Жамият | 22:49 / 14.01.2025
18211
2 дақиқада ўқилади

«Жасжан» номи билан танилган блогер 5 суткага қамалди

Тошкентда жамоат жойида «контент учун» бир қиз билан жанжал уюштирган шахсга жазо белгиланди. У январ бошларида ҳожатхона қоғозлари билан экологияга зарар етказгани учун кечирим сўраб чиққан ва жаримага тортилган эди.

Фото: Видеодан кадр

Тошкент шаҳри Hilton меҳмонхонаси олдида ижтимоий тармоқларга видео олиш мақсадида ўзаро жанжал уюштириб, жамоат тартибини бузган шахслар жавобгарликка тортилди. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Абидов Kun.uz’га маълум қилди.

Қайд этилишича, Жасурбек Шодиев («Жасжан») ва Садаф Саидова 11 январ куни соат 12:00 ларда Шайхонтоҳур тумани ҳудудида жойлашган Hilton меҳмонхонаси олдида, жамоат жойида бўла туриб, бир-бирларини ҳақорат қилишгани ҳақидаги видеолавҳа олган ва шу ерда бўлган фуқароларнинг тинчлигини бузган.

Суд мажлисида ҳуқуқбузар Шодиев айбига иқрорлигини, қилмишидан пўшаймон экани, қарамоғида бир нафар вояга етмаган фарзанди, ногирон укаси борлигини инобатга олиб, унга нисбатан енгиллик беришни сўраган. Ўз навбатида Саидова ҳам жамоат тартибини бузганини тан олган, талаба экани, ўзига хулоса чиқарганини билдирган.

Суд Жасурбек Шодиевни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 183-моддасида (майда безорилик) назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этган деб топган ва унга 5 сутка маъмурий қамоқ жазосини тайинлаган. Жазо ўталганидан сўнг ундан маъмурий қамоққа олинганларни сақлаш муассасаси фойдасига маъмурий қамоқнинг ҳар бир суткаси учун БҲМнинг 15 фоизи миқдорида маблағ ундириш белгиланган.

Шунингдек, фуқаро Садаф Саидова ҳам Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси бўйича айбдор деб топилган ва унга БҲМнинг бир баравари (375 минг сўм) миқдорида жарима жазоси тайинланган.

Жорий йилнинг январ бошларида ушбу блогер «контент учун» ҳожатхона қоғозлари билан экологияга зарар етказгани учун жавобгарликка тортилган эди. 2022 йил сентябрда эса унинг Instagram аккаунти кўздан кечирилган вақтда, жамоат жойларида уятли сўзлар билан сўкиниб, фуқароларга ҳақоратомуз шилқимлик қилиб, жамоат тартибини ва фуқароларнинг осойишталигини бузувчи видеоматериаллар жойлаштириб келгани аниқланганди. Ўшанда Жасурбек Шодиевга нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Мавзуга оид