Жаҳон | 22:15 / 15.01.2025
5438
2 дақиқада ўқилади

Исроил ва ҲАМАС сулҳ бўйича келишувга эришди

Исроил ҳукумати ва ҲАМАС вакиллари Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш ва асирларни озод этиш бўйича келишувга эришди.

Фото: AP

Axios’нинг ёзишича, томонлар ҳозирча эришилган сулҳ бўйича расмий баёнотни эълон қилмаган. Манбалар қўшма баёнот «яқин вақт ичида» эълон қилинишини билдирган.

CNN телеканалининг исроиллик амалдорларга таяниб маълум қилишича, биринчи босқичда ҲАМАС 33 нафар асирни Исроил қамоқхоналаридаги юзлаб фаластинликларга алмашади. Таъкидланишича, Тел-Авив 2023 йил 7 октябрдан кейин ҳибсга олинган барча аёллар ва вояга етмаганларни босқичма-босқич озод этади. Бу вақт давомида ўт очишни тўхтатиш режими амалда бўлади.

Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги музокаралар 14 январ куни Қатар пойтахти Доҳада бўлиб ўтди. 13 январга ўтар кечаси воситачилар – АҚШ, Қатар ва Миср орқали бир йилдан ортиқ давом этаётган музокараларда «ютуққа» эришилди. Қатар вакили томонларга ўт очишни тўхтатиш ва гаровга олинганларни озод қилиш бўйича келишув матнини топширганди.

Associated Press агентлиги маълумотига кўра, лойиҳа қуйидаги босқичларни ўз ичига олади:

  • 1-босқич — 42 кун мобайнида гаровда ушлаб турилган 33 нафар Исроил фуқаролари озод қилинади. Исроил армияси эса Ғазо ҳудудларидан чиқишни бошлайди.
  • 2-босқич — барча эркаклар озод қилиниб, Исроил ҳарбийлари Ғазодан тўлиқ чиқиб кетади.
  • 3-босқич — гаровда бўлган ва ҳалок бўлган шахсларнинг жасадлари қайтарилади, Ғазони қайта тиклаш режаси ишлаб чиқилади ҳамда янги бошқарув тизими яратилади.

Мавзуга оид