Покистон Ўзбекистонда уй-жойлар қуришда иштирок этишни режалаштиряпти
Покистоннинг Карачи шаҳридаги "Коранги" саноат зонасидаги тадбиркорлар иштирокида бизнес-форум ўтказилди.
Тадбирда Синд вилояти Инвестиция кенгашининг раҳбарияти, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат, пластик қувурлар ва қурилиш маҳсулотлари, тўқимачилик, фуқаро авиацияси ва карго соҳаларида фаолият юритувчи компанияларнинг бошлиқлари иштирок этди.
Иштирокчилар билан Ўзбекистон ва Покистон ўртасида қайд этилган соҳаларда манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш механизмлари ва шартлари муҳокама қилинди.
Бизнес-форум доирасида, шунингдек, Бухоро, Самарқанд, Сирдарё, Сурхондарё, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларининг инвестицион лойиҳа таклифлари тақдимоти ўтказилди, тегишли каталог, брошюра, тизер ва бошқа материаллар тарқатилди.
Тадбиркорлар саноат ишлаб чиқариш жараёнида ишлатилувчи хом-ашё ва ярим тайёр маҳсулотларни Ўзбекистондан етказиб бериш, мамлакатимизда ўз фаолиятини йўлга қўйишга қизиқиш билдириб, мазкур йўналишдаги жараёнларни тизимлаштириш борасида қатор таклифларни илгари суришди.
"Покистон ва Ўзбекистон бизнес ва саноат доиралари ўртасидаги ҳамкорлигини ривожлантириш бўйича тегишли ҳаракатлар режасини ишлаб чиқишга бевосита тадбиркорларнинг ўзларини ва консультатив таҳлил марказларини жалб қилиш, томонларнинг манфаатини ҳисобга олган ҳолда таклифларни шакллантириш муҳим ҳисобланади. Бу албатта кўрилаётган чораларнинг самарадорлигини оширишга хизмат қилади", - деди Покистон бизнес гуруҳлар ташкилоти раиси Фараз ур-Реҳман.
SA Group of Companies раҳбари Саман Абид қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва озиқ-овқат саноатида қўшма лойиҳаларни амалга оширишни Карачи ва Ўзбекистон ҳудудлари ўртасида алоқаларни ривожлантиришнинг янги йўналиши сифатида қайд этди.
Roshan Builders and Developers компанияси раиси Васим ур-Реҳман Ўзбекистонда уй-жой ва ижтимоий комплексларни қуришда иштирок этиш, девелоперлик фаолиятини йўлга қўйишни режалаштираётганини, маҳаллий ҳамкор топилса, биргаликда ишлаш шартларини келишишга тайёрлигини билдирди.
Карачи бизнес доира вакиллари ташаббусига кўра, томонларга мақбул муддатларда Тошкент ёки Карачи шаҳрида бизнес-форум ва B2B шаклида музокараларни ташкиллаштиришга келишилди.
Мавзуга оид
13:23 / 08.01.2025
Ўзбекистон элчиси Покистоннинг йирик фармацевтика компанияси билан янги лойиҳалар бўйича музокара ўтказди
13:17 / 08.01.2025
Ўзбекистон ва Покистон давлат захираларини шакллантириш йўналишидаги ҳамкорликни муҳокама қилди
15:46 / 06.01.2025
Покистонда ўзбек банклари фаолияти йўлга қўйилиши мумкин
13:43 / 06.01.2025