«Туркманистон» авиакомпанияси Москвага рейсларини 1 ойга тўхтатди
«Туркманистон» авиакомпанияси 2024 йил 30 декабрдан 2025 йил 31 январга қадар Ашхобод — Москва — Ашхобод йўналиши бўйича амалга ошириладиган парвозларини бекор қилди.
«Туркманистон» авиакомпанияси Москвага учадиган мунтазам рейсларини вақтинча бекор қилди. Бу ҳақда авиаташувчининг сайтида сўз боради.
Қайд этилишича, 30 декабрдан 31 январга қадар Ашхобод — Москва — Ашхобод йўналиши бўйича амалга ошириладиган рейслар бекор қилинган. Бу каби қарор нима сабабдан қабул қилингани очиқланмаган.
Авиакомпания ҳафтасига икки маротаба Москвага рейсларни амалга ошириб келаётган эди.
Бокудан Грознийга учаётган Azerbaijan Airlines самолёти Қозоғистоннинг Оқтов шаҳри яқинига қулаганидан кейин қатор авиакомпаниялар Россия шаҳарларига парвозларини тўхтатишни бошлади. Авиакомпаниянинг маълум қилишича, самолёт «ташқи жисмоний ва техник таъсирга» учраган.
26 декабр куни Euronews телеканали ўз манбасига таяниб, самолётнинг Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари томонидан уриб туширилгани ҳақида хабар берди. Reutersʼнинг маълум қилишича, ракета Грозний узра «ҳаводаги дрон фаоллиги» вақтида Бокудан Грознийга учаётган самолётга қарата учирилган. Росавиация раҳбари Дмитрий Ядров кейинроқ самолёт Грозний аэропортига қўнишни бошлаётганида дронлар шаҳарга ҳужум қилганини тасдиқлади. РФ ҳукумати самолётнинг қулашига Россия ҲҲМ сабаб бўлганини тасдиқламади.
Самолёт ҳалокатидан кейин Azerbaijan Airlines Россиянинг ўнлаб шаҳарлари — Грозний, Маҳачқалъа, Сочи, Минералние Води, Владикавказ, Нижний Новгоров, Самара, Саратов, Уфа ва Волгоградга парвозларини тўхтатди. Бундан ташқари, Қозоғистоннинг Qazaq Air авиакомпанияси Остона — Екатеринбург, FlyDubai эса Дубайдан Сочи ҳамда Минералние Водига учадиган рейсларини бекор қилди. Шунингдек, Исроилнинг El Al миллий авиташувчиси ҳам Россияга парвозларини тўхтатди.
Мавзуга оид
21:45 / 29.12.2024
Озарбойжон Россия фуқароларининг мамлакатда бўлиш қоидаларини кучайтирди
18:11 / 29.12.2024
Путин AZAL самолёти ҳалокати юзасидан иккинчи марта Алиевга қўнғироқ қилди
16:18 / 29.12.2024
Россияда ота-она қарамоғисиз қолган 15 нафар бола Ўзбекистонга қайтарилди
15:08 / 29.12.2024