Спорт | 14:27 / 03.12.2016
6165
10 дақиқада ўқилади

Гвардиола Контега қарши, Лондон дербиси ва АПЛнинг бошқа учрашувлари анонси

3 декабрь куни Англия премьер-лигасининг 14-тур учрашувларига старт берилади. Tribuna.Uz шанба куни бўлиб ўтадиган 7та учрашувнинг анонсини эътиборингизга ҳавола этади.

МАНЧЕСТЕР СИТИ — ЧЕЛСИ 17:30 (UzReport, Матч! Футбол 1)

Мазкур жамоаларнинг ўтган йилги «Этиҳад»даги учрашувида «Манчестер Сити» 3:0 ҳисобида ишончли ғалабани қўлга киритган. Ўша пайтда «Челси»даги атмосфера жуда ёмон ҳолатда эди. Жозе Моуриньо ва клуб шифокори Ева Карнейро ўртасидаги можаролар, кейин футболчилар билан мураббий ўртасида юзага келган муаммолар...

Орадан бир йилдан кўпроқ вақт ўтиб иккала жамоада ҳам кескин ўзгаришлар кузатилди. Иккала жамоада ҳам мураббий алмашди. Муҳит бутунлай бошқа ҳолатга кирди. Олдингисидан фарқли равишда «Челси» ўзининг сўнгги 10 йилликдаги энг яхши спорт формасига кириб улгурди. Шу жиҳатларни ҳисобга олганда бизни олдинда супертўқнашув кутиб турганига ишонишимиз мумкин.

Шанба кунги учрашувда Хосеп Гвардиола учун ҳам, Антонио Конте учун ҳам ғалаба қозониш жуда муҳим. Чунки бу учрашувдаги ғалаба жамоаларнинг чемпионлик амбицияси қанчалик жиддий эканини кўрсатиб беради.

«Челси»нинг «Этиҳад»га сафарлари тарихини титкиласак, жамоа учун бу стадион жуда ноқулай эканини кўришимиз мумкин. Барча мусобақаларни қўшиб ҳисоблаганда «кўклар» Манчестерда ўтказган сўнгги саккиз учрашувнинг 6тасида мағлубиятга учрашган. Фақат бир марта ғалаба қозонган.

«Сити» ҳамон сардор Венсан Компани хизматидан фойдалана олмайди, аммо узоқ вақт жароҳатлардан азият чеккан Фабин Дельф човида юзага келган муаммолардан халос бўлган ва бу учрашувда қисқа вақтга бўлсада туша олиши мумкин.

Сўнгги олти учрашувдан буён бошланғич таркибда ҳеч қандай  ўзгариш қилмаётган «Челси» энг муҳим ўйин олдидан ҳам ўзгариш қилишига ишониш қийин. Ҳозирча фақат Жон Терри жамоа лазаретида қолмоқда.

 

ВЕСТ БРОМВИЧ — УОТФОРД 20:00

Бу учрашувга «Вест Бромвич» устози Тони Пьюлис унчалик яхши бўлмаган кайфиятда етиб келмоқда — бир ҳафта муқаддам суд унга собиқ жамоаси «Кристал Пэлас»га 3.7 миллион фунт миқдорида товон пули тўлаши кераклиги бўйича қарор чиқарди. Аммо бу турнир жадвалининг юқори қисмида ўрнини сақлаб қолишга ҳаракат қилаётган Тони ва унинг жамоасига таъсир ўтказмаслиги керак. Қанчалик ғалати эшитилмасин, «Уотфорд» ҳам ҳозирча АПЛ топ-10лигида бормоқда — ҳаттоки Маццари шогирдлари «Бромвич»дан олдинроқда жойлашган. Шундай экан бу учрашувда аутсайдер дейиш мумкин бўлган жамоа йўқ. Чемпионат доирасида «Вест Бромвич» ўз уйидаги сўнгги саккизта учрашувда «Уотфорд»дан фақат бир мартагина мағлубиятга учраган.

Мезбонлар таркибида асосий ҳужумчи Соломон Рондон майдонга туша олмайди. Шунингдек, Боаз Майхилл ва Саидо Берахино ҳам турли сабаблар билан бу учрашувни ўтказиб юборишга мажбур.

«Уотфорд»да эса бир қатор футболчиларнинг жароҳат олгани уларнинг бу учрашувда қатнашишини сўроқ остида қолдирмоқда. Юнус Қобул, Бен Уотсон ва Исаак Саксессда шу каби муаммолар бор. Мигель Бритос ва Валон Беҳрами эса дисквалификация туфайли бу учрашувни аниқ ўтказиб юборишади.

 

ТОТТЕНҲЭМ — СУОНСИ 20:00 (Матч! Футбол 1)

Ўтган ҳафтада «Тоттенҳэм» премьер-лиганинг бу мавсумидаги илк мағлубиятини тан олишга мажбур бўлди. «Суонси» эса янги бош мураббий Боб Брэдли бошчилигида илк ғалабасини (ғалаба бўлганда ҳам қандай ғалаба!) тантана қилди. Ҳозирги вақтга келиб «шпорлар» Чемпионлар лигаси учун йўлланма берадиган ўриндан тўрт очко ортда қолмоқда. Энди жамоанинг бу фарқни янада ошиб кетишига йўл қўйишга ҳаққи йўқ. Премьер-Лига доирасидаги барча учрашувларни қўшиб ҳисоблаганда «Тоттенҳэм» ҳали бирор марта ҳам «Суонси»га имкониятни бой бермаган — 8 ғалаба, икки дуранг.

«Тоттенҳэм» марказий ҳимоясининг етакчиси Тоби Алдервейрелд ниҳоят тиззасидан олган жароҳатидан қутулди. Данни Роуз дисквалификациядан сўнг сафга қайтди. Бен Дэвис ва Эрик Ламела эса ҳозирча жароҳатини даволаш билан банд.

«Суонси» сардори Леон Бриттон сонидан олган жароҳатидан тузалиб ўйинга шай бўлиб турибди. Ки Сунг Ёнг эса қўлини синдириб олгани сабаб бу учрашувда жамоасига ёрдам бера олмайди.

 

САНДЕРЛЕНД — ЛЕСТЕР 20:00

Кетма-кет қозонилган ғалабадан кейин «Сандерленд» шуни кўрсатдики, уларни ҳисобдан чиқаришга ҳали эрта экан. Аммо «Ливерпуль»га қарши учрашувдаги 0:2 ҳисобидаги мағлубият жамоани яна турнир жадвалининг энг пастки поғонасига равона қилди. Аммо «Лестер»да ҳам ҳаммаси жойида эмас. Жамоа бугунги рақибидан фақат беш очкога олдинда бормоқда. Иккала жамоанинг Премьер-Лига доирасидаги сўнгги 9 учрашувини ҳисобласак, «Лестер» фақат бир мартагина мағлубиятга учраган. Олти учрашувда ҳаттоки ўз дарвозасидан тўп ҳам ўтказиб юбормаган.

«Сандерленд» ҳимоячиси Пап Жилободжи дисквалификациядан сўнг яна майдонга туша олиши мумкин. Линден Гуч жароҳати сабаб бу учрашувда иштирок эта олмайди, аммо Ян Кирҳофф тўлиқ соғайиб жамоасига ёрдам беришга тайёр бўлиб турибди.

«Лестер» яримҳимоячиси Нампалис Менди учун бу август ойидан буён илк учрашув бўлиши мумкин. Шунингдек Бен Чилуэлл ҳам жароҳатидан фориғ бўлган. Данни Дринкуотер эса ҳамон дисквалификация муддатини ўтамоқда.

 

СТОК СИТИ — БЁРНЛИ 20:00

Мавсумни жуда ёмон бошлаган «Сток»да барчаси изига тушиб бормоқда. Ўтган ҳафтада «Уотфорд» устидан қозонилган ғалабадан кейин Марк Ҳьюз жамоаси турнир жадвалининг 11-ўрнига кўтарилиб олди. Шанба куни жамоада турнир жадвалидаги ўринини янада мустҳкамлаб олиш имконияти мавжуд. Сабаби «Бёрнли» ҳамон меҳмондаги учрашувларни даҳшатли даражада муваффақиятсиз ўтказмоқда. «МЮ»га қарши учрашувни ҳисобга олмаса, жамоа меҳмондаги сўнгги 4та ўйинда фақат йирик ҳисобларда имкониятни бой берди. Аммо бошқа тарафдан жамоа «Сток»ка қарши АПЛ доирасидаги сўнгги уч учрашувда бирор марта ҳам мағлубиятга учрамаган.

«Сток» сардори Райан Шоукросс оёғининг сон қисмидан олган жароҳати сабаб кетма-кет иккинчи учрашувни ўтказиб юбориши мумкин. Яна бир етакчи Жо Аллен эса дисквалификациядан кейин майдонга тушишга шай бўлиб турибди.

«Бёрнли»да мавсум қаҳрамони бўлиб турган дарвозабон Том Ҳитон, шунингдек Дин Марни жароҳатидан қутулиб сафга қайтган, аммо Йохан Берг Гудмундссон ҳамон ўйиндан ташқари ҳолатда қолмоқда.

 

КРИСТАЛ ПЭЛАС — САУТҲЭМПТОН 20:00

Кейинги ҳар бир ўйин «Кристал Пэлас» бош мураббийи Алан Пардью учун сўнггиси бўлиши мумкин. Жамоа сўнгги олти учрашувда фақат мағлубият аламини тотди. «Бургутлар»дан бу кеча бошни кўтариб, ажойиб формада бўлган «Саутҳемптон»га қарши учрашувда очко олишлари талаб этилади. Меҳмонлар шу ҳафтада «Арсенал» устидан қозонилган ишончли ғалаба эвазига сўнгги 30 йилда биринчи марта Англия лига кубогининг ярим финал йўлланмасини қўлга киритди. Икки йил олдин «Саутҳэмптон»нинг «Селҳерст Парк»даги ғалабасида Нил Уорнокнинг ҳиссаси катта бўлганди, бу тарих шанба куни яна такрорланиши мумкин. Жамоаларнинг премьер-лига доирасидаги сўнгги 14 учрашувини оладиган бўлсак, «Пэлас» фақат бир мартагина «Саутҳемптон»дан устун келган.

«Кристал Пэлас» ҳужумчиси Коннор Уикхэм тизза бўғимларидан жиддий жароҳат олган ва бу мавсумда бошқа майдонга туша олмаса керак. Стив Манданда эса тиззасини операция қилдиргач, бир ярим ойгача сафга қайта олмайдиган бўлди. Яримҳимоядаги асосий футболчиларидан бири Йоан Кабай эса дисквалификация қилинган.

Меҳмонларда бу борада муаммо камроқ. Фақатгина бурнини синдириб олган плеймейкер Душан Тадич ҳамон ўйиндан ташқари ҳолатда қолмоқда.

 

ВЕСТ ҲЭМ — АРСЕНАЛ 22:30 (Uzreport, Матч! Футбол 1)

Ҳафтанинг ўртасида иккала Лондон жамоаси ҳам Лига Кубогидан чиқиб кетди: «Вест Ҳэм» «Манчестер Юнайтед»га йирик ҳисобда ютқазди, «Арсенал» эса ўз уйида «Саутҳэмптон»га имкониятни бой берди. «Канонирлар» лазарети кенгайишда давом этаётганига қарамай, биринчи турдан кейин жамоа ҳамон мағлубият нималигини билмай келмоқда. Венгер шогирдлари «болғаурарлар»га  қарши Премьер-Лига доирасидаги сўнгги 11 учрашувдан 9тасида зафар қучган.

«Вест Ҳэм» Диафре Сакога қўшилиб, энди Аарон Крессуэлл ва Мичейл Антониони ҳам йўқотди. Жамоанинг энг асосий қуролларидан бири иккала қанотнинг йўқотилишига қарамай, биргина хурсанд қиладиган хабар ҳам мавжуд. Энди Кэрролл ниҳоят сафга қайтмоқда.

Санти Касорла навбатдаги жароҳатини операция қилдиришга тайёрланмоқда. Мавсумда илк марта майдонга чиқиб, дарҳол лазаретга қайтган Матье Дебюшига у ердан чиқиши учун яна бир ярим ой вақт керак бўлади. Оливье Жирунинг човидаги муаммолари сабаб ўйинда иштирок этиши сўроқ остида қолмоқда. Жароҳати тўлиқ тузалмаган Эктор Бельеринда ҳам вазият худди шундай.

Мавзуга оид