Жаҳон | 07:30
8497
13 дақиқада ўқилади

БАА тараққиёти: асосчи оталар ва уларнинг давомчилари ким?

Бирлашган Араб Амирликлари мустақиллик, федерал ҳамкорлик ва тинч-тотув давлатчиликнинг 54-йилига қадам қўйди. Бу даврда эришилган оламшумул ютуқлар нефт омилидан ташқари, аввало самарали бошқарувнинг меваси бўлди. Хўш, бу бошқарувчилар ким? Ушбу мақолада БАА президентлари ва бош вазирлари – Абу Даби ва Дубай амирлари ҳақида ҳикоя қилинади.

Коллаж: Kun.uz

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев уч кунлик амалий ташриф билан Бирлашган Араб Амирликларида бўлиб қайтди. Нуфузли халқаро тадбирлар ва юқори даражадаги халқаро учрашувлар ўтказиш учун аллақачон дунёдаги энг мақбул локациялардан бирига айланган Абу Даби навбатдаги нуфузли тадбирда ўз меҳмонларини қабул қилди.

БААнинг глобал рақобатбардошлик кўрсаткичларидаги юқори рейтинглари, унинг кенг қамровли ривожланиш стратегияси, инновацион давлат бошқарув тизими, хизматлар ва қулайликларни тақдим этишдаги мукаммаллиги ҳамда глобал инвесторлар, ижодкорлар ва истеъдодларни жалб қилишдаги самарадорлиги яна бир бор намойиш қилинмоқда.

БАА яшаш ва ишлаш учун энг мақбул жой сифатида араб ва Кўрфаз ҳамкорлик кенгаши давлатлари орасида етакчилик қиляпти. US News & World Report ўтказган сўровда, БАА ҳаёт сифати, кўнгилочар тадбирлар, меҳнат бозори ва даромад даражаси бўйича минтақада биринчи ва жаҳон миқёсида 33-ўринни эгаллаган.

Мазкур мақолада бирлашган амирликларнинг шу сингари ажойиб натижалари ва тараққиёт йўлининг дастлабки босқичларида пессимистларнинг умидсиз башоратлари асоссиз эканини исботлаб қўйган етакчилар ҳақида ҳикоя қилинади.

Шайх Зоид бин Султон Ол Наҳаён – замонавий амирлик асосчиси

150 йиллик ҳукмронликдан сўнг, 1968 йилда Буюк Британия Форс кўрфазидан чиқиб кетишини эълон қилди. Бу ҳолат маҳаллий ҳукмдорларни сиёсий бўшлиқ ҳолатига юзлантирган бир вақтда, Шайх Зоид бин Султон Ол Наҳаён (1918-2004) етакчиликни қўлган олди ва Дубай амири Шайх Рашид бин Саид Ол Мактум билан биргаликда кучли давлат барпо қилишга киришиб, қолганларни ҳам бунга ишонтира олди.

1971 йил 2 декабрга келиб, расмий равишда БААни ташкил этишда етти амирлик Шайх Зоидга эргашди. “Иттифоққа бўлган ишончимиз араб ва исломий меросимиздан келиб чиқади”, – деган эди Шайх Зоид иттифоқ заруриятини таъкидлаб. Шу тариқа, у имконсиздек кўринган ишни уддалади ва келажакда глобал давлат мақомини оладиган янги давлатнинг асосчиси бўлди.

Маълумки, “БАА мўъжизаси” асосида қора олтин – нефт ётади. Лекин ҳамма фақат гап бунда эмас. Нефт ва газ сингари қимматбаҳо бойликларга эга давлатлар оз эмас ва уларнинг ҳаммаси ҳам бу бойликлардан фойдаланиб ўз мўъжизаларини яратолгани йўқ. Шайх Зоид нефт билан нима қилиш мумкинлигини ва унинг охири ҳам борлигини яхши биларди. Шунинг учун у бутун фаолиятида нефтдан самарали, оқилона, адолат билан фойдаланиш ҳаракатида бўлди.

“Худо халқимизга ато этган нефт бойлиги ватандошларимиз ҳаётини яхшилаш ва миллатимиз келажагини юксалтириш учун хизмат қилиши лозим... Худонинг марҳаматига сазовор бўлиш учун, энг аввало, бу бойликни мамлакатимизни обод қилиш, халқимизга фаровонлик ва юқори турмуш даражасини таъминлаш йўлида оқилона сарфлашимиз керак”, – деганди у.

