Жаҳон | 20:36 / 24.12.2024
3093
2 дақиқада ўқилади

Эйфел минорасида ёнғин содир бўлди

Париждаги Эйфел минорасида юз берган ёнғин оқибатида 1,2 мингга яқин ташриф буюрувчи эвакуация қилинди.

Фото: AFP

Париждаги Эйфел минорасида ёнғин содир бўлди, деб хабар бермоқда BFMTV. 1,2 мингга яқин ташриф буюрувчи зудлик билан эвакуация қилинган.

Эйфел минорасини бошқариш билан шуғулланувчи компания маълумотларига кўра, ёнғин лифтнинг иккинчи ва учинчи қаватлар ўртасидаги электр узатиш тармоғида содир бўлган қисқа туташув сабаб юзага келган. Кўнгилсиз ҳодиса сабаблари ҳозирда аниқланмоқда.

Ёнғин маҳаллий вақт билан соат 10:30 ларда бошлангани айтилмоқда. Ҳодиса жойига дарҳол ўт ўчирувчилар хизмати етиб келган. Ташриф буюрувчилардан ҳеч кимга жароҳат етмаган.

Минора бугун, 24 декабр кунининг ўзида меҳмонлар учун қайта очилган, фақат иккинчи қаватга чиқишга чеклов қўйилган.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йилнинг 15 апрел куни Франция пойтахтининг асосий рамзларидан бири бўлган готика услубидаги Нотр-Дам соборида кучли ёнғин содир бўлганди. Собор гумбазли шифтининг қисмлари вайрон бўлган, XIX асрга тегишли шпил қулаб тушган ва ички қисми катта зарар кўрган. Ёнғин содир бўлган кечадаёқ Франция президенти Эммануэл Макрон Нотр-Дамнинг беш йил ичида қайта тикланишига ва «ҳар доимгидан ҳам гўзал» бўлишига ваъда берган эди. Жорий йилнинг декабр бошларида реставрация қилинган Нотр-Дам соборининг очилишига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.

Мавзуга оид