Иқтисодиёт | 15:02
827
1 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Эрон гуруч ва цитрус меваларни биргаликда етиштириши мумкин

Ўзбекистон элчиси Фариддин Насриев Эроннинг Мозандарон устонига ташрифи доирасида мазкур ҳудуднинг Савдо-саноат, кончилик ва қишлоқ хўжалиги палатаси раиси Али Тақийпур ҳамда йирик тадбиркорлари билан учрашув ва бизнес-форум ўтказди.

Фото: "Дунё" АА

Учрашув давомида Ўзбекистон ва Эрон ўртасида ўзаро савдо ҳажмини ошириш ҳамда инвестицияларни жалб қилиш масалалари муҳокама қилинди.

Али Тақийпур Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев томонидан тадбиркорларга яратиб берилаётган имтиёзлар, хусусан, айрим товарлар учун божхона божининг нол ставкалари муддати узайтирилгани учун миннатдорчилик изҳор қилди.

Форум давомида Мозандарон ишбилармон доира вакиллари қишлоқ хўжалиги технологиялари соҳасида гуруч ва цитрус меваларни етиштириш, экспортга тайёрлаш борасида Ўзбекистон билан ҳамкорликни йўлга қўйишга ҳамда ўз тажрибаси билан бўлишишга тайёрликларини билдиришди.

Музокаралар натижасида Мозандарон устони Савдо-саноат, кончилик ва қишлоқ хўжалиги палатаси раиси Али Тақийпур ва ҳудуднинг йирик тадбиркорларидан иборат бизнес делегациянинг 2025 йил 15-19 январ кунлари мамлакатга ташрифи масаласи ишлаб чиқилди.

Мавзуга оид