Шайх Зоид араб-ислом анъаналари негизида фаровонлик, адолат ва қадр-қимматга асосланган янги жамият қуришни мақсад қилган, миллий бойликни адолатли тақсимлашни ўз бурчи деб билган. Шу боисдан, ўзининг машҳур ҳикматига амал қилди:

“Агар бойлик халқ фаровонлиги ва ривожига хизмат қилмаса, у ҳеч қандай қийматга эга эмас”.

БАА таъсис қилинган вақтда хорижий кузатувчилар амирликларнинг қўшнилари билан (хусусан Эрон) келишмовчиликлари ва ҳатто ичкарида, амирликлар ўртасида ҳам ҳали мавжуд бўлган тафовутларга ишора қилиб, қийинчилик ва бошбошдоқлик рўй беришини башорат қилган эди. Шайх Зоид эса кўпроқ оптимист эди ва ўша дастлабки пессимистларнинг башоратлари асоссиз эканини исботлади. Бугунги кунда БААни тавсифловчи фаровонлик, тотувлик ва замонавийлик каби таърифлар – асосчиларнинг узоқни кўзлаган қарашлари ва қатъияти туфайли эканига шубҳа йўқ.

Шайх Халифа бин Зоид Ол Наҳаён – иккинчи президент

БАА – сулолавий бошқарувдаги мамлакат. 7 та амирликнинг ҳар бирини алоҳида ҳукмдорлик оиласи бошқаради. Мамлакатга асос солинган 1971 йилдан буён давом этиб келаётган анъанага кўра, Абу Даби амири мамлакат президенти ва қуролли кучлар бош қўмондони, Дубай амири эса вице-президент ва бош вазир бўлади. Амирлар вафот этганида, уларнинг ўғли ёки яқин эркак қариндоши тахтга ўтиради.

Шунга кўра, Шайх Зоид 1971 йилдан то вафотига қадар, 2004 йилгача БАА президенти ва Абу Даби амири бўлиб қолди. Амалда эса 1990-йилларнинг охиридан – давлат раҳбарининг соғлиги ёмонлаша бошлаган пайтдан бошлаб, тўнғич ўғли Шайх Халифа унинг ислоҳотларини давом эттирди.

“Ҳар қандай илғор давлатнинг асл бойлиги – унинг халқидир, айниқса, билимдонлари. Халқнинг фаровонлиги ва муваффақияти уларнинг билим даражаси билан ўлчанади”, – деган иккинчи президент ўз фаолиятида инсон капиталини ривожлантиришга асосий урғу қаратди.

Шайх Халифа амирликларда ҳаёт сифатини яхшилаш, мамлакатнинг энг юқори натижалар ва тараққиёт мақсадларига эришиш мақсадида бир қанча ташаббус ва қарорлар қабул қилдики, провардида бу қарорлар БААни глобал иқтисодиётнинг минтақавий марказига айлантирди.

У мамлакат иқтисодини нефтга қарамликдан олиб чиқиш йўлидаги муқобил манба сифатида фан, технология ва инновацияларнинг аҳамиятини яхши тушунган. Шу мақсадда 2015 йилни инновациялар, 2016 йилни эса китобхонлик йили деб эълон қилган, шу орқали миллий кадрларни шакллантиришга қаратилган саъй-ҳаракатларни кучайтиришни мақсад қилган эди.

“Инсон капитали – бу мамлакатнинг ҳақиқий бойлиги, нефтдан олдин ҳам, кейин ҳам шундай бўлади. Ватандошлар манфаатига хизмат қилиш – биз ҳар куни интиладиган мақсад. Инсон ресурсларини шакллантириш ижтимоий ва иқтисодий ривожланишнинг марказий қисмидир”, – деган эди Шайх Халифа.

Иккинчи президент бошқарувининг яна бир ютуғи – у мамлакатга ишлаш учун келган хорижлик ишчиларга муносиб меҳнат шароити ва турмуш тарзини ваъда қилиб, уларни ягона мақсад – БАА тараққиёти йўлида бирлаштирди. У мамлакатдаги ишчи кучининг 85 фоизи хорижликлар эканини назарда тутиб, шундай деганди:

“Тирикчилик Аллоҳдан, пул Аллоҳники, ер Аллоҳники, иноят Аллоҳникидир, биз ҳаммамиз Аллоҳникимиз. Яратганга ишонган киши ҳеч қачон мағлуб бўлмайди ва бизга келганлар, хуш келибсиз”.

