Жаҳон | 14:04 / 25.12.2024
60588
7 дақиқада ўқилади

Ақтаудаги авиаҳалокат. Сўнгги маълумотлар

Azerbaijan Airlines авиакомпаниясининг Бокудан Грознийга учган самолёти Қозоғистонда қулаб тушди. Унинг бортида 67 киши бўлган, шундан 38 кишининг ўлими тасдиқланди.

Azamat Sarsenbayev / Reuters / Scanpix / LETA

Azerbaijan Airlines (AZAL) авиакомпаниясининг Бокудан Грознийга рейсни амалга оширган Embraer 190 русумли йўловчи самолёти 25 декабр тонгида Қозоғистон ғарбидаги Ақтау шаҳри яқинида авиаҳалокатга учради. Қулаган самолёт бортида 62 йўловчи ва экипажнинг беш нафар аъзоси бўлган, деб хабар қилган Қозоғистон ФВВ. Аввалига «Казинформ» агентлиги самолётда 105 йўловчи ва экипажнинг беш аъзоси учганини хабар қилганди, аммо кейинроқ хабарига тузатиш киритди. AZAL телеграм-каналида 62 йўловчи ва экипажнинг беш аъзоси рўйхати эълон қилинган.

Самолётда тўрт мамлакат фуқаролари парвоз қилган. Қозоғистон транспорт вазирлигига кўра, бортда Озарбойжоннинг 37, Россиянинг 16, Қозоғистоннинг олти фуқароси, шунингдек уч нафар қирғизистонлик бўлган. Shot телеграм-канали бортда бўлган Россия фуқаролари рўйхатини эълон қилган, унда 15 россиялик бор, жумладан, 2011 ва 2013 йилларда туғилган болалар.

Самолёт ҳалокати оқибатида 38 киши ҳалок бўлди, деб хабар берди Қозоғистон бош вазири ўринбосари Канат Бозумбаев. 29 киши шифохонага ётқизилган, шундан уч нафари болалар. Жабрланганлардан 11 нафари оғир аҳволда қолмоқда. Шифохонадагиларнинг 15 нафари Озарбойжон, тўққиз нафари Россия, икки нафари Қирғизистон фуқаролари, яна уч кишининг фуқаолигига аниқлик киритилмоқда.

Бунгача Қозоғистон ФВВ 29 киши ҳалокатдан омон қолганини, РИА Новости эса жабрланганлардан тўққиз нафари оғир аҳволда эканини хабар қилганди.

Ҳалокатдан кейин самолёт парчаланган, дум қисми ажралган ва ағдарилган. Фотосуратлар ва ҳодиса видеоларидан кўриш мумкинки, омон қолганлар айнан самолётнинг дум қисмида бўлган.

Самолёт ҳалокатга учраши видеога олинган. Кадрларда самолёт баландликка кўтарилишга урингани, аммо бошқарув тизимлари ишдан чиқиши туфайли пастлагани, қўниш йўлагига киришдан олдин 45 даража бурчак остида ерга урилгани ва шундан кейин портлаш рўй берганини кўриш мумкин.

Шунингдек, ижтимоий тармоқларда ҳалокатдан кейин олинган видеолар пайдо бўлган.

Уларда омон қолганларни ва усти ёпиб қўйилган жасадларни кўриш мумкин.

Дастлабки маълумотларга кўра, самолёт Каспий денгизи устида эканида ҳалокат сигналини йўллаган, деб хабар беради Озарбойжоннинг АПА агентлиги. Шундан кейин лайнер мажбурий қўниш учун Қозоғистон томон йўл олган.

Sputnik Azerbaijan авиакомпаниядаги манбага асосланиб, самолёт қушлар галаси билан тўқнашиб кетганини ҳалокат сабаби сифатида келтирган. Росавиациядан ҳам шундай маълумот беришган. Orda.kz эса Қозоғистоннинг Манғистау области соғлиқни сақлаш бошқармасига асосланиб, самолёт бортида баллон портлаганини хабар қилган. Гувоҳлар нашр билан суҳбатда ҳаво кемаси двигателига қуш тиқилиб қолгани, шундан кейин бортда кислород баллони портлаганини айтиб беришган. «Кислород баллони портлаб кетди, одамлар ҳушини йўқота бошлади», — дейишган гувоҳлар.

Озарбойжон президенти Илҳом Алиев ҳалокат сабаблари номаълум экани, турлича версиялар кўриб чиқилаётгани ва улар ҳақида гапиришга ҳали эрта эканини айтган. «Менга тақдим этилган маълумотларга кўра, AZAL компаниясининг Боку — Грозний йўналиши бўйича парвоз қилган самолёти об-ҳаво шароити ёмонлашгани туфайли йўналишни ўзгартирган ва кейинроқ қўниш чоғида авария рўй берган Ақтау аэропорти томон ҳаракатлана бошлаган», — дея Алиевнинг сўзларини келтирган Vesti.az нашри.

Самолёт Ақтау аэропортининг учиш-қўниш йўлаги яқинидаги далага қулаган. Flightradar сервиси маълумотларига кўра, ҳалокатдан олдин самолёт аэропорт устида айланган. Сервис вакиллари самолёт бир соатдан ортиқ вақт давомида қийинчилик билан баландликни ушлаб турган. AZAL’дагилар лайнер «Ақтау шаҳридан уч километр масофада авариявий қўнишни амалга оширгани»ни айтишган.

Самолёт туман туфайли Грознийга қўниш учун рухсат ололмаган. Лайнер аввалига Маҳачқалъага, кейин эса Ақтауга йўналтирилган, деб хабар берган РИА Новостига Грозний аэропорти матбуот хизмати.

Қозоғистон ҳукумати авиаҳалокат сабабларини ўрганиш бўйича ҳукумат комиссияси тузган. Ҳаво кемасидан фойдаланиш пайтида хавфсизлик қоидалари бузилиши моддаси бўйича жиноий иш қўзғатилган.

Azerbaijan Airlines авиакомпанияси тергов якунига қадар Бокудан Грозний ва Маҳачқалъага (ва қарама-қарши йўналишларда) парвозларини тўхтатди.

Reuters агентлиги расмийлар ҳозирча Каспий денгизи устида учган самолёт Россия жанубига (Владикавказ, Ингушетия ва Грознийга) дронлар зарбалари ёғдирилган бир вақтда ҳалокатга учраганини тушунтириб бера олмаётгани ҳақида ёзган. Авваллари мазкур ҳудудда дронлар фаоллашганида аэропортлар ёпилган бўларди.

«Можем объяснит» телеграм-канали Ақтауга қулаган самолёт ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими томонидан уриб туширилган бўлиши мумкинлиги тўғрисидаги версияни илгари сурди. Авиация мавзусига ихтисослашган Fighterbomber канали ҳам бунга қўшилган.

Самолёт Грознийга учаётганида ушбу шаҳарга украин дронлари ҳужум қилганди.

Салондан олинган видеолардан бирида самолёт қанотидаги шикастланишлар ҳам яққол кўзга ташланган.

Омон қолган йўловчилардан бири Заур Мамедов «бир неча портлаш» овозини эшитгани, шундан кейин борт «бир-икки соат» учиб, қулаб тушганини айтган.

Чеченистон раҳбари Рамзон Қодиров самолёт ҳалокати юзасидан ҳамдардлик билдирган. «Azerbaijan Airlines лайнерининг Бокудан Грознийга парвоз қилган ва Ақтауда ҳалокатга учраган рейси йўловчиларининг яқинларига ҳамдардлик билдираман», — дея ёзган у телеграм-каналида. Қодиров жабрланганлар тезда соғайиб кетишини тилаган.

РФ президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Москва Ақтаудаги авиаҳалокатда яқинларини йўқотганларга чуқур ҳамдард эканини билдириб, жабрланганларга соғлик тилаган. РФ президенти Владимир Путин Озарбойжон президенти Илҳом Алиев билан телефон орқали боғланиб, ҳамдардлигини билдирган.

Озарбойжонда 26 декабр мотам куни деб эълон қилинган. Мамлакат президенти Илҳом Алиев тегишли фармонни имзолаган. У бундан олдинроқ самолёт ҳалокати муносабати билан Россиядаги МДҲ саммитидаги иштирокини муддатидан олдин якунлаб, Бокуга қайтишга қарор қилганди.

Ҳалокатга учраган Embraer E190AR бундан 11 йил муқаддам фойдаланишга топширилган. Очиқ манбалардаги маълумотларга кўра, бу вақт давомида борт AZAL ва унга алоқадор Buta Airways компанияларига тегишли бўлган.

Мавзуга оид