Жаҳон | 12:59
5824
3 дақиқада ўқилади

«Энг кучли» паспортлар рейтинги. Сингапур етакчи, Ўзбекистон 80-ўринда

Henley Passport Index 2025 рейтинги эълон қилинди. Унга кўра, Ўзбекистон паспортига эга шахслар 62 та давлатга визасиз кириши ёки етиб борганидан кейин виза олиши мумкин. Таққослаш учун, қозоғистонликлар 77 та, қирғизистонликлар 64 та, тожикистонликлар 58 та, туркманистонликлар эса 50 та давлатга киришда мана шундай имкониятган эга.

Виза ва фуқаролик олиш масалалари бўйича халқаро консультатив марказ – Henley & Partners дунё мамлакатлари паспортининг анъанавий йиллик рейтингини эълон қилди.

Рейтинг Халқаро ҳаво транспорти ассоциацияси берган маълумотлар асосида тузилган. Унда давлатларнинг фуқаролик паспорти ўз эгасига нечта мамлакатга аввалдан виза олмасдан (умуман виза олмасдан ёки етиб борганидан кейин виза олган ҳолда) кириб бориш имконини бериши инобатга олинган.

2025 йилги индексда Ўзбекистон паспорти Куба паспорти билан бирга 80-ўринни қайд этган. Ушбу иккита мамлакат фуқаролари 64 та давлатга аввалдан виза олмай кириб боравериши мумкин.

Ўзбекистон паспортининг Henley Passport Index бўйича охирги йиллардаги позицияси:

  • 2016 йил: 52 та давлатга визасиз бориш имкони, 85-ўрин;
  • 2017 йил: 53 та давлатга визасиз бориш имкони, 83-ўрин;
  • 2018 йил: 59 та давлатга визасиз бориш имкони, 82-ўрин;
  • 2019 йил: 56 та давлатга визасиз бориш имкони, 85-ўрин;
  • 2020 йил: 57 та давлатга визасиз бориш имкони, 83-ўрин;
  • 2021 йил: 56 та давлатга визасиз бориш имкони, 92-ўрин;
  • 2022 йил: 57 та давлатга визасиз бориш имкони, 86-ўрин;
  • 2023 йил: 59 та давлатга визасиз бориш имкони, 85-ўрин;
  • 2024 йил: 64 та давлатга визасиз бориш имкони, 80-ўрин;
  • 2025 йил: 62 та давлатга визасиз бориш имкони, 80-ўрин;

Рейтингда биринчи ўринни Сингапур паспорти эгаллаган. Henley компаниясига кўра, бу давлат фуқаролари 195 та мамлакатга визасиз бориш ҳуқуқига эга.

2024 йилда ҳам, одатдагидек, рейтингда юқори ўринларни асосан Европа Иттифоқи давлатларининг паспортлари банд қилган:

  • 1-ўрин. Сингапур – 195 та давлат;
  • 2-ўрин. Япония – 193 та давлат;
  • 3-ўрин. Франция, Германия, Италия, Испания, Финландия, Жанубий Корея – 192 давлат;
  • 4-ўрин. Австрия, Дания, Нидерландия, Люксембург, Ирландия, Норвегия, Швеция, – 191 та давлат;
  • 5-ўрин. Бельгия, Буюк Британия, Португалия, Швейцария, Янги Зеландия – 190 та давлат;

Шунингдек, Канада паспорти билан 188 та давлатга, АҚШ паспорти билан 186 та давлатга, БАА паспорти билан 185 та давлатга, Малайзия паспорти билан эса 183 та давлатга берухсат кириб боравериш мумкин.

Собиқ иттифоқ республикалари орасида Эстония (9-ўринни банд этган, ушбу давлат фуқаролари 186 та давлатга визасиз бориш ҳуқуқига эга) ҳамда Латвия ва Литва (10-ўрин, 185 та давлат) энг яхши кўрсаткичга эга.

Украина паспорти 148 та давлат, Грузия паспорти 122 та давлат, Россия ва Туркия паспорти эса 116 та давлатга визасиз кириш ҳуқуқини беради.

Марказий Осиё республикаларининг паспорт рейтинги қуйидагича:

  • 65-ўрин. Қозоғистон – 77 та давлат;
  • 78-ўрин. Қирғизистон – 64 та давлат;
  • 80-ўрин. Ўзбекистон – 62 та давлат;
  • 84-ўрин. Тожикистон – 58 та давлат;
  • 92-ўрин. Туркманистон – 50 та давлат.

Рейтингни 26 та давлатга визасиз кириш имконини бериши билан Афғонистон паспорти якунлаб беради. Ундан аввалги ўринларда Сурия (27), Ироқ (31), Покистон (33) ва Яман (33) фуқаролигини тасдиқловчи ҳужжатлар қайд этилган.

Мавзуга оид