Шайх Халифа федерал ҳукуматни ҳам, Абу-Даби ҳукуматининг ҳам йирик қайта қурилишига раислик қилди. Шайх Халифа амирликлар эҳтиёжларини ўрганиш учун БАА бўйлаб кенг саёҳатлар уюштириб, уй-жой, таълим ва ижтимоий хизматлар билан боғлиқ қатор лойиҳаларни амалга ошириш бўйича кўрсатмалар берди. Унинг бошқарув йилларида БАА иқтисодиёти мисли кўрилмаган даражада ўсди, Яқин Шарқнинг сайёҳлик, савдо ва молиявий марказига айланди.

Шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён – учинчи президент

Шайх Халифанинг вафотидан сўнг, 2022 йилда БАА президенти ва Абу Даби амири ваколатлари мамлакат асосчисининг учинчи ўғли Шайх Муҳаммадга ўтди.

Шайх Муҳаммад – ҳарбий. У Англиянинг Сандҳерст шаҳридаги қироллик ҳарбий академиясини тамомлаб, сўнг БАА Қуролли Кучларида хизмат қилган, 2005 йилда генерал унвонини олган. 2004 йилдан бошлаб БАА Қуролли Кучлари Бош қўмондонининг ўринбосари лавозимида бўлган. У амирликлар хавфсизлигига бевосита раҳбарлик қилган ва қилаётган давр дунёда террорчилик ҳужумлари авж олган, Яқин Шарқда турли радикал гуруҳлар фаоллашган вақтга тўғри келади. Шунга қарамай, БАА жаҳоннинг энг тинч мамлакатлари рейтингларида доимий равишда энг юқори ўринларни эгаллаб келмоқда.

Амалдаги президент отаси ва акасининг изидан бориб, мамлакатни янада жипслаштиришга ҳаракат қилмоқда. Иқтисодиётда асосий эътибор – узоқ истиқболда нефтга қарамликни тугатиш учун иқтисодиётни диверсификация қилиш, Норвегия модели каби стратегияларни жиддий татбиқ қилишга қаратилмоқда.

Шайх Рашид бин Саид Ол Мактум – Дубай пойдеворини қурган ҳукмдор

Шайх Рашид 1958 йилдан 1990 йилгача (вафотига қадар) Дубай ҳукмдори бўлган. У, шунингдек, 1971 йилдан умрининг охиригача БАА вице-президенти ва бош вазири эди. Шайх Рашиднинг бошқаруви даврида Дубай Яқин Шарқдаги энг муҳим логистик нуқтага айланди, жаҳон молиявий ва бизнес харитасидан мустаҳкам жой олди.

1970 йилларнинг бошларида Шайх Рашид Дубай амирлигида улкан шаҳар, денгиз порти ва аэропортлар бўлишини аниқ тасаввур қилган. Унинг қарашларига кўра, Дубай инфратузилмасини режалаштириш аҳолининг тезкор эҳтиёжларига жавоб беришга қаратилмаслиги, балки шаҳарнинг келажакдаги ривожланиши ҳақидаги улкан ғоялар билан чамбарчас боғлиқ бўлиши керак эди ва у буни амалга ошира олди.

1985 йилда Шайх Рашид БАА ва минтақадаги биринчи эркин иқтисодий зона – Жебел Алини очди. Йиллар ўтиб, бу зона рақобатдош эркин ҳудудлар учун намунага айланиб, БААнинг асосий даромад манбаларидан бўлган логистика секторининг асосини ташкил этди. Дубай ҳукмдори фидойи ва меҳнатсевар амалдорларни рағбатлантириши уларни илҳомлантирган, Дубай муваффақиятининг калити бўлган ўзига хос ривожланишга замин яратган.

Шайх Мактум бин Рашид Ол Мактум — “савдогар шаҳзода”

Шайх Мактум бин Рашид Ол Мактум 1990–2006 йилларда Дубайни бошқариб, уни Яқин Шарқнинг биринчи рақамли савдо марказига айлантирди. Унинг бошқарув фалсафаси асосида “савдо ва сиёсат алоҳида дунёларда яшаши керак” деган ғоя ётар эди.

Форс кўрфазида нефт топилишидан анча олдин Дубай Арабистон ва Ҳиндистон яримороли ўртасидаги стратегик йўналишда жойлашган, ривожланган савдо маркази эди. У нефт ва газга эмас, айнан мазкур қулай жойлашувга урғу берган. Моҳиятан, бу омил бугунги кунда Дубайнинг асосий роли бўлиб қолмоқда.

Дубай ўзининг муҳим ролини йўқотмаслигини таъминлаш учун Шайх Рашид ҳам, Шайх Мактум ҳам икки шарт ҳар доим бажарилишига интилди. Биринчиси, Дубай у ерда савдо қилмоқчи бўлган барчага ўз эшикларини очиши ва уларни барча зарур қулайликлар билан таъминлаши шарт. Иккинчидан, сиёсатнинг савдога аралашувига йўл қўймаслик керак.

Улар буни уддалади ва мазкур фалсафа Дубай тараққиётининг асосий икки устуни бўлиб келмоқда.

Шайх Муҳаммад бин Рашид Ол Мактум – Дубайнинг амалдаги ҳукмдори

Шайх Муҳаммад бин Рашиднинг Дубай амири, БАА вице-президенти ва бош вазири сифатидаги фаолияти 2006 йил 4 январдан бошланган. У 2007 йилда БАА бўйлаб барқарор ривожланишга эришиш, федерал ресурслардан янада самарали фойдаланиш, федерал тузилмалар бўйича ҳисобдорлик ва шаффофликни таъминлашга қаратилган БАА ҳукумати стратегиясини эълон қилди.

2010 йилда БАА ҳукумати “Vision 2021” дастурини ишга туширди. Бу дастур БААнинг 2021 йилгача бўлган ривожланишининг кейинги босқичини белгилаб, 2021 йилда иттифоқнинг олтин юбилейи – мустақилликнинг 50 йиллиги пайтига БААни дунёнинг энг яхши мамлакатлари қаторига киритишни мақсад қилган эди ва у бунга эришди.

Келгуси марра – БАА ташкил топганига 100 йил тўладиган 2071 йил учун ҳам режалар ишлаб чиқилган. Келажакка сармоя киритиш мақсадида, Муҳаммад бин Рашид 2021 йилдан кейинги 50 йилга мўлжалланган “БААнинг юз йиллиги – 2071”ни эълон қилди. Бу режа амирликларнинг нуфузи ва юмшоқ кучини мустаҳкамлаш чораларини қамраб олади.

Шайх Муҳаммад бин Рашид ўз бошқарув тамойилларини “Менинг ҳикоям” номли китобида баён қилган. Бу тамойиллар мамлакатда “Ўнта амр” деб аталади. Улар қуйидагилар:

1. Одамларга хизмат қилинг!
2. Креслога сиғинманг!
3. Режа тузинг!
4. Ўзингизни кузатиб боринг!
5. Иш жамоангизни тузинг!
6. Янгилик киритинг ёки чекининг!
7. Мулоқот қилинг!
8. Ҳар доим рақобат бор!
9. Лидерларни яратинг!
10. Ҳаётни ўзгартиринг!

Ажойиб нотиқ ва беназир шоир Шайх Муҳаммад бин Рашиднинг илҳомлантирувчи афоризмлари ҳам мамлакат ёшлари орасида машҳур. Масалан:

  • “Бизнинг нигоҳимиз ўткир, мақсадларимиз аниқ, ресурсларимиз улкан, иродамиз кучли ва олдиндаги қийинчиликларга қарши туришга тайёрмиз”.
  • “Дубай иқтисодиётининг асоси – нефт эмас, савдо”.
  • “Мен хато қиладиган одамларга муросали бўлишим мумкин, лекин умуман ҳаракат қилмайдиганларга – асло”.

Дубай бошқарувчиларининг сиёсий фалсафасига кўра, янги авлод аждодлари чеккан азоблардан хабардор бўлиши керак. Бу хабардорлик ота-боболар бошлаган қурилиш ва тараққиёт достонини ниҳоясига етказиш учун уларга ғайрат ва қатъият беради.

Улар ютуқлар ва ҳиссалар ҳақидаги бу қиссаларга ўнлаб йиллик тартибсизлик, қолоқлик ва маҳрумликдан кейинги миллий орзу-ниятларнинг тимсоли деб қарайди.

Шавкат Икромов,
Тошкент давлат шарқшунослик университети доценти

Мавзуга оид