Жаҳон | 18:42 / 23.08.2016
5602
2 дақиқада ўқилади

Миср Туркия билан муносабатларини тиклаш шартларини билдирди

Миср-турк муносабатларининг нормаллашуви расмий Анқаранинг бир неча шартларни бажариши, хусусан Миср халқининг танловини ҳурмат қилиш ҳамда бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик қоидасига риоя этишига боғлиқ, деган фикрни илгари сурган Миср араб республикаси ТИВ расмий вакили Аҳмад Абу Зайд. 

Дипломатнинг сўзларига кўра, Қоҳира маъмурияти Туркиянинг қарашида ижобий силжишлар кўзга ташланганини сезса, "муносабатларни яхшилашга тайёр бўлади".

Шу билан бирга, Абу Зайд Туркия ҳукуматининг сиёсий қарама-қаршиликка эътибор бермаган ҳолда иқтисодий алоқаларни ривожлантириш хусусидаги таклифига розилик билдирмаган. 

"Давлатлараро муносабатларни алоҳида таркибларга ажратиш мумкин эмас. Улар маълум бир асосга барпо этилади. Ўша асослар нақадар мустаҳкам бўлса, иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий соҳалардаги ҳамкорлик икки мамлакат манфаатларига хизмат қилади", — деб таъкидлаган Абу Зайд. 

Мисрлик дипломатнинг айтишича, гарчи Туркиянинг ҳозирги раҳбарияти билан келишмовчиликлар мавжуд бўлса-да, "Мисрнинг турк халқи билан алоқаларида ҳеч қандай муаммо мавжуд эмас".


 

Мавзуга оид