Жаҳон | 11:06 / 05.12.2016
9287
3 дақиқада ўқилади

Сноуден Америка суд тизими борасида аччиқ фикрларини билдирди

Фото: EPA

АҚШдаги мавжуд суд тизими икки хил стандартларга асосланган ва юқори синф вакилларига кескин чоралардан қутилиб қолиш имконини беради. Оддий одамларга эса, қонуннинг энг жиддий талаблари асосида ҳукм ўқилади. Америка махсус хизматларининг собиқ ходими Эдвард Сноуден Yahoo News интернет порталига берган интервьюсида шундай фикрни билдирган.

"Қўшма Штатларда икки даражадаги суд тизими мавжуд. Унга кўра, ҳукумат билан жиддий алоқада бўлган инсонлар ёки кўплаб маълумотларни билганлар енгил жазолар билан чекланишади", - деган Сноуден.

У ўз фикрининг исботи сифатида МРБ собиқ директори Дэвид Петрэус билан бўлган воқеани ёдга олган. У ҳозирда янги сайланган президент Дональд Трамп маъмуриятида давлат котиби лавозимига асосий даъвогарлардан бири бўлиб келмоқда. 2012 йили Петрэус махфий маълумотни журналист аёл Пол Бродуэллга топширгани маълум бўлганидан сўнг, истеъфога чиқишга мажбур бўлган эди. 

Yahoo News суҳбатдошининг таъкидлашича, ўшанда МРБ собиқ раҳбарининг Бродуэллга тақдим этган ахборотлари Сноуденнинг журналистларга топширган ҳужжатларига қараганда "анчагина юқори махфийлик даражасига эга бўлган". Бунда, воқеанинг аҳамиятли жиҳати шундаки, Петрэус "бу маълумотларни жамоатчиликка, айни жамоатчилик фойдасини кўзлаб ошкор қилмаган, балки ўз биографи ва маъшуқаси билан" ўз фойдаси учун баҳам кўрган. Сноуденнинг сўзларига кўра, ўша тўплам ҳужжатлар орасида АҚШ ҳарбий дастурларига оид маълумотлар, Петрэуснинг АҚШ президенти билан шахсий суҳбатлари мазмунига доир ахборотлар бўлган. 

Сноуденнинг хотирлашича, МРБнинг собиқ раҳбарига майда қоидабузарлик айби илгари сурилган холос. Петрэус ўз навбатида айбига иқрор бўлган, шундан сўнг, унга икки йиллик шартли жазо тайинланиб, 100 минг доллар миқдоридаги жарима солинди. 

"У ошкор қилган махфий маълумот туридан қатъий назар бир кун ҳам қамоқда ўтиргани йўқ", - деган собиқ махфий хизмат ходими. Эслатиб ўтамиз, Сноуденга АҚШда узоқ муддатли қамоқ жазоси таҳдид солмоқда. 

АҚШ Миллий хавфсизлик агентлигида пудратчи-таҳлилчи бўлиб ишлаган. У 2013 йилда Америка махсус хизматларининг электрон кузатувига оид маълумотларни ошкор қилган эди. Хусусан, хорижий мамлакатлар етакчиларининг телефон орқали мулоқотини ноқонуний тинглаган. АҚШ ҳукуматининг таъқибидан қочган Сноуден 20дан ортиқ мамлакат ҳукуматига сиёсий бошпана сўраб мурожаат қилган эди. Шу мамлакатлардан бири Россия унга 2014 йилда 3 йил муддатга бошпана беришга қарор қилди. Сноуден жосуслик ҳақидаги қонуннинг икки бандини бузганликда гумон қилинмоқда. 

Мавзуга оид