳатто Йошко Гвардиол ҳам Манчестерга дунёнинг энг истеъдодли ҳимоячиси сифатида келмаганмиди?

Эталон футболнинг яна бир хусусияти, айнан мана шу услубда катта ўйинларда, катта рақибларга қарши яққол ғалабаларга эришиш, яъни ўша устунлик барчанинг кўз ўнгида намоён бўлиши керак. Хўш, охирги марта Гвардиола қачон мана шундай ғалабага эришди? Охирги 12 ўйинни қўйинг, чемпионликка эришилган ўтган мавсумда ҳам «Манчестер Сити» асосий рақиблари бўлган «Арсенал» ва «Ливерпул»ни ҳам енга олмади. «Реал»га қарши ўйинларда ҳам яққол ғоявий устунликни кўрмадик. Ҳатто кубок финалида муаммоли «МЮ» ҳам ғалаба қозона олди. Айтмоқчиманки, ўша треблдан сўнг «Манчестер Сити»да янгиланиш ғоялари кўриб чиқилиши лозим эди. Аммо Гвардиола ўша жамоа билан охиригача боришга қарор қилди ва натижани кўриб турибмиз.

Бу Пеп Гвардиола фаолиятидаги илк инқироз. Ва бу ўзи учун бироз бегона бўлган шароитда, унга илгари амалга оширмаган вазифалар юклаётганини таъкидлаш лозим. У Манчестерда ўзининг тўққизинчи йилини ўтказмоқда. «Барселона»да тўрт, «Бавария»да уч йил ишлаган, яъни юқори даражадаги вазифалар ва босим остида таркибни янгилашга эҳтиёж сезмаган. Манчестердаги бугунги жамоаси илк чемпионлик йилидаги таркибдан фарқ қилса-да, масалан, де Брюйне, Уокер, Силва каби футболчилар ўшанда ҳам, ҳозир ҳам муҳим фигура бўлиб қолмоқда. Пеп ҳали Манчестерда уларсиз кучли жамоа тузиб кўргани йўқ.

Албатта, «Манчестер Сити» яна қайтиши, Гвардиола бу ерда каттароқ совринларни ютиши мумкин, лекин у ишлар янги жамоа, янги футболчилар билан бўлади. Гвардиола балки мураббий сифатида баландроқ чўққиларни забт этиши мумкин, аммо бу ҳам янги услуб, янгича қарашлар билан бўлади. Унгача, мана шу футболнинг барча меваларини тотиб кўрган «Манчестер Сити» инқирозли даврни ҳам Пеп билан бирга босиб ўтишга мажбур.

Бу ерда энг муҳими, вазиятга четдан баҳо бера олиш, қайсарликни, ҳаммага ҳамма нарсани исботлашга бўлган истак кетидан қувмаслик ва масалага совуққонлик билан қараб, муаммоларни бирма-бир ечиш, жиддий ва қатъий қарорлардан қўрқмаслик талаб этилади. Акс ҳолда...

Агар ушбу инқирозга таъсир қилган барча сабабларни бир гулдастага қиёсласак, бу гулдаста «Манчестер Сити»нинг қабрига қўйилмаса бўлди...

Қаҳрамон Асланов

Мавзуга оид