Жаҳон | 15:20
2959
4 дақиқада ўқилади

Россия элчиси Киселевнинг гапи туфайли Арманистон ТИВга чақирилди

Сергей Копиркин «Вести недели» телекўрсатувида «Арманистон Республикаси суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига қарши сунъий равишда яратилган нарративлар» мавжудлиги туфайли Арманистон Ташқи ишлар вазирлигига чақирилган.

Фото: Sputnik / Aram Nersesyan

Россиянинг Еревандаги элчиси Сергей Копиркин 15 январ, чоршанба куни Арманистон ташқи ишлар вазирлигига чақирилди. Бунинг сабаби, Еревандаги ТИВ хабарига кўра, 12 январ куни ВГТРК телекомпаниясининг «Вести недели» дастурида эълон қилинган «Арманистон Республикаси суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига қарши сунъий равишда яратилган нарративлар»дир.

Бошқа нарсалар қаторида, бу дастурда Арманистон-Озарбойжон муносабатларига бағишланган сюжет бор эди. Унда бошловчи, ВГТРК бош директорининг ўринбосари Дмитрий Киселев Арманистон бош вазири Никол Пашинян «уч томонлама келишув бўйича ўз мажбуриятларини ҳам, (Озарбойжон президенти) Илҳом Алиевнинг Зангезур коридорини очиш ҳақидаги қатъий талабини ҳам бутунлай эътиборсиз» қолдирганини таъкидлади. Бунинг ўрнига Пашинян ўзининг «Тинчлик чорраҳаси» лойиҳасини таклиф қилди, Киселевнинг сўзларига кўра, бу «оғир тоғли релеф ва оғир иқлим шароити орқали йўллар қуриш зарурати туфайли Озарбойжон учун номақбулдир».

Бундан ташқари, Дмитрий Киселев Арманистон Европа Иттифоқига кириш жараёнини бошлаганини эслатди. Унинг таъкидлашича, республика Россия газини имтиёзли нархда олган, аммо Евросиё иқтисодий иттифоқидан чиққанидан кейин «бундай иссиқхона шароитларини йўқотади». Киселевнинг сўзларига кўра, Пашинян «Россия билан муносабатларни қисқартириш бўйича ўз чизиғини илгари сурмоқда» ва «барча умидни Франция президенти Эммануэл Maкрoнга боғламоқда». Арманистон гўёки «Франциядан катта миқдордаги қурол-яроғ олиб, аниқ янги урушга тайёрланмоқда», деди телебошловчи.

Киселевнинг бу баёнотларидан қайси бири Арманистон Ташқи ишлар вазирлигининг салбий муносабатига сабаб бўлгани номаълум.

АҚШ ва Арманистон стратегик ҳамкорлик тўғрисида келишиб олди

14 январ куни АҚШ Давлат департаменти биносида АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен ва Арманистон ташқи ишлар вазири Арарат Мирзоян ўз мамлакатлари ўртасидаги стратегик шериклик тўғрисидаги низомни имзоладилар. Ушбу ҳужжат тўртта асосий йўналиш бўйича икки томонлама ҳамкорликни кенгайтиришга асос солади. Ҳамкорлик иқтисодиёт, хавфсизлик ва мудофаа, демократик ислоҳотлар, шунингдек, икки давлат фуқаролари ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш орқали ривожланади, деди Блинкен имзолаш маросимида. Илмий-техник ҳамкорликка, жумладан, тинч ядровий соҳада ҳамкорлик қилиш имкониятларини очиб берувчи «123 келишув» бўйича бўлажак музокараларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Арманистон хавфсизлигини мустаҳкамлаш доирасида жорий йилнинг феврал ойида божхона ва чегара хизматлари соҳасидаги америкалик мутахассислар ташриф буюради. Ҳарбий ҳамкорлик «Бургут ҳамкор» қўшма машғулотлари орқали давом этади. Бундан ташқари, Ереван халқаро аксилтеррор коалициясига қўшилиб, унинг 88-аъзосига айланади.

Арарат Мирзоян, ўз навбатида, стратегик шериклик даражасига чиқишни умумий қадриятлар ва манфаатларга асосланган муносабатларнинг табиий ривожланиши деб атади. У, айниқса, Вашингтоннинг Арманистон суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлаши муҳимлигини таъкидлади. Ўз навбатида, Энтони Блинкен Вашингтон ва Ереван ўртасидаги муносабатларнинг янги формати бутун Жанубий Кавказда барқарорликка ҳисса қўшишига ишонч билдирди.

Мавзуга оид