Жаҳон | 11:12
20676
2 дақиқада ўқилади

Германия ўзбекистонлик ҳайдовчиларни ишга таклиф қилмоқда — DW

Йирик логистика компанияси ўзбекистонликларни нафақат иш билан таъминлаш, балки профессионал ўқитишга ҳам тайёр. Стажёрлик даврида маош 800 еврони ташкил этади.

Фото: Видеодан кадр / DW

Германияда юк машинаси ҳайдовчилари етишмаслиги муаммосини ҳал қилиш учун йирик Papenburg логистика компанияси хориждан, шу жумладан, Ўзбекистондан ходимларни жалб қилишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда DW нашри кўрсатув тайёрлади.

Компания нафақат иш билан таъминлаш, балки Европа стандартлари бўйича ўқитишни ҳам таклиф қилади. Стажёрлар молиявий ёрдам олади. Нашр аллақачон стажировка ўтаётган ўзбекистонлик ёшлардан бири билан суҳбатлашди. Аббосжон Одилов ҳозирда унинг даромади ойига 800 еврони ташкил этишини, бу Ўзбекистондаги ўртача ойлик маошдан анча юқори эканини айтди. У Германияда ишлашнинг қийинчиликларини ҳам таъкидлаб ўтди.

“Пунктуаллик мен учун энг қийини бўлган. Германияда ҳамма жойда, ҳамма нарса ўз вақтида бўлиши керак”, — дейди у.

Papenburg асфалт ва бетон ишлаб чиқариш билан ҳам шуғулланади. Шунинг учун унда барча ресурслар бор, аммо ишчилар етишмайди. Натижада, 2020 йилдан бошлаб компания 60 дан ортиқ ўзбекистонликларни юк машинаси ҳайдовчилиги учун профессионал тарзда ўқитишни ўз зиммасига олди, деб таъкидлади компаниянинг кадрлар бўлими бошлиғи Ангела Папенбург.

“Ўзбекистон аҳолисининг аксарияти ёшлар. Шунинг учун Ўзбекистоннинг бир неча ҳудудларида ишсизлик айнан ёшлар орасида тарқалган. Фикримча, бизнинг вазиятда улар ҳам, биз ҳам ютамиз”, — деди у.

DW нашри Германия ва Ўзбекистон ўртасида миграция келишуви борлиги сабаб, ўзбекистонликларнинг ҳужжатларини расмийлаштириш қийин бўлмаслигини қайд этди.

Компаниянинг келгуси режалари орасида ходимларни Ўзбекистондаёқ ўқитиш ҳам бор. Papenburg ташаббуси ўзбекистонлик ҳайдовчиларга халқаро тажрибани ўзлаштириш, Европанинг етакчи давлатларидан бирида талаб юқори бўлган касбни эгаллаб, ишлаш истиқболларини очади, дейилади хабарда.

Ҳозирги кунда Германияда 70 минг юк машина ҳайдовчилари етишмаяпти. Оқибатда буюртмалар ўз эгаларига етказилмай қоляпти.

Мавзуга оид