Жамият | 09:58 / 07.02.2017
30420
5 дақиқада ўқилади

Ҳакамлик судлари: низоларни бартараф этишнинг тезкор ва қонуний ечими

Фуқаролик ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқувчи низоларни, шу жумладан, тадбиркорлик субъектлари ўртасида вужудга келувчи хўжалик низоларини ҳакамлик судлари томонидан ҳам ҳал этилаётгани мамлакатимизда бозор муносабатларини янада чуқурлаштириш ва тадбиркорликни ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ҳам бу йўлда қўйилган муҳим қадамлардан бири бўлди.

Мазкур ҳакамлик судлари ўз фаолиятларини холислик, қонунийлик асосида мустақил равишда ҳакамлик муҳокамаси тарафларининг тортишуви ва тенг ҳуқуқлигини таъминлаган ҳолда ҳамда тадбиркорларга кенг имкониятлар яратиш ва уларга ёрдам бериш максадида амалга оширмоқдалар.

Афсуски, ҳакамлик суди орқали низоларни ҳал қилиш имконияти, унинг афзалликлари ҳақида жойларда олиб борилаётган тушунтириш ишлари етарли эмас. Кўпгина ҳуқуқшунослар ва мутахассислар ҳакамлик ҳуқуқи мавжудлигини етарли англаб етмаяпти. Жамоатчилик ҳакамлик судларининг самарали фаолияти ҳақида зарур даражада хабардор қилинмаяпти.

Шу ўринда ҳакамлик судлари ҳақида қисқача маълумот бериб ўтсак. Ҳакамлик суди нодавлат суд тизими бўлиб, унинг асосий вазифаси фуқаролар ва тадбиркорларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишдан иборатдир. 

Ҳакамлик судининг хўжалик судлари ва фуқаролик ишлари бўйича судлардан фарқли жиҳатлари қуйидагиларда ўз аксини топади:

1. Ҳакамлик суди томонидан нафақат хўжалик ишлари балки фуқаролик ишлари ҳам кўриб чиқиб, ҳал этилади.
2. Хўжалик судларида фақат юридик шахсга оид хўжалик низолар, Фуқаролик судларида фақат фуқароларга оид низолар кўриб чиқилади. 
3. Ҳакамлик судлари, жумладан, юридик шахслар ўртасидаги низоларни, фуқаролар ўртасидаги қарз олди-бердисига оид низоларни кўриб чиқади. Фуқаролар ўртасида қарз шартномаси ёзма тилхат бор ёки йўқлигидан қатъи назар ҳакамлик суди низоларни кўриб чиқиб, қонуний қарор қабул қилади. 
4. Ҳакамлик судларида иш тезкорлик билан ҳал этилади (чунки ҳакамлик судида фақат битта инстанция назарда тутилган бўлиб, бошқа судлар каби аппеляция, кассация, назорат инстанциялари мавжуд эмас. Ҳакамлик судининг қарори якуний ҳисобланади).
5. Асосий мақсад тарафларнинг келишувига йўналтирилади ва тарафлар ўртасидаги ҳамкорлик сақлаб қолинади. Биринчи ўринда тарафларни муросага келтириш йўллари изланади, кейинчалик ҳам ҳамкорлик қилишлари учун ораларидаги муносабатлар бузилмаслиги йўлида ҳаракат қилинади. 
6. Ҳакамлик муҳокамасининг махфийлиги қонун билан кафолатланади. Ҳакамлик муҳокамаси ёпиқ мажлисда кўриб чиқилади. Бу тарафлар ўртасида низо мавжудлиги, шунингдек, низонинг бирор бир ўзига хос томонлари ошкора қилинмаслигини, тижорат сирини сақланишини таъминлайди.
7. Ҳакамлик судида фақат суд таркиби ва низолашаётган томонлар қатнашади. Прокурор иштирок этмайди.
8. Томонлар жиноий ва маъмурий жазога тортилмайдилар. 
9. Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори қабул қилинган кундан бошлаб кучга киради.

Шу билан бирга, Хўжалик судлари ва фуқаролик ишлари бўйича судлар ҳакамлик суди аниқлаган ҳолатларни текширишга ёки ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мазмунан қайта кўриб чиқишга хақли эмас. Бундан ташқари, хакамлик судлари йиғим миқдори худди шундай тоифадаги ишларни хўжалик суди ёки фуқаролик ишлари бўйича судда кўриб чиқилганида тўланиши лозим бўлган давлат божининг ярмидан ошмайди.

Шу ўринда эслатиб ўтмоқчимиз, ҳакамлик суди маъмурий, оила ва меҳнат ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқувчи низоларни ҳал этмайди. Масалан, алимент ундириш, бола асраб олиш, ишга тиклаш, никоҳни бекор қилиш каби низолар кўриб чиқилмайди.

Бугунги кунда Ўзбекистоннинг турли вилоятларида ҳакамлик судлари фаолият олиб бормоқда. Ана шундай ҳакамлик судларидан бири Тошкент шаҳри, Чилонзор туманида жойлашган бўлиб, бу ерга мурожаат қилаётган барча фуқароларнинг ҳуқуқлари қонуний томондан кўриб чиқилмоқда ва ижобий ҳал этилмоқда.

Манзил: Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Кичик халқа йўли, 21 “а” уй.
Телефонлар: Қабулхона (факс): 276-56-67, 276-56-53.

Мавзуга оид