Жамият | 22:14 / 04.12.2016
8158
4 дақиқада ўқилади

Халқаро кузатувчилар Ўзбекистонда ўтган сайлов борасида қандай фикрда?

Ўзбекистонда 4 декабрь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотларнинг 500 дан ортиқ вакили кузатувчи сифатида иштирок этди. ЎзА мухбирлари уларнинг айримлари билан суҳбатда бўлди.

Игорь Чамов, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси миссияси вакили:
– Ўзбекистон Президенти сайловини кузатиш учун келган халқаро кузатувчилар қаторида ташкилотимиз вакиллари ҳам Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови жараёни билан яқиндан танишди. Сайловда халқингизнинг бирдамлиги, ҳамжиҳатлиги ва сиёсий фаоллигига яна бир бор амин бўлдик. Мамлакатингизга илк бор келиб, бу тарихий воқеада кузатувчи бўлиб қатнашаётганимдан хурсандман.

Масанори Аикё, Аичи Миллий университети президенти (Япония):
– 14-Тошкент сайлов округида ва бир нечта сайлов участкасида бўлиб, аҳолининг овоз бериш жараёнини кузатдим. Аҳоли сайловга жиддий ёндашаётгани менда яхши таассурот қолдирди. Сайлов очиқ-ошкора, демократик руҳда ўтди. Ўзбекистондаги бу қадар юксалиш диққатга сазовор.

Михаил Козлов, Россия Федерал Мажлиси Федерация кенгашининг Мудофаа ва хавфсизлик қўмитаси аъзоси:
– Бу сайлов ўзбек халқи ўз келажаги, ўз Ватани тараққиёти учун катта ва муҳим қадам қўйганининг амалий ифодаси бўлди. Сайловнинг юксак уюшқоқлик ва фаоллик билан ўтганида мамлакатдаги тинчлик ва барқарорлик муҳим омил бўлди, деб ҳисоблайман.

Гао Юйшэн, Хитой Халқ Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг махсус элчиси:
– Мен бир қатор сайлов участкаларига бориб, эрта тонгданоқ одамларнинг овоз бериш жараёнида фаол иштирок этганига гувоҳ бўлдим. Ўзбекистондаги сайловлар миллий қонунчилик ҳамда халқаро андозаларга тўла мос тарзда ўтди. Сайлов участкаларида барча тоифадаги сайловчилар, жумладан, алоҳида эҳтиёжли фуқаролар, болали аёллар, кексалар учун қулай шароит яратилгани эътиборга сазовор.

Доминик Тильманс, Бельгия Қироллигининг фахрий сенатори:
– Ўзбекистонга ҳар сафар келганимда улкан ўзгаришлар, ҳайратланарли ривожланишнинг гувоҳи бўламан. Ўзбекистон сайлов тизими такомиллаштирилган. Очиқлик, тенглик ва холислик каби демократик талаблар таъминланган. Мен сайлов жараёнини бевосита кузатдим, демак, ушбу жараёнга тўғри ва холис баҳо бера оламан. Ўзбекистоннинг миллий сайлов қонунчилигига киритилган сўнгги ўзгартириш ва қўшимчалардан хабаримиз бор. Турли миллатлар, имконияти чекланган фуқаролар учун тенг қулайликлар яратилгани – бу демократиянинг ёрқин кўриниши. Сиёсат соҳасида 27 йиллик тажрибага эгаман. Бинобарин, сайлов тизимини яхши тушунаман ва шу нуқтаи назардан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови юқори даражада ташкил этилган, деб ҳисоблайман.

Вента Коцери, Латвия университети академик кутубхонаси директори:
– Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институти ҳамда Тошкент шаҳридаги Инҳа университетидаги сайлов участкаларида овоз бериш жараёнини кузатиб, Ўзбекистон халқи наинки ўтмишга ҳурмат, балки келажакка ҳам юксак ишонч билан қарашига амин бўлдим. Юқори ташкилий тайёргарлик, сайловчилар фаоллиги ҳамда мазкур жараён иштирокчиларининг ҳамжиҳатлиги сайловнинг муваффақиятли ўтишини таъминлади, деб ўйлайман.

Мавзуга оид