Фан-техника | 00:04 / 07.03.2017
7728
3 дақиқада ўқилади

Цукерберг усули: Facebook асосчиси сергап топ-менежерлардан нимаси билан устун?

Яқинда Марк Цукерберг Facebook глобализацияси ва бизнес-модели ҳимоясига очиқ мактуб битди. Олти минг сўздан иборат ушбу мактубида у Facebook'нинг глобал ижтимоий-иқтисодий тизим шароитларида муваффақиятли фаолият юритаётгани фойдасига ишончли фактлар келтирган. Унда ахборот, ишчи кучи, капитал ва маҳсулотлар ўз йўлида минимал тўсиқларга дуч келиши таъкидланган. Harvard Business Review Ҳарвард бизнес-мактабида фаолият юритувчи бизнес бошқаруви доценти Жорж Серафеймнинг шу мавзудаги мақоласи билан бўлишди.

Менинг тадқиқотларим ҳамда ҳамкасбларимнинг изланишлари ўз олдига қандайдир махсус (даромад олишдан бошқа) мақсадларни қўяётган ташкилотлар рақибларидан муваффақиятлироқ ишлаётганини кўрсатмоқда. Цукерберг ўз мактубида компаниясининг мақсадларини айнан шундай белгилади. 

Цукербергнинг мактуби ташкилотнинг мақсадлари ҳақидаги маълумотни тўғри етказа билишга яққол далил бўлиб хизмат қилади. Унинг мурожаатида тўғри ифодаланган фикрлар жуда кўп. Уларнинг орасида ташкилот мақсадини шакллантириш, унга эришиш йўлини белгилаш, бозордаги бўшлиқларни аниқлаш, рақобатдаги устунликни англаб етиш, асосий кўрсаткичларни ўлчаш, ривожланишга интилиш ва ишдаги мукаммаллик, салоҳиятли қийинчиликларни англашни қайд этиш мумкин. 

"Бизнинг Facebook'да бажараётган энг муҳим вазифамиз - кишиларга глобал жамият қуриш имконини берувчи ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш", - деб ёзади Цукерберг. Бундай мақсадга ҳамма ташкилотлар ҳам даъвогарлик қила олмайди.

Марк Цукерберг бошқа раҳбарлардан фарқли ўлароқ, ўз фаолиятини беш устунга қуради: ҳаётий тажриба ва таассуротлар билан алмашиш мақсадида жамиятларни шакллантириш, иштирокчилар хавфсизлигини таъминлаш, ахборот сони ва сифатини ошириш, фуқаролар фаоллигини кучайтириш ва очиқ жамиятлар тузиш.

Бугунги кунда бозордаги бўшлиқларни аниқлаш муҳим аҳамиятга эга. Ҳозирда инсонлар нималарга муҳтож ва компания уларнинг эҳтиёжларини қандай қондирмоқчи? Facebook раҳбари ўз мактубида айнан шу саволларга жавоб беради. 

Раҳбарлар бир саволга жавоб бера билишлари керак: улар ўз олдиларига қўйган мақсадларига эришиш учун тўғри йўлдан боришяптими? Facebook инсонларга инқирозлар ва фавқулодда ҳолатларда ёки улардан кейин қайта тикланишда ёрдам беради. Бундан ташқари тармоқнинг ҳақиқатда гигант кўлами фуқароларнинг фаоллигини оширишга хизмат қила олади. 

Бизнесда ўсишсиз бўлмайди, Цукерберг айтганидек: "Facebook – тинимсиз ривожланиш жараёни ва биз ҳеч қачон ўрганиш ҳамда такомиллашишдан чарчамаймиз".

Компания мақсадларини тўғри баён қилиш - ҳеч қандай маънога эга бўлмаган замонавий сўзлар мажмуасидан кўпроқ аҳамият касб этади. Бу мақсадлар ходимларга шижоат бағишловчи муҳим омил бўлиши мумкин. Фақат улар ишончли бўлиши керак. 

Мавзуга оид