Ўзбекистон | 13:24 / 25.12.2024
568
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон элчихонасида Покистон сенаторлари билан муҳокама бўлиб ўтди

Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев Покистон Сенати аъзолари Ирфан Сиддиқий ва Сармад Али билан учрашди.

Фото: "Дунё" АА

Учрашув давомида сенаторларнинг мамлакатдаги парламент сайловида халқаро кузатувчи сифатида иштироки, парламентлараро мулоқотни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий алоқаларни жадаллаштириш, минтақавий боғлиқлик ташаббуси доирасидаги лойиҳаларнинг амалга оширилиши масалалари муҳокама қилинди.

Сенатор Ирфан Сиддиқий Покистон Сенатининг Халқаро масалалар бўйича қўмитаси раиси сифатида хориждаги, жумладан Марказий Осиё ва Ўзбекистондаги жараёнларни кузатиб боришини таъкидлаб, халқ фаровонлигини ошириш, иқтисодиётни изчил модернизация қилиш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, чет эл инвестициялари учун қулай шароит яратиш борасида давлат сиёсатини, жумладан мустаҳкам қонуний асоснинг вужудга келтирилаётганини юксак баҳолади.

Ўзаро савдо ҳажмининг йилдан-йилга ўсиб бораётгани қувонарли эканлиги эътироф этилиб, бу кўрсаткич тез фурсатларда 1 миллиард долларлик маррадан ошишига умид билдирилди.

Покистон Сенати аъзолари соҳавий ва аниқ мақсадга йўналтирилган бизнес-форумларни мунтазам асосда ташкил этиш, икки давлат ҳудудлари ўртасида жонли мулоқот майдонини шакллантириш савдо-иқтисодий муносабатларни янги босқичга олиб чиқишини қайд этди.

Трансафғон темир йўли фойдаланишга топширилгач, унинг Марказий ва Жанубий Осиё ўртасида узилиб қолган ришталарни барча йўналишларда қайта жонлантириши, минтақадаги тараққиёт жараёнига ижобий таъсир кўрсатиши эътироф этилди. Сенаторлар мазкур лойиҳа доирасидаги икки ва кўп томонлама мулоқотни жадаллаштириш ва унинг амалий ижросига киришиш зарурлигини айтиб, бу борада ўз имкониятларини тўлиқ сафарбар этишга шайлигини билдиришди.

Мавзуга